Жаҳон | 20:45 / 10.11.2024
2456
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Жанубий Судандаги сув тошқинлари ярим миллионга яқин одамни бошпанасиз қолдирди

Мамлакат йўлларини сув босиши оқибатида гуманитар ёрдам ишчилари жабрланганларга кўмаклашишда жиддий қийинчиликларга учрамоқда.

Фото: El Tayeb Siddig/Reuters

Жанубий Суданда кенг кўламли сув тошқинлари қарийб 1,4 миллион кишига таъсир кўрсатди. Табиий офат 379 мингдан зиёд фуқарони ўз уйини ташлаб кетишга мажбур қилди, деб хабар беради БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси.

Қайд этилишича, мазкур сув тошқинлари сўнгги йилларда юз берган энг ҳалокатли табиий офатлардан бирига айланган. Йўлларни сув босиши оқибатида гуманитар ёрдам ишчилари жабрланганларга кўмаклашишда жиддий қийинчиликларга учрамоқда.

«Вазият безгак тарқалиши туфайли янада қийинлашмоқда — шундоқ ҳам жабрланган ҳудудлардаги заиф соғлиқни сақлаш тизимига қўшимча юклама тушяпти», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, сув тошқинлари инфратузилмалар бузилишига ва қишлоқ хўжалиги майдонларининг яксон бўлишига олиб келган. Бу эса мамлакатдаги гуманитар инқирозни янада мураккаблаштирмоқда.

Аввалроқ БМТ ёмғирлар бошланиши билан гуманитар ёрдамни етказишнинг имконияти бўлмаётган 15 та асосий йўналишни маълум қилганди — ушбу ҳудудларда тахминан 500 минг фуқаро истиқомат қилади. Буларнинг барчаси Жанубий Суданнинг қўшни давлат билан 18 ойдан бери давом этаётган уруши оқибатлари фонида содир бўлмоқда. Ўтган йилнинг апрелидан бери Жанубий Суданда ярим миллиондан ортиқ қочоқлар қайд этилган.

Мавзуга оид