Фан-техника | 18:28 / 12.11.2024
1704
2 дақиқада ўқилади

Ҳаво ифлосланиши узоқ давом этса, болалар ва катталарда астмага чалиниш хавфи ортади — тадқиқот

Узоқ давом этган ҳаво ифлосланиши болалар ва катталарда астмага чалиниш хавфини сезиларли даражада оширади. 2019 йилда дунё бўйлаб қайд этилган астма ҳолатларининг қарийб учдан бир қисми ҳаводаги майда чанг заррачалари (PM2,5) таъсирига боғлиқ бўлган.

Фото: Getty Images

Хитой Фанлар академияси ва Вашингтон университети олимлари PM2,5 заррачаларининг узоқ муддатли таъсири болалар ва катталарда астма ривожланишга қандай ҳисса қўшишини баҳолади. Тадқиқот натижалари One Earth журналида чоп этилди.

Таҳлиллардан маълум бўлишича, PM2,5 концентрациясининг ҳар 10 мкг/м³ га ошиши болаларда барча турдаги астма ривожланиш хавфини 21,4 фоизга, катта ёшли одамларда 7,1 фоизга оширади. PM2,5 таъсирига учраган ёшларда астма хавфи юқорироқ бўлган, катта ёшлиларда эса чанг заррачалари кўпроқ умумий саломатликка хавф солган.

Бундан ташқари, олимлар 2019 йилда бутун дунё бўйлаб PM2,5 заррачаларининг узоқ муддатли таъсири астма оқибатида юзага келган қўшимча 0,12 миллионта ўлимга сабаб бўлганини аниқлади. 2019 йилнинг ўзида 11,4 миллионта одам PM2,5 таъсирида астмага чалинган.

Таҳлилда 1027 та қайд маълумотлар ўрганиб чиқилди — улар 22 мамлакатнинг 25 миллиондан ортиқ аҳолиси иштирок этган тадқиқотларда ёзиб олинганди. PM2,5 нинг астма хавфига таъсирини баҳолаш мақсадида “таъсир-жавоб” таҳлили ўтказилди.

Муаллифларнинг хулосасига кўра, PM2,5 нинг узоқ муддатли таъсири болалар ва катталарда астма ривожланиш хавфини сезиларли даражада оширади. Шу сабабли, ҳавонинг ифлосланишига қарши янада самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ниҳоятда муҳим.

Маълумот учун, ноябр ойи бошида Халқаро IQAir кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ўта ёмон бўлганини қайд этди. Шаҳар ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид