Ўзбекистон | 16:12 / 12.11.2024
1492
1 дақиқада ўқилади

Кувайт ресторанлар учун Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш имконини ўрганмоқда

Мамлакат элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Кувайтнинг Dawat компанияси таъсисчиси Муҳаммад ал-Ажил ва ижрочи директори Далви Саид Абдуллоҳ ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Суҳбат аввалида Dawat компанияси таъсисчиси Муҳаммад ал-Ажил жорий йил 19-22 октябр кунлари Ўзбекистонга қилган сафари ҳақида тўхталди. У мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва турли соҳалардаги ютуқларни юқори баҳолади. Шу билан бирга, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва очиқ кўнгиллигини алоҳида таъкидлади.

Кувайт вакили ресторан бизнесини янада кенгайтириш, янги шохобчаларни очиш ниятини билдирди. Режага кўра, араб қаҳваси ҳамда ширинликлари таклиф этадиган қаҳвахоналар ташкил этиш кўзда тутилган. Уларга Ўзбекистондан қандолатчилар, қаҳва ва бошқа ичимликлар тайёрлайдиган мутахассисларни жалб қилиш режаси ҳақида маълум қилинди.

Томонлар Dawat компанияси таклиф этаётган ресторанларга ишчи кучини жалб қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар ва мазкур йўналишдаги ишларни йўлга қўйиш мақсадида тегишли шартнома тузишга келишиб олдилар.  

Мавзуга оид