Жамият | 19:33 / 14.11.2024
1967
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро инновацион ҳафталик старт олди

Бугун пойтахтимиз Тошкентда “InnoWeek–2024” — Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бошланди. “Барқарор ривожланиш учун инновациялар” шиори остида 14-16 ноябр кунлари бўлиб ўтувчи мазкур ҳафталикда хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестиция фондлари, технологик агентликлар, технопарклар ҳамда бизнес инкубаторлар иштирокидаги тадбирлар ташкил қилиниши режалаштирилган.

“Ўзэкспомарказ” кўргазмалар саройида бўлиб ўтган очилиш маросимида сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳафталикдан кўзланган мақсад ва кутилмалар ҳақида гапирар экан:

— Ҳафталик бизга замонавий технологиялар ва илмий-ижодий ишланмалар билан танишиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш, янгича ғоялар билан биргаликда келажакка йўл очиш имконини беради, — дея таъкидлади.

Ушбу ҳафталик давомида ташкил этиладиган тадбир, мулоқот ҳамда давра суҳбатларидан кўзланган асосий мақсад ҳам хорижий ва маҳаллий мутахассислар, шунингдек, хорижий таҳлилчилар ўртасида илм-фан ҳамда технологияларнинг мазмун-моҳияти, бу борада қилинган ишлар, эришилган ютуқлар, кутилаётган натижа ҳамда тараққиёт йўлидаги муҳим босқичлар борасида ўзаро фикр, тажриба алмашиш, мулоқот майдонини яратишдан иборат.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ушбу йилги “InnoWeek” тадбири глобал ҳамда маҳаллий муаммоларга илмий-инновацион ечимлар топишда муҳим қадам эканини таъкидлади.

“Озиқ-овқат танқислиги фонидаги сув танқислиги келажакда ҳудудларимизни чўллашишига олиб келмоқда. Бу масалалар етиштирилаётган маҳсулотларимизнинг камайиб кетишига ҳам сабаб бўлмоқда. Биз инноватор олимларимиздан бу муаммоларга кўпроқ эътибор беришини сўраб қолар эдик. Энергетика хавфсизлиги йўналишида янги энергия турларини ишлаб чиқиш, энергиядан самалари фойдаланиш йўлларини топишга катта эътибор бериш керак. Ўйлайманки, “InnoWeek” доирасида бу масалаларни ечиш учун янги-янги ғоялар пайдо бўлади”, деди Шарипов.

Жорий йилда ташкиллаштирилган ҳафталик доирасида Хитой, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Германия, Корея, Испания, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистон каби дунёнинг 30 га яқин давлатларидан жами 150 нафардан ортиқ вакиллар иштирок этмоқда. Шундай хорижий вакиллардан бири, Таиланд Миллий тадқиқотлар кенгаши ижрочи директори Випарат Де-онг мазкур ҳафталикда илк бор вакиллик қилаётганини қайд этаркан, “InnoWeek–2024” қимматли тажриба ҳамда ёрқин таассуротлар олишига аёллар, ёшлар ва болалар учун инновацион маҳсулотлар, технологиялар ва хизматларни тарғиб қилишда муҳим платформага айланишини таъкидлади.

Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоевнинг хабар беришича, ҳафталик доирасида ташкил этилаётган халқаро кўргазма доирасида 512 та маҳаллий, 34 та хорижий ташкилотлар томонидан амалга оширилган “Тижоратлаштириш”, “Стартап” ҳамда “Илмий тадқиқот” лойиҳалари натижасида яратилган инновацион маҳсулотлар тақдим этилди.

Мазкур ҳафталик давомида қатнашчиларда илм-фан ҳамда инновацион соҳаларга оид билим ва кўникмаларни янада яхшилаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда мулоқот ўтказиш учун қулай шароит яратиш мақсадида дастурга кўра 22 та халқаро форум, конференция ҳамда семинар, 2 та маҳаллий тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид