Ўзбекистон | 20:26 / 12.11.2024
4207
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев: Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битим имзолаймиз

Ўзбекистоннинг Европага “яшил” энергия экспорт қилишини кўзда тутувчи кўп томонлама битим яқин кунларда имзоланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим конференциясидаги нутқида айтиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Қўшни мамлакатлар билан Минтақавий иқлим стратегиясини ҳаётга татбиқ қилмоқдамиз. Шу кунлари Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаймиз”, деди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон “яшил” энергетика улушини 40 фоизгача оширишни режа қилган.

Президент саммит доирасида Европа кенгаши раиси Шарль Мишель билан учрашди.

“Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни тез фурсатда қабул қилиш, шунингдек, "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон Европага “яшил” энергия экспортини йўлга қўйиш борасида келишиб олган. Таъминот Каспий – Қора денгиз – Европа йўналиши бўйлаб амалга оширилади. Шу мақсадда жорий йил май ойида учала давлат ўз энергия тизимларини бир-бирига улаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаган.

Ҳужжатга кўра, иштирокчилар Каспий денгизи туби бўйлаб юқори волтли кабел ётқизиш орқали энергия тизимларини улаш имкониятларини ўрганади. Бу борада техник шартлар лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Август ойида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган, томонлар Ўзбекистондан Европага “яшил” энергия экспортини йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли минтақавий лойиҳа ижросини тезлаштиришга келишиб олганди.

  • Айни пайтда Бокуда бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Черногория президенти Яков Милатович, Финландия президенти Александр Стубб, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир ва Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафальда Дуэртени билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Мавзуга оид