Жаҳон | 17:31 / 15.11.2024
2031
2 дақиқада ўқилади

Эстонияда аҳоли орасида пул етишмаслиги туфайли жиноятчилик кўпайгани эълон қилинди

2023 йилдан мамлакатда жиноятчилик 4 фоизга ошган. Шунга қарамай, Эстония «Европа трендидан чиқиб кетмаяпти», чунки ЕИда «жиноятчилик анча йилдан бери ўсиб келади».

Фото: AP

2023 йилдан Эстонияда ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли жиноятчилик ортмоқда, хусусан, одамлар пул етишмаётгани сабаб ўғриликка кўпроқ қўл уряпти, дейди мамлакат адлия ва рақамли технологиялар вазири Лииса-Ли Пакоста.

«Жиноятчилик ўн йил давомида камайди, аммо ўтган йилдан ўсишни бошлади. Авваллари биз жиноятчилик даражаси камайган кам сонли давлатлардан бири эдик», — дейди вазир. Пакостанинг сўзларига кўра, жиноятлар сонининг ошиши қарийб 4 фоизни ташкил этган бўлиб, умумий жиноятларнинг 25 фоизи — фирибгарлик ҳолатларидир.

Вазирнинг аниқлик киритишича, Эстония «Европа трендидан чиқиб кетмаяпти», чунки ЕИда «жиноятчилик анча йилдан бери ўсиб келади». «Шуни таъкидлашимиз керакки, таҳлилчилар Эстонияда жиноятчилик ўсишининг асосий омили ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашаётганига боғлиқ эканини айтмоқда. Афсуски, ўғрилик қилаётган инсонлар сони ҳам ошган, чунки уларга озиқ-овқат ва бирламчи зарурий воситаларини харид қилишга пул етмаяпти», — дейди Лииса-Ли Пакоста.

Январ ойида Эстония полиция ва чегара қўриқлаш департаменти озиқ-овқат ва велосипедларни ўғирлашлар сони ортганини маълум қилганди. «Бир йил ичида мулкий жиноятлар сони ортди. Улар орасида ўғрилик, фирибгарлик, киберфирибгарлик ва растраталар устунлик қилмоқда» — дейилган эди хабарда. Идора маълумотларига кўра, 2023 йилда 10 минг аҳолига нисбатан энг кўп ўғрилик ҳолатлари Тартумаа, Харюмаа, Ида-Вирумаа ва Валгамаа туманларига тўғри келган.

2024 йил бошида Эстония йиллик инфляция даражаси бўйича евроҳудуд мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллаган — у 4,4 фоизни ташкил этган. Нархлар асосан Руминия (7,1 фоиз) ва Хорватияда (4,8 фоиз) қимматлашган. Нашр маълумотларига кўра, инфляцияга асосан хизматлар, озиқ-овқат, алкогол, тамаки маҳсулотлари, шунингдек, ноэнергетика саноат товарлари нархларининг ошиши сабаб бўлган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид