Ғазода ўлдирилган журналистлар, терговдаги Нетаняҳу ва сайловдан ютган Илон Маск — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Яқин Шарқдаги вазият
Исроилнинг Ғазо бўйлаб берган зарбаларидан сўнг ака-сингил журналистлар ҳалок бўлишди. Фаластинлик журналистлар Заҳро Абу Саҳил ва унинг акаси Аҳмад Абу Саҳилнинг жасади вайрон бўлган бинолар ичидан чиқариб олинган. Улар Ғазодаги Туффаҳ шаҳарчасида жойлашган Фаҳад ас-Сабоҳ мактабида жон сақлаётган бўлишган. Журналистлар билан бирга уларнинг отаси ҳам ҳалок бўлган.
Ғазо медиа офисининг хабарига кўра, Исроил агрессив уруш бошлагандан буён 188 нафар журналистни ўлдирган.
Исроилнинг сўнгги сутка ичида Ғазо ва Ливанга берган авиазарбалари натижасида 40 нафар фаластинлик ва 53 нафар ливанлик ўлдирилган. Энг ажалвор зарбалардан бири Ғазонинг Жабалия туманидаги турар жой биноларидан бирига тўғри келган.
Уч қаватли бинонинг қулаши натижасида 24 киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ инсон яраланган. Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар. Сабра туманидаги бошқа авиазарба оқибатида ижтимоий таъминот бўлими ходими, унинг рафиқаси, болалари ва неваралари ҳалок бўлган.
Ливанда эса Байрутдан шимолдаги Жбайл туманидаги Алмат қишлоғи кўп жабр кўрган аҳоли пункти бўлди. Бу ерда Исроил зарбаси оқибатида 23 нафар инсон ҳалок бўлган. Уларнинг 7 нафари ёш болалар.
Терговдаги Нетаняҳу
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу коррупция иши бўйича кўрсатмалар беради. Коррупция иши бўйича ўзига нисбатан учта алоҳида жиноий иш очилган Нетаняҳунинг кўрсатмалар бериш жараёни бир неча ҳафта вақтни олиши хабар қилинмоқда.
Нетаняҳу ўзига нисбатан 2019 йилда қўзғатилган коррупция иши доирасида кўрсатмаларни 2 декабрдан бошлаб оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги округ судида бера бошлайди.
Нетаняҳу Ғазо ва Ливанда олиб борилаётган урушларни рўкач қилиб, кўрсатмани тинглашни кейинроққа қолдиришни сўраган.
Унинг адвокатларига кўра, хавфсизлик соҳасидаги воқеалар Нетаняҳуга судга кўрсатма бериш учун тайёрланишга фурсат қолдирмаган.
2019 йилнинг 21 ноябрида Исроил бош прокурори Авиҳай Манделблит Нетаняҳуни порахўрлик, ишончни суиистеъмол қилиш ва шахсий мақсадларда хизмат мавқейидан фойдаланишда айблаб, учта жиноят иши очишни талаб қилган. Бу ишлар бўйича илк суд мажлиси 2020 йилнинг 24 майида бўлиб ўтган. Шундан сўнг Нетаняҳу Олий суднинг мустақиллигини чекловчи ислоҳотлар ўтказмоқчи бўлиб, мамлакатда кенг норозилик намойишларига йўл очиб берган.
Агар айблов ҳукми чиқадиган бўлса, Нетаняҳу 10 йилга қамалиши мумкин. Ҳозирча у ўзига нисбатан қўйилган айбловларни рад этиб келмоқда.
Пизишкиён кўринмай қолди
Эрон президенти икки қўшни давлат — Саудияда ўтган араб-ислом саммити ва Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида очилган COP29 иқлим конференциясида кўриниш бермади.
IRNA ахборот агентлигининг хабарига кўра, Пишизкиён Саудиядаги саммитни “зич график туфайли” ўтказиб юборган. Ар-Риёдга биринчи вице-президент Муҳаммадризо Ориф борган.
Эрон президентининг Бокудаги COP29 саммитида иштирок этмаётганига яримрасмий Fars ахборот агентлиги учта сабаб келтирган: тадбирда Исроилнинг қатнашиш эҳтимоли, Қорабоғ урушидан сўнг Озарбойжон билан муносабатларда кузатилаётган таранглик ва БМТнинг мазкур саммитда иқлим билан боғлиқ талабларнинг илгари суриши. Бу талабларнинг Эронга иқтисодий оқибатлари 52 млрд долларни ташкил этиши мумкин.
Шолц Путин билан музокараларга тайёр
Германия канцлери Олаф Шолц Россия президенти Владимир Путин билан мулоқотни қайта тикламоқчи ва “тез орада” суҳбатлашиш учун “қулай фурсат” келишини таъкидлаган. Немис етакчисининг маълум қилишича, суҳбат аввалида кўплаб алоқалар ва Украина дохил иттифоқчиларнинг маъқуллови керак бўлади.
«Мен масъулиятли сиёсатчиман ва бу ишни якка ўзим амалга оширмайман», — деган канцлер, Европада барқарорликни таъминлаб туриш учун комплекс ёндашув муҳимлигига урғу бериб.
Аввалроқ, октябр ойларининг ўрталарида ҳам Шолц Путин билан Украинада адолатли тинчлик ўрнатиш масаласини муҳокама этишга тайёрлигини маълум қилган эди. Бироқ Россия етакчиси Берлин билан мулоқотни рад этган.
Сўнгги марта канцлер Путин билан 2022 йилнинг декабрида суҳбатлашган. Бу Украинада уруш бошланганидан сўнг уларнинг биринчи ва ягона суҳбати бўлган. Суҳбат асносида Шолц Россия ва Украина можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш йўлларини излаб топиши кераклигини таъкидлаган.
Трампнинг яққол ғалабаси
АҚШ президентлигига сайланган Доналд Трамп АҚШнинг сўнгги 40 йиллик тарихида илк бор иккиланаётган 7 та штатнинг барчасида ғалаба қозонгани маълум бўлди.
Энг сўнгги овоз натижалари Аризона штатидан келди ва бу ерда ҳам Трамп сайловчи вакилларнинг 11 та овозини қўлга киритгани маълум бўлди. Бунгача Трамп президент бўлиш учун талаб қилинган 270 та овозни тўплаб бўлган эди. Аризонанинг овози билан қўшиб ҳисобланганда унинг тўплаган овозлари сони 312 тага етди.
Унинг рақиби, демократик партия вакили, амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис 226 та овоз жамғаришга муваффақ бўлди.
АҚШнинг тарихан иккиланувчи, овозлари сони дам демократлар, дам республикачилар томонга ўтиб турадиган штатлари сирасига Пенсилвания, Шимолий Каролина, Мичиган, Висконсин, Жоржия, Невада ва Аризона киради. Улардан олинадиган умумий овозлар сони 93 тага тенг.
Дарвоқе, Трамп янги президентлиги даврида тўрт йил давомида республикачилар сиёсатини танқид остига олиб келганларни каттиқ таъқиб қилишни мақсад қилган. Янги сайланган президент аллақачон ижтимоий ва ирқий адолат талаб қилган “уйғоқ” генералларни бўшатиш ниятида эканини айтган.
Бундан ташқари, Трамп Пентагоннинг фуқаролардан иборат аппаратини тозалаб, тажрибали ходимлар ўрнига ўзининг тарафдорларини жойлаштирмоқчи. Экспертларнинг огоҳлантиришича, бундай ҳаракат идоранинг самарадорлигига тиклаб бўлмас зарар етказади.
АҚШнинг БМТдаги янги элчиси
Доналд Трамп Исроилнинг ашаддий тарафдорини АҚШнинг БМТдаги элчиси лавозимига танлаб олди.
Трамп душанба кундан бошлаб ўзининг янги маъмуриятини туза бошлаган. Элиз Стефаникни эса БМТдаги элчи лавозимига қўйган ҳамда унинг «энг аввало Америка манфаати учун ниҳоятда кучли, шафқатсиз ва ақлли курашчи» эканини айтган.
Стефаникнинг танланиши АҚШнинг БМТга нисбатан анча қатъий курсидан дарак беради. Чунки у аввал халқаро ташкилотни Исроилга нисбатан позицияси учун бир неча бор танқид остига олган.
Хўш, Элиза Стефаник яна нималари билан машҳур?
Конгрессвумен Стефаник — Исроилнинг ашаддий тарафдори. У шу йил ичида Исроил парламентига ҳам келган ва шундай деган: «Мен бутун умр Исроилга ҳавас қилиб келганман ва уларни қўллайман, мен Исроил ва яҳудий халқининг ҳақиқий дўстиман».
У Исроил «тўлиқ ғалаба қозониши» учун АҚШ томонидан қурол-яроғлар ҳеч қандай шартларсиз етказиб берилишини қўллаб келади.
У БМТнинг Фаластин бўйича агентлиги — UNRWA’ни “антисемитизм уяси” деб атаган. БМТнинг ўзини ҳам чириган, антисемит идора деб атаган.
У Ҳарвард ва Пенсилвания университети ректорларини Фаластин тараф бўлиб ўтказилган намойишлар учун истеъфога чиқарган Конгресснинг етакчи аъзоларидан бири саналади.
У Эронга максимал босим ўтказилиши тарафдори.
Ютган Илон Маск бўлди
АҚШ президенти сайловларида ютган Илон Маск бўлди. Сайлов арафасида Tesla акцияларининг нархи ошиши эвазига сўнгги икки йил мобайнида илк марта унинг бойлиги 300 млрд долларга ошди. Бу Ўзбекистон каби давлатларнинг уч йиллик ялпи ички маҳсулоти ҳажмига тенг.
Кескин ўсишга Трамп маъмуриятининг Маск бизнеси учун қулай муҳит яратиб бериши мумкинлиги хусусидаги оптимистик қарашлардан сўнг рўй берди.
Масалан, Трамп АҚШда Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар савдосини тақиқлашни ваъда қилган. Бу эса Маск ўз Teslaʼларига асосий рақобатчилардан маҳрум бўлаётганини англатади.
Қайд этиб ўтиш керакки, Трампнинг Маск томонидан қўллаб-қувватланиши ҳам сезиларли бўлди: жаҳоннинг энг бой одами Трамп фойдасига сайлов учун 130 млн доллар хайрия қилди, энг асосий штатларда Трамп учун омма олдида чиқишлар қилди.
Энди эса Маскнинг Трамп маъмурияти билан яқин алоқалари компанияни текширувлардан халос қилиши, давлат шартномаларини жуда тез қўлга киритиши, унинг Tesla ва SpaceX лойиҳалари муваффақиятини таъминловчи умумий ишбилармонлик муҳити шаклланишини англатиши мумкин.
Мавзуга оид
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024
Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести
13:40 / 18.11.2024