Жаҳон | 21:21 / 14.11.2024
5535
2 дақиқада ўқилади

Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади

Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатни Тоғли Қорабоғ билан бирлаштириш банди бор Мустақиллик декларацияси «энг катта муаммо ва фожиа» эканини маълум қилди. У олдин ҳам бир неча бор мамлакатнинг амалдаги Конституцияси муаммоли экани, чунки унда декларацияга ҳавола борлигини айтганди.

Фото: Reuters

«Сўнгги йилларда Мустақиллик декларациясини ўнлаб маротаба қайта ўқиб чиқдим ва ушбу декларациянинг моҳияти Арманистон Республикаси мавжуд бўла олмаслигини таъминлашдан иборат деган даҳшатли хулосага келдим. Бу бизнинг энг катта муаммо ва фожиамиз. Ҳозирги масала ҳақиқий Арманистон қандай ва унинг фуқаролари кимлар экани ҳақида. Ҳақиқий Арманистон фуқароси — бу ватанини ташқаридан қидирмайдиган киши», — дейди Пашинян парламентдаги чиқишида.

Никол Пашинян январ ойида янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум ўтказиш кераклиги ҳақида гапирганди. У мамлакат асосий қонунида Мустақиллик декларациясига ҳавола борлигини, бу тинчлик ўрнатишга тўсқинлик қилаётганини, янги Конституция эса мамлакатни ҳозирги геосиёсий шароитда янада яшовчан қилишини айтган эди. Шу билан бирга, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистон Конституциясининг ўзгариши мамлакатлар ўртасида тинчлик ўрнатиш шарти эканини таъкидлаган.

Арманистон Адлия вазирлигига кўра, гап «конституциявий ўзгаришлар эмас, балки янги Конституция» ҳақида кетаётган экан, уни тайёрлашга вақт талаб этилади, бу борадаги референдум эса 2027 йилдан эрта ўтказилмайди.

Озарбойжон тинчлик битими доирасида Арманистон ўз Конституциясига ўзгартиришлар киритишини талаб қилмоқда. Унда Арманистон Олий кенгаши 1990 йил 23 августда қабул қилган мамлакат мустақиллиги декларациясига ҳавола бор. Ушбу декларация бошида ўз навбатида, Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг 1989 йилдаги «Бирлашув тўғрисида»ги қўшма резолюциясига ҳавола келтирилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид