Жамият | 13:10 / 10.11.2024
24574
4 дақиқада ўқилади

“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар

Фарғона вилоятининг газлашмаган ҳудудларида ҳам совуқ кунларга тайёргарлик авжида. Аҳоли ўтин ва кўмир ғамлаш билан овора. Кўмирнинг 1 кг 1 300 сўмдан 2 000 сўмгача сотилмоқда. Ўтин нархи эса дарахт турига қараб хар хил. Марғилонлик Муборакхон Давронова ўтин-кўмирдан пулни тежаш учун йил бўйи ёнғоқ ва писта пўчоқларини қишда печда ёқиш учун йиғади.

Муборакхон Давронова тўплаган пўчоқларини ёқишни бошлади

“Қиш учун бу йил ҳам ўтин-чўп йиға олмадик. Баҳордан бошлаб писта пўчоқ борми, ёнғоқ пўчоқми, данак борми, териб келиб тўплайман. Кучимиз етса, арзонлаштирилган кўмир олиб келиб ёқамиз, бўлмаса йўқ. Оилада 9 жонмиз.

Муборакхон Давронова

Ёнғоқ пўчоқларни ҳам ёндираман. Увол қилгим келмайди. Қиш мавсумига ёқамиз десак оиламиз учун 1,5 тонна кўмир кетади”, – дейди Муборакхон Давронова.

Энди баҳоргача тиним йўқ...

“Қаҳратон қиш яқин. Кунлар совиди дегунча ишим бошланади. Биз яшайдиган ҳудудларга табиий газ етиб келмаган. Аррам билан хонадонма хонадон юриб, маълум ҳақ эвазига одамларга ўтин қилиб бераман.

Холматжон Жўраев

Иложсизликдан аҳоли мевали дарахтларини ҳам кесишга тайёр. Шу билан баҳоргача тиним йўқ”, – дейди ўтин кесувчи Холматжон Жўраев.

Қозоқ кўмири харидоргир...

“Қозоғистон кўмирининг майдароғини 1 700 сўм, йиригини эса 1 900 сўмдан сотяпмиз. Қирғиз кўмирларимиз ҳам бор. Уларнинг ҳам нархи қозоқ кўмири билан бир хил.

Азизбек Ҳакимов

Қозоқ кўмирининг алангаси кучли бўлади, яхши ёнади. Чўғи узоқроқ туради. Шунинг учун бўлса керак, аҳоли асосан қозоқ кўмиридан сотиб оляпти.

Одамлар имкониятига қараб кимдир 500 кг, кимлардир 1 тоннагача кўмир сотиб оляпти”, – дейди кўмир сотувчи Азизбек Ҳакимов.

Отамга ёрдам бераман...

“Ўтин сотиш ишларида отамга ёрдам бераман. Айни кунларда бир Labo ўрик ўтин ҳолатига қараб 550 минг сўмдан 600 минг сўмгача, терак ўтин эса 450 минг сўм сотиляпти.

Муҳаммадаюб Абдусатторов

Ўтинлар хўл-қуруқлигига қараб ҳам нархида фарқланади. Яхши қуриган ўтинларни 600 минг сўмдан сотяпмиз. Ўтинлар асосан бузилган боғлардан олиб келиняпти”, – дейди марғилонлик Муҳаммадаюб Абдусатторов.

6 тоннадан ортиқ кўмир туширдик...

“Қўшниларим билан биргаликда 6 тонна 80 кг кўмир туширдим. Кўмирларни омбордан 309 сўмдан сотиб олдик. Бу ҳар бир оилага 1 тоннадан тўғри келди дегани. Бўлишиб оламиз. Оилада 4 кишимиз. Қиш мавсумига 4 тонна кўмир сотиб олганмиз.

Абдуҳалим Эргашев

4 тонна кўмир билан қишдан эсон-омон чиқиб олишни режа қилиб турибман. Ўтин ҳам сотиб олганман”, – дейди марғилонлик Абдуҳалим Эргашев.

Бир оз тин олган ўтин бозорлари ҳам анча “қимирлаб” қолган.

Риштон тумани марказида бир “перашкавоз” ўрик ўтин айни пайтда ҳолатига қараб 1 млн сўмдан 1 млн 700 минг сўмгача сотиляпти.

Қишда қишлоқликларнинг жонига оро бўладиган бир ЗИЛдаги “опилка” эса 1 млн 600 минг сўмдан сотиляпти.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид