Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
Хусусан, Сурхондарё — Хоразм йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt тўхтатилиб кўздан кечирилганда, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган 67 ёшли фуқаро ҳамда унинг 34 ёшли келинидан 993 грамм гашиш моддаси топилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Тожикистондан келтирилган наркотик моддалар мусодара қилинди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1996 йилда Навоий вилоятида туғилган шахснинг вақтинчалик яшаш манзилидан 1 килограмм 995 грамм героин моддаси, 143 грамм «Мефедрон» ҳамда 3 литр суюқ «Мефедрон» синтетик наркотик, қадоқлаш воситалари, электрон тарози ва бошқа ускуналар олинган.
Шунингдек, мазкур шахс томонидан мижозларга сотиш мақсадида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидаги хуфия жойларга яшириб кетилган олтита закладкалардан жами 1 килограмм 296 грамм «Мефедрон» ҳам олинган.
Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари қозоғистонлик ва тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатимизга етказиб берилган.
Бошқа ҳолатда эса Самарқанд — Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомашина Сирдарё вилоятининг «Сирдарё» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган 45 ёшли шахсга тегишли 1 килограмм 641 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида, у наркотик моддани Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғуллангани учун судланган 45 ёшли фуқародан 10 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида кузатилган ҳолатда, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида истиқомат қилувчи, 64 ёшли шахс Тожикистондан келтирилган 901 грамм опий моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
«Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиб, жазо ўтаган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган», — дейилади хабарда.
ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 35 ёшли шахс бошқарувидаги Lacetti русумли автотранспорт воситаси Кўкдала туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада автомашинанинг орқа ўриндиғи остига Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 265 грамм опий ва 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситалари яшириб қўйилгани аниқланган.
Бу йўналишда ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказиб, Тожикистондан олиб келинган гиёҳвандлик воситаларининг вилоят ҳудудида сотилишига чек қўйган.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1964 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари сотгани учун икки маротаба судланган шахс Урганч шаҳрида ушланиб, унинг қўл сумкасида бўлган 989 грамм опий моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё — Хоразм йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автотранспорт воситаси Тупроққалъа туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Денов туманида яшовчи, 67 ёшли фуқаро ҳамда унинг 34 ёшли келинидан 993 грамм гашиш моддаси олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Мавзуга оид
19:25 / 23.11.2024
Баҳодир Қурбонов ДХХ раиси этиб тайинланди
19:15 / 23.11.2024
ДХХ раиси Абдусалом Азизов лавозимидан ҳайдалди — манба
19:57 / 22.11.2024
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
16:53 / 22.11.2024