Жаҳон | 21:13 / 12.11.2024
8994
5 дақиқада ўқилади

Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради

Россия давлат нашрлари ҳудуддаги вазиятни ёритмайди, Россия президенти маъмуриятидагилар эса уларнинг муаммоси ҳақида биринчи марта эшитаётганини маълум қилишган.

Oleg Palchyk / Global Images Ukraine / Getty Images

Курск областининг август ойи бошидан буён Украина қуролли кучлари назоратида қолаётган Суджа шаҳри аҳолиси вакиллари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолган яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак ташкиллаштиришни сўраб, Россия ва Украина ҳукуматларига навбатдаги марта коллектив мурожаат йўллади, деб хабар бермоқда «Новая газета».

Биринчи мурожаат 12 сентябр куни йўлланганди. Москва ва Киев бунга бир хил жавоб қайтарган — иккала томон ҳам бир-бирини алоқа ўрнатишни ва тинч аҳоли эвакуацияси бўйича музокаралар бошлашни истамасликда айблаган.

«Новая» маълумотига кўра, Суджа аҳолиси иккинчи мурожаатни октябр ойи охирида тузган ва бу сафар унда нафақат Россия ва Украина президентлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича вакилларга, балки БМТ бош котиби, Рим папаси, шунингдек, БАА ва Туркия президентларига ҳам мурожаат қилинган.

«Бизнинг яқинларимиз икки ярим ойдан буён егуликсиз, алоқасиз, электрсиз, газсиз, иссиқлик таъминотисиз ва дори-дармонларсиз қолмоқда. Улар орасида кетишга улгурмаган ва эвакуация қилинмаган кексалар ҳам бор. Улардан кўпчилиги тиббий ёрдам кўрсатишга муҳтож. Қариндошлари йўқ ва 6 августга қадар ижтимоий хизматлар қарамоғида бўлган ёлғиз яшовчи кишилар бор. Янги туғилган чақалоқлар бор… Тунда ҳарорат нол даражагача тушмоқда, қиш яқинлашмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан чиқишга муваффақ бўлган одамларнинг гувоҳлик беришича, улар оч қолишган, музлашган ва аҳоли мунтазам равишда отишмалар оқибатида ҳалок бўлмоқда», — дейилган номада.

Биз Россия ва Украинани имкон қадар тез фурсатда Суджа аҳолиси тақдири бўйича тўғридан тўғри музокараларни бошлашга чақирамиз. Биз урушаётган томонлардан аҳолидан гаров ва пропаганда инструменти сифатида фойдаланмасликни сўраймиз. Биз сиздан бу музокаралар бошланишига кўмаклашишингиз ва уларни кузатиб боришингизни илтимос қиламиз.

Август ойида Украина қуролли кучлари юриши чоғида эвакуация бўлишга улгурган суджаликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда шаҳарда мингга яқин киши, шу номли районда яна шунча одам қолмоқда. 2024 йил августига қадар Суджада беш минг атрофидаги одам яшаган, Суджа районида — 26 мингдан ортиқ.

Суджа аҳолисининг иккинчи мурожаатига ҳозирча фақат Украина Олий радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари офиси муносабат билдирди. Унда «бундай мурожаат олдин ҳам келиб тушгани» ва «жавоби тақдим этилгани» айтилган.

Бундан ташқари, Суджа аҳолиси вакиллари россиялик мулозимлар билан учрашиб, қариндошларининг эвакуациясини талаб қилишга қарор қилган. «Биз тушундик: хатга жавоблар бўлмайди. Уларни қутига солишади ва эсдан чиқаришади. Ўтган сафарги каби, ҳар доимгидек. Шунинг учун биз Москвага бормоқчимиз», — деган «Новая» билан суҳбатда олти фарзанднинг онаси Светлана Ляхова.

У қизи билан 1 ноябр куни РФ президенти администрацияси, Давлат думаси ва  Федерация кенгаши қабулларига ёзилган. Суджалик аёл 2500 дан ортиқ кишининг имзоси чекилган коллектив мактубни ўзи билан олиб келган.

Ляхованинг сўзларига кўра, барча идораларда уни «ортиқча саволлар ва кечиктиришларсиз» қабул қилишган. Аммо расмийлар Суджа аҳолисининг бундай муаммоси ҳақида биринчи марта эшитаётгани ва бунгача ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаганини айтишган.

«Эҳтимол, биз етарлича ёзмаган ва гапирмагандирмиз. Балки, бизнинг сукутимиз сукутни келтириб чиқаргандир. Марказий нашрларда биз ҳақимизда жуда кам ёзишса, яна нима бўлсин? Федерал каналларда бизни кўрсатишмайди. Агар ҳафталар, ойлар давомида уларнинг янгиликларини ўқисангиз ва кузатсангиз, биз ва бизнинг бахтсизликларимиз умуман йўқдек тасаввур ҳосил бўлади. Ва барибир — ҳаракатсиз ўтириб бўлмайди. Биз эришдик — мамлакатдаги барча асосий идораларда бизни қабул қилишди, бизни кўришди, бизни эшитишди. Энди балки нимадир ўзгарар?» — деган Светлана Ляхова «Новая» билан суҳбатда.

10 ноябр куни Суджа аҳолиси вакиллари бўлган ўнлаб кишилар Курскнинг марказий майдонида стихияли митинг ўтказганди. Улар ҳукуматдан минтақада уруш кетаётганини тан олиш, шунингдек, Украина қуролли кучлари эгаллаб олган шаҳар аҳолисини зудлик билан эвакуация қилишни талаб қилишган. Курск области маъмуриятининг йиғилганлар қаршисига чиққан расмийлари стихиялик акцияни «ноқонуний» деб атаган, аммо кейинроқ 12 ноябр куни митинг иштирокчиларининг губернатор Алексей Смирнов билан учрашувини ташкил этишга ваъда беришган.

Мавзуга оид