The Guardian Twitter’ни тарк этишини маълум қилди
Таҳририят қарорига тармоқда «хавотирли контент», жумладан «ўнг қанот фитна назариялари ва ирқчилик» тарқалиши таъсир кўрсатган.
Британиянинг The Guardian газетаси X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифалари энди янгиланмаслигини эълон қилди.
«Фикримизча, Х тармоғида бўлишнинг афзалликларидан кўра, салбий томонлари устун келмоқда. Ресурслардан журналистикамизни бошқа жойларда тарғиб қилиш учун яхшироқ фойдаланиш мумкин», дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, таҳририят қарорига тармоқда «хавотирли контент», жумладан «ўнг қанот фитна назариялари ва ирқчилик» тарқалиши таъсир кўрсатган.
«АҚШ президентлиги учун сайлов кампанияси биз узоқ вақтдан бери тахмин қилган нарсани таъкидлади: Х - заҳарли медиа платформаси бўлиб, унинг эгаси Илон Маск ўз таъсиридан сиёсий фикрни шакллантириш учун фойдалана олди», дейилади баёнотда.
Таҳририят ўз ўқувчиларига хабарлар ва маълумотларни The Guardian веб-сайтидан олишни тавсия қилди.
«Бизнес моделимиз ижтимоий медиа гигантлари алгоритмларининг инжиқликларига мослаштирилган вирусли контентга таянмайди - бунинг ўрнига биз тўғридан-тўғри ўқувчиларимиз томонидан молиялаштириламиз», дейилади баёнотда.
Америкалик миллиардер Илон Маск Twitter платформасини 2022 йил октябр ойида сотиб олди. Кейинчалик, у номақбул контент, хусусан, ирқчилик мазмунидаги постларнинг тарқалишига тўсқинлик қилмасликда бир неча бор айбланди. 2023 йил ноябр ойида Media Matters for America нодавлат нотижорат ташкилоти ўз ҳисоботини эълон қилди, унга кўра Х ижтимоий тармоғидаги Apple, IBM ва Oracle рекламалари нацизм ва Адолф Ҳитлерни мадҳ этувчи контент ёнида кўрсатилган. Шундан сўнг, ушбу компаниялар тармоқда реклама жойлаштиришдан бош тортди.
Маск ўз платформасини бойкот қилган реклама берувчиларга ўзини шантаж қилишга йўл қўймаслигини айтди. Маск Twitter’ни сотиб олганидан бир йил ўтгач, ижтимоий тармоқ энг йирик реклама берувчиларининг ярмини йўқотди.
Бу йилги АҚШ президентлик кампанияси давомида Маск Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трампни қўллаб-қувватлади. Кейинчалик, сайловда ғалаба қозонган Трамп янги ҳукуматга Илон Маскни таклиф қилмоқчи экани маълум бўлди.
Мавзуга оид
16:59 / 18.11.2024
АҚШдан Хитойгача 40 дақиқада: Илон Маск самолётларни ракеталарга алмаштирмоқчи
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
12:05 / 15.11.2024
Трамп жамоасини шакллантирмоқда. Сўнгги тайинловлардан унинг иккинчи муддати қандай бўлишини билиш мумкинми?
20:38 / 14.11.2024