Ўзбекистон | 22:25 / 12.11.2024
21153
3 дақиқада ўқилади

Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди

Фермер хўжалиги учун электр токи ўғрилаган шахс бу қилмиши учун аввалига 2,5 йилга қамалган, лекин кейин вилоят суди унга берилган жазони асоссиз равишда озодликни чеклаш жазосига алмаштирганди. Kun.uz'га маълум бўлишича, ўтган ҳафта чиққан тафтиш инстанциясининг ажрими билан бирламчи ҳукм ўз кучида қоладиган бўлган.

Сунъий интеллект чизган сурат

Бойнинг боласи жиноят қилса – шўхлик, камбағалнинг боласи шўхлик қилса – жиноят. Kun.uz август ойида шу нақлни эслаб мақола эълон қилганди. Унда Наманган вилоят суди бир хил жиноят содир этган икки шахсга икки хил жазо тайинлагани, оддий фуқарони 2,5 йилга қамаб, ҳокимнинг ўғлига озодликни чеклаш жазосини бергани ҳақида сўз юритилган эди.

Kun.uz'га берилган маълумотга кўра, бир неча ой ўтиб бўлса-да, адолат қарор топган.

8 ноябр куни Уйчи туманидаги “Жийдакапа барака чорва” фермер хўжалиги раҳбари (Поп тумани ҳокимининг ўғли) Ғулом Султоновнинг иши Наманган вилоят судида тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган. Чиқарилган ажримга асосан, Султоновга нисбатан биринчи инстанция суди чиқарган ҳукм ўз кучида қолдирилган. Яъни у 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди (биринчи инстанция)нинг ҳукмига кўра, фермер Ғулом Султонов чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш цехини очиб, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олган ва 200 млн сўмдан ортиқ электр энергиясини яширинча талон-торож қилган. Бу қилмиши учун у 2,5 йилга “кесилган” эди.

Лекин кейинроқ, Наманган вилоят суди апелляция инстанцияси ҳукмни 3 йиллик озодликни чеклаш жазосига алмаштирган. Kun.uz ўша пайтда ёзганидек, айни шу суд Жиноят кодексининг бир хил моддаси билан айбланган оддий фуқаронинг апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, 2,5 йиллик қамоқни аслича қолдирган эди.

Маълум бўлишича, Поп тумани ҳокимининг ўғлига берилган жазо енгиллаштирилгани масаласида кейинроқ вилоят прокуратураси тафтиш тартибида протест киритган. Натижада вилоят суди ҳайъатининг тафтиш инстанцияси ажрим чиқариб, апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилган ва биринчи инстанция судининг ҳукмини ўз кучида қолдирган.

Султонов суд залидан қамоққа олиниб, унинг 2024 йил 4 июлдан 2024 йил 7 августга қадар қамоқда ўтирган 1 ой 3 кун, ўталган 2 ой 5 кун озодликни чеклаш жазосини тайинланган жазодан чегириб, ўташ учун 1 йил-у 8 ой 22 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.

Мавзуга оид