Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
Бу моддалар деярли барчамизнинг уйимизда бор. Улар ҳатто водопровод сувида ҳам топилган.
“Абадий химикатлар” деб номланувчи пер- ва полифторалкил моддалар (PFAS) ичак микробиомасининг бошқарилишини издан чиқариши мумкин. Бу эса ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши хавфи бор, деб хабар берди Euronews янги тадқиқот натижаларига таяниб.
PFAS — мебел, озиқ-овқат қадоқлари ва тагига олмайдиган ошхона идишлар каби кундалик маҳсулотларда кенг қўлланиладиган синтетик кимёвий моддаларнинг катта гуруҳи. Улар ҳатто водопровод сувида ҳам топилган.
Булар атроф-муҳит ва инсон организмида узоқ сақланиши ҳамда парчаланиш учун жуда кўп вақт талаб қилиши сабабли “фторли кимёвий моддалар” деб аталади.
“PFAS деярли ҳар биримизнинг қонимизда бор, бу кимёвий моддалар соғлиққа бир қатор салбий таъсирлар кўрсатиши аниқланган. Бироқ организмда PFAS миқдорини камайтириш учун самарали усуллар ҳали маълум эмас. Шу сабабли, бу борада ёрдам бериши мумкин бўлган аниқ тавсияларни беролмаймиз”, — деди АҚШнинг Кейк тиббиёт мактаби етакчи муаллифи ва илмий ходими доктор Ҳейли Ҳемпсон.
PFAS’нинг инсонга таъсири жигар шикастланиши, қалқонсимон без касалликлари, семизлик, фертиллик муаммолари, турли хил саратон ва буйрак касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Аммо бу моддаларнинг ушбу касалликларни юзага келтиришдаги ролини яхшироқ тушуниш учун тадқиқотлар давом этмоқда.
Тадқиқотчилар гуруҳи PFAS таъсири натижасида ичак микробиомасида ва у билан боғлиқ метаболитларда юзага келган ўзгаришлар ёшларда буйрак функциясини 50 фоизга пасайтиришини аниқлади.
Аввалги тадқиқотлар буйрак шикастланишини ҳам PFAS таъсири, ҳам ичак саломатлиги муаммолари билан боғлаганди. Улар асосида ўтказилган янги изланишда потенциал алоқаларни ўрганиш учун илк бор учала омил бир вақтнинг ўзида кўриб чиқилди.
PFAS қандай қилиб буйраклар шикастланишига олиб келади?
Тадқиқотчилар, асосан, лотин америкалик 17 — 22 ёш оралиғидаги 78 нафар ёшлардан иборат кичик гуруҳ маълумотларини таҳлил қилди, чунки бу гуруҳда сурункали буйрак касаллигига чалиниш хавфи юқорироқ бўлади.
Дастлаб, улар PFAS даражасини ўлчаш ҳамда ичак микробиомаси ва айланиб юрувчи метаболитлар таркибини таҳлил қилиш учун иштирокчиларнинг қон ва ахлат намуналарини йиғди. Тўрт йил ўтгач, уларнинг буйраги қандай ишлаётгани баҳоланди.
Натижада, PFAS таъсири юқори бўлган одамларда вақт ўтиши билан буйрак функцияси сезиларли даражада ёмонлашгани аниқланди.
Сўнг тадқиқотчилар бу таъсирларни яллиғланишга қарши метаболитлар ва уларни ишлаб чиқарувчи бактериялар миқдорининг камайиши шунингдек, PFAS таъсири юқори бўлган шахсларда яллиғланиш метаболитлари миқдорининг ортиши билан боғлади.
Тадқиқот натижалари Science of the Total Environment журналида чоп этилган.
Тадқиқот кичик гуруҳ билан ўтказилганига қарамай, натижалар PFAS туфайли келиб чиқадиган буйрак шикастланишидан ҳимояланиш усуллари ҳақида дастлабки тасаввурни бериши мумкин, деб таъкидлади олимлар.
“Натижаларимиз PFAS билан боғлиқ кўплаб хавфлар ҳақидаги жумбоқнинг муҳим қисми бўлди. Бу сиёсатчиларга аҳолини ушбу кимёвий моддалар таъсиридан ҳимоя қилиш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам берадиган маълумотларни тақдим этиши мумкин”, — деди тадқиқот катта муаллифи доктор Жесси Гудрих.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
15:12 / 26.05.2026
Наркожиноятда айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди
11:00 / 28.05.2025
АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда
09:03 / 28.05.2025