Жаҳон | 10:46
2822
2 дақиқада ўқилади

Трамп Украина бўйича музокаралар учун махсус вакил тайинлайди

Доналд Трамп маъмуриятининг Украина бўйича махсус вакили бўлади, у масалани тинч йўл билан ҳал қилиш билан шуғулланади, деб хабар берди Fox News.

Фото: Украина президенти офиси

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украина бўйича махсус вакил тайинлаш ниятида, унинг вазифаси бу мамлакатда Россия бошлаган урушни тугатишга қаратилган музокараларни олиб боришдан иборат. Бу ҳақда 13 ноябр, чоршанба куни Fox News телеканали «бир неча манбаларга» таяниб хабар берди.

Телеканал суҳбатдошларига кўра, тайинлов «яқин келажакда» амалга ошади. Бу «жуда юқори мартабали махсус элчи, катта ваколатга эга шахс» бўлади ва унга «тинчлик йўлига олиб келадиган ечим топиш» вазифаси юкланади, деди манбалардан бири.

Тахминларга кўра, 2017 йилдан 2019 йилгача Трампнинг биринчи муддатида АҚШ Давлат департаментининг ихтиёрий асосда Украина бўйича махсус вакили бўлган Курт Волкер каби бу лавозимга ҳам ҳақ тўланмайди. 2025 йил январида Оқ уйни тарк этадиган АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг бундай махсус вакили йўқ эди.

ZN.UA: Махсус элчи лавозимига асосий номзод — Брайан Ҳук

Украинанинг ZN.UA ("Зеркало недели") интернет-нашри номи ошкор этилмаган манбаларга таяниб, Доналд Трампнинг Украина бўйича махсус элчиси лавозимига асосий номзод америкалик дипломат Брайан Ҳук эканлигини ёзмоқда.

Ҳук 2018 йил сентябридан 2020 йил августигача АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили ва давлат котиби Майк Помпеонинг сиёсат бўйича катта маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид