Жаҳон | 23:38 / 10.11.2024
5342
2 дақиқада ўқилади

Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди

УҚК Ҳаво кучлари қўмондонлигига кўра, 10 ноябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина томон рекорд миқдорда дрон учирган ва уларнинг бир қисми Беларус ҳамда Молдова ҳудудига ўтиб кетган.

Фото: Молдова полицияси

Молдова полицияси 10 ноябр куни мамлакат ҳудудига қулаб тушган иккита учувчисиз учиш аппарати топилганини маълум қилди. 

Қайд этилишича, дронлардан бири Молдова шимоли-ғарбидаги Боросений Ной қишлоғидан топилган. Дрон қулаган жой текширув учун қуршаб олинган. Бир кун олдин эса яна бир учувчисиз учиш аппарати мамлакат жануби-шарқидаги Фарладани қишлоғидан топилганди. 

Дастлабки экспертиза хулосасига кўра, бу Россияда ишлаб чиқарилган, портловчи қурилмага эга бўлмаган «Шаҳед» типидаги дронидир. У РФ қўшинлари томонидан 10 ноябрга ўтар кечаси Украинага уюштирилган ҳужум доирасида учирилган бўлиши мумкин.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлигига кўра, ўтган кеча Россия қўшинлари Украинага рекорд миқдорда дрон учирган. 145 та дронинг 62 таси уриб туширилган, яна 67 таси Украинанинг турли ҳудудларида «кўздан қочирилган». Шунингдек, ўнлаб дронлар Украина ҳаво маконидан Молдова, Беларус ва Россия йўналишида учиб кетган.

«Беларуски Гаюн» мониторинг лойиҳаси ростдан ҳам Украинага уюштирилган ҳужум кечаси камида 10 та учувчисиз учиш аппарати Беларус ҳудудига кирганини тасдиқлади. 

Аввалроқ Россия томонидан 7 ноябр куни Киевга уюштирилган ҳужум давомида учувчисиз учиш аппарати Эстониянинг Украинадаги элчиси Аннели Колк яшайдиган уйга келиб урилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид