Жаҳон | 15:09 / 09.11.2024
3552
2 дақиқада ўқилади

ЕК раҳбари Трампга РФ газини Америка газига алмаштиришни таклиф қилди

АҚШнинг суюлтирилган гази арзонроқ ва Европа Иттифоқига энергия нархини пасайтириш имконини беради, деди фон дер Ляйен. ЕК раҳбари Оқ уйнинг сайланган раҳбари билан суҳбатда Брюссел ва Вашингтоннинг умумий манфаатларига тўхталиб ўтди.

Фото: Stefan Sauer/dpa/picture alliance

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Доналд Трампга Европа бозоридаги Россия суюлтирилган газини Америка газига алмаштиришни таклиф қилди. Еврокомиссия раҳбари 8 ноябр, жума куни Европа ҳали ҳам Россиядан катта ҳажмдаги СТГ олишини билдириб ўтди. DW мухбири фон дер Ляйеннинг сўзларини келтирди: «Нега уни биз учун арзонроқ ва энергия нархини пасайтирадиган Америка СТГ билан алмаштирмаслигимиз керак». 

Еврокомиссия раҳбари журналистлар билан суҳбатда Брюссел ва Вашингтон ўртасидаги «умумий манфаатлар» атрофидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Фон дер Ляйен, унинг сўзларига кўра, бу мавзуни 7 ноябр куни америкалик сиёсатчи билан телефон суҳбатида кўтарган. Унинг фикрича, АҚШдан суюлтирилган газ етказиб беришни кенгайтириш масаласи Европа Иттифоқининг АҚШ билан савдо балансидаги профицити муносабати билан ҳам муҳокама қилиниши мумкин.

Германия канцлери Олаф Шолц ҳам трансатлантик савдо алоқалари муҳимлигига амин. «Қўшма Штатларнинг ўсиши ва қудрати унинг бутун дунё билан ҳар икки йўналишда ҳам савдо қилишига боғлиқ», деди Германия ҳукумати раҳбари Венгриядаги норасмий ЕИ саммитида. «Ўйлайманки, умумий сиёсат ишлаб чиқиш учун асос бор», — дея қўшимча қилди у.

Еврокомиссар: ЕИнинг Россия газига қарамлиги уч баравар пасайди

Европа Иттифоқи энергетика масалалари бўйича комиссари Кадри Симсон сентябр охирида айтганидек, Европа Иттифоқи истеъмол қиладиган барча газнинг атиги 15 фоизини Россиядан олади ва режалаштирилганидек, яқин келажакда ундан бутунлай воз кечишга тайёр. «Россияга қарамлигимиз 2021 йилдаги 45 фоиздан ўтган йили 15 фоизга камайди», — дея тушунтирди у. Октябр ойи охирига келиб, Европа омборларидаги газ захиралари 95 фоизга етди ва қишдан ўтиш учун зарур бўлган даражадан ошиб кетди.

Мавзуга оид