Жаҳон | 18:53 / 13.11.2024
9740
4 дақиқада ўқилади

Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди

Агар Трамп Киевга молиявий ёрдамни қисқартирса, коллектив хавфсизликка эса «путур етадиган» бўлса, Британия Украинага ўз қўшинларини жойлаштиришига тўғри келади, дейди Жонсон. Москва Украинада НАТО қўшинларининг пайдо бўлиши муқаррар можаро келтириб чиқаради деб ҳисоблайди.

Фото: Christopher Furlong / Getty Images

Агар АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп лавозимига киришганидан кейин Украинага молиявий ёрдам беришни қисқартирса, катта эҳтимол билан Буюк Британия ушбу мамлакатга ўз қуруқлик қўшинларини жойлаштиришга мажбур бўлади. Бу ҳақда Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон GB News учун интервюсида айтиб ўтган.

Жонсон Украинани қўллаб-қувватлаш «Россия томонидан Европанинг бошқа мамлакатларига таҳдид»нинг олдини олиш учун муҳимлигини таъкидлайди. Собиқ бош вазирнинг сўзларига кўра, Украинанинг мағлубияти «Европа қитъаси чегараларида янада каттароқ таҳдид»ни юзага келтиради.

Жонсоннинг фикрича, Украинани молиялаштиришни давом эттириш «ақлли инвестиция» ҳисобланади, бу стратегиядан воз кечиш эса келажакда Буюк Британия учун сезиларли даражада катта харажатларни келтириб чиқаради.

«Мен буни биз нима учун украинларни қўллашимиз керак деб ўйлайдиган одамларга қарата айтаман. Чунки акс ҳолда бизнинг коллектив хавфсизлигимизга уйғонаётган ва Европанинг турли қисмларига таҳдид солаётган Россия томонидан чиндан ҳам путур етказилади», — деган у.

Собиқ бош вазирнинг сўзларига кўра, бундай сценарий Буюк Британияни Украинага ўз қўшинларини олиб киришга мажбур қилади.

Трамп сайловолди пойгаси чоғида бир неча марта лавозимга киришмасданоқ Украинадаги можарога барҳам беришини айтганди. У АҚШнинг амалдаги маъмуриятини Украина учун ортиқча харажат қилишда айблаган, ушбу мамлакат президенти Володимир Зеленскийни каттагина ёрдам олишга эришгани учун «тарихдаги энг яхши савдогар» деб атаган. Шу билан бирга, Трамп можарони ҳал қилиш учун Киев ҳудудларининг бир қисмидан воз кечишига тўғри келишини айтган.

Россия президенти Владимир Путин ўз мамлакатида НАТО билан жанг қилишга сабаб йўқлигини айтган. У Украинада ҳарбий амалиёт бошланишига блокнинг ҳаракатлари сабаб бўлганини билдирган: «Бу Украинадаги давлат тўнтаришига ва жануби-шарқда, Донбассда ҳарбий ҳаракатларга олиб келди. Шунчаки бизни жавоб ҳаракатларига мажбур қилишди. Шу маънода, хоҳлаганига эришишди», — деганди у 7 ноябр куни «Валдай» клуби йиғилишида.

Москвадагилар ғарблик ҳарбийлар аллақачон Украинада жанг қилаётганини айтиб келади. Россия буни интервенция деб баҳолайди. Путиннинг сўзларига кўра, агар иш хорижий давлатларнинг «расмий ҳарбий контингентлари»гача етиб борса ҳам, бу жанг майдонидаги вазиятни ўзгартирмайди. Кремлдагилар НАТО ҳарбийларини Украинага юбориш алянснинг Россия билан тўқнашувини муқаррар қилишидан огоҳлантиради.

Лондон аввалроқ ҳам Украинада британиялик ҳарбий хизматчилар мавжудлигини тан олганди. The Times маълумотига кўра, Британия ҳукумати ушбу мамлакатга ҳарбий инструкторларни юбориш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

Украинанинг Россия билан музокаралардаги вакили Давид Арахамия 2022 йил мартида Истанбул келишуви амалга ошмай қолиши сабаблари қаторида ўша вақтда Британия бош вазири бўлган Жонсон бундай келишувдан бош тортишга ундаганини ҳам келтириб ўтганди. Путин бу фактни қайғули деб ҳисоблаб, ҳарбий ҳаракатлар 2022 йилдаёқ якунланган бўлиши мумкин эди деганди. Жонсоннинг ўзи бу маълумотни «буткул сафсата ва Россия пропагандаси» деб атаган.

Мавзуга оид