Ливанга қўйилган талаб, сионист элчини танлаган Трамп ва Севастополда портлатилган флот қўмондони — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Яқин Шарқдаги вазият
Исроил Ливанда ўт очишни тўхтатишга тайёр эмаслиги маълум қилинмоқда. Исроилнинг янги тайинланган мудофаа вазири Исраэл Кац токи «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қуролсизланиб, Ливандаги Литани дарёсидан шимолга чекинмас, Исроил шимолида яшовчи яҳудийлар ўз уйларига қайтмас экан, Исроил ўт очишни бас қилмаслигини маълум қилган.
«Ливанда ўт очишни бас қилиш бўйича ҳеч қандай қарор бўлмайди. Биз токи ўз ҳарбий мақсадларимизга эришмас эканмиз «Ҳизбуллоҳ»га тўлиқ куч билан қарши курашамиз», — деган Исраэл Кац.
Икки кундан буён Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий операцияларни кучайтирмоқда. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари Ливан пойтахти Байрут шаҳрининг жанубий қисмини тинимсиз бомбардимон қилмоқда.
Исроилнинг Ливанга қарши агрессияси бошланганидан буён ҳалок бўлганлар сони 3365 кишига, ярадорлар 14 минг 344 кишига етган. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги сутка ичида 78 киши ўлдирилган ва 122 киши яраланган.
Қамал қилинган Ғазодаги нотенг уруш қурбонлари урушнинг 404-кунига келиб яна ошди. Ҳалок бўлганлар сони 43 минг 712 кишига етди, 103 минг 258 киши яраланган.
Сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари Ғазонинг 7 та нуқтасида қирғин уюштиришди, 47 киши ҳалок бўлди ва 182 киши яраланди.
Исроилнинг Сурияга зарбаси
Исроилнинг ҳарбий самолётлари Суриянинг Ливан билан чегарадош Ҳумс вилоятининг Қусайр туманига зарба берди.
Суриядаги инсон ҳуқуқлари мониторинги марказининг хабарига кўра, зарбалар Сурия-Ливан чегарасидаги бир нечта назорат ўтказиш пунктларига қаратилган.
Марказнинг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг бошидан буён Исроил Сурия ҳудудига 148 марта зарба берган. Уларнинг 122 таси ҳаво орқали, 26 таси ер орқали берилган.
Ҳмеймим авиабаси яқинида октябр ойида рўй берган зарбалардан сўнг Россия Исроилга расмий шикоят йўллаган ва бундай ҳаракатларни такрорламаслик тўғрисида огоҳлантирган эди.
Кечаги зарбалардан сўнг Россия президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александир Лаврентйев Тел Авив томонидан амалга оширилаётган бундай ҳаракатларни қабул қилиб бўлмайди, деган.
Гарчи Исроилнинг зарбалари айнан Ҳмеймимга қаратилмаган эса-да, зарбаларнинг яқинлиги ҳарбий персонал ўртасида хавотир уйғотган.
Эрон XIX аср харитасини чиқарди
Бирлашган Араб Амирликлари билан кўп йиллик ҳудудий баҳсларнинг янги босқичида Эрон Форс кўрфазидаги учта оролга ҳуқуқли эканини исботлаш учун 1888 йилда Буюк Британия томонидан чизилган харитани ўртага чиқарди.
Ҳурмуз бўғозига киришда жойлашган Абу-Мусо, Катта ва Кичик Тумб ороллари стратегик аҳамиятга эга, чунки бу денгиз йўлаги орқали жаҳондаги сезиларли нефт ва суюлтирилган табиий газ ташилади.
Эрон 1971 йилда 1908 йилдан буён оролларни ўз назоратида ушлаб турган Британия қўшинлари тарк этгач, ушбу ороллар устидан назоратни ўрнатган. Бироқ, БАА Эроннинг ороллар устидан суверенитетини тан олмайди. Кейинчалик Шаржа амирлиги Абу-Мусо, Рас-ул-Хайма амирлиги Катта ва Кичик Тумб (арабчада Тунб ул-Кабийр ва Тунб ус-Сағийр) оролларига даъво қилган. Ҳудудий баҳслар ўшандан буён чуқурлашиб, икки давлат муносабатларини мураккаблаштириб келмоқда.
Яқин ўтмишда Кўрфаз давлатлари ҳамкорлиги кенгаши ва Европа Иттифоқи ороллар устидан Эрон «оккупацияси»ни қоралагач ҳудудий баҳслар янада ўткирлашди. Бунга жавобан Эрон 1888 йилнинг 27 июлида Эрон шоҳи Носириддин Қожарга Британия элчиси Ҳенри Драммонд Волф томонидан тақдим этилган харитани ўртага ташлаган. Бу ҳужжатда уч орол ҳам Эрон ҳудуди сифатида акс этган.
Бундан ташқари, Теҳрон 1892 йилда Жорж Керзон томонидан ёзилган «Форсия ва форс масаласи» китобига ҳавола қилмоқда. Кейинчалик Ҳиндистоннинг вице-қиролига айланган Керзон ўз ишларида мазкур ороллар устидан Эроннинг суверенитетини тан олган. Эрон ҳокимияти мазкур тарихий ҳужжатлар уларнинг ушбу баҳсли ороллар устидан ҳуқуқини тасдиқлайди.
Баҳс 1992 йилда узоқ давом этган музокаралардан сўнг Абу Мусо ороли шелфида нефт қазиб олиш ва фойдани тақсимлаш тўғрисидаги вақтинчалик келишув барбод бўлганидан сўнг бошланган. Ўшандан буён Эрон оролларда ўзининг ҳарбий иштирокини кучайтирган ва бу БААнинг кескин норозилигига ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг ташвишига сабаб бўлган.
Экспертларнинг қайд этишича, ушбу масала юзасидан мулоқотнинг йўқлиги ва Ҳурмуз бўғозида ҳарбий иштирок даражаси ортиб бориши минтақани беқарорлаштириши ва жаҳон энергетикаси учун янги таҳдидлар пайдо қилиши мумкин.
Флот қўмондони портлатилди
Севастополда 13 ноябр куни Украина хавфсизлик хизматининг махсус операцияси натижасида Россиянинг Қора денгиз флоти ракета кемалари ва катерлари 41-бригадаси штаби раҳбари Валерий Транковский ўлдирилди.
Транковский 1977 йилда Ленинградда туғилган, Санкт-Петербург ҳарбий-денгиз академиясини тугатган. 2018 йилдан буён Қора денгиз флотида хизмат қилиб келаётганди.
Воқеа 13 ноябр куни Тарас Шевченко кўчасида рўй берган ва офицернинг машинасига бириктирилган портловчи қурилма ишга туширилган. Портлашдан сўнг ёнғин келиб чиққан. Гарчи ёнаётган машинадан эвакуация қилинганига қарамасдан, биринчи ранг капитани олган жароҳатлари туфайли вафот этган.
Россия оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, офицер устидан камида бир ҳафта кузатув ўрнатилган. Қўлбола портловчи қурилма масофадан туриб ҳаракатга келтирилган.
Воқеа юзасида теракт моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Трамп Исроилга элчи тайинлади
АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп ашаддий сионистни Исроилга элчи қилиб тайинлаш учун танлаб олди. У Арканзас штатининг собиқ губернатори Майк Ҳакаби АҚШнинг Исроилдаги бўлажак элчиси этиб тайинланганини эълон қилди.
«У Исроилни ва яҳудий халқини яхши кўради, Исроил ҳам уни яхши кўради. Майк Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилиши учун ҳормай-толмай меҳнат қилади», — деган Трамп.
Ҳакаби Исроилнинг ашаддий тарафдори ва оккупация қилинган Ғарбий соҳилдаги ноқонуний яҳудий манзилгоҳлари кенгайтирилиши тарафдори ҳисобланади.
Яқинда у Ғазода геноцидли уруш олиб бораётган Исроилга ўпкасини босиб олиш учун босим уюштирган Жо Байденни ҳам қаттиқ танқид остига олган эди.
«Агар инсон Исроилни қўлласа, у қандай қилиб Байденни қўллаб-қувватлаши мумкин, ахир унинг маъмурияти Ҳамаснинг шартларига ён беришга тайёр эканини билдирди-ку?» деган эди у март ойида берган интервюсида.
Россияда мигрантларга янги талаб
Россияда мигрантларнинг болалари рус тилини қай даражада билиши текширилиши мумкин. Ҳукумат таклифига кўра, бундай болалар таълим муассасаларига киришдан олдин ҳам тилни билиш бўйича тестдан, ҳам Россияга киришининг қонунийлиги бўйича текширишдан ўтиши керак.
Давлат Думасида 20 ноябр куни ҳукуматнинг рус мактабларига ўқишга киришни режалаштираётган мигрантларнинг фарзандлари учун рус тилидан мажбурий имтиҳон жорий этиш ҳақидаги таклиф кўриб чиқилади.
Дума раиси Вячеслав Володиннинг айтишича, ҳукумат таклифига кўра, бундай болалар таълим муассасаларига киришдан олдин ҳам тилни билиш бўйича тестдан, ҳам Россияга киришининг қонунийлиги бўйича текширишдан ўтиши керак.
Аввалроқ Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев рус тилини билмайдиган болаларни мактабларга қабул қилиш амалиётини тўхтатиш зарурлиги ҳақида фикр билдирганди. Унинг сўзларига кўра, бу умумий таълим даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда, чунки тилни билмайдиган мигрант болалар таълим жараёнига қўшимча қийинчиликлар туғдирмоқда.
Мавзуга оид
13:54
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024
Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести
13:40 / 18.11.2024