Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
Учрашув махфий жойда бўлиб ўтган ва бир соатдан ортиқ давом этган. Манбаларга кўра, суҳбат давомида Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинликни камайтириш масаласи муҳокама қилинган.
Tesla ва Space X асосчиси Илон Маск 11 ноябр куни Эроннинг БМТдаги элчиси Амир Саид Иравани билан учрашгани маълум бўлди. Бу ҳақда The New York Times икки нафар эронлик амалдорга таяниб хабар берди.
NYT маълумотларига кўра, учрашув махфий жойда бўлиб ўтган ва бир соатдан ортиқ давом этган. Нашр суҳбатдошларининг айтишича, суҳбат давомида Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинликни камайтириш масаласи муҳокама қилинган ва учрашув «ижобий» ўтгани таъкидланган.
Манбалардан бирининг қайд этишича, айнан Маск учрашишни сўраган, Эрон элчиси эса жойни белгилаган. Эрон ТИВда ишловчи амалдорнинг сўзларига кўра, учрашувда элчи Иравани Маскка у Эронга нисбатан санкцияларни ечишга эришиши ва ўз бизнесининг бир қисмини Теҳронга кўчириши кераклигини айтган.
Трампнинг коммуникация бўйича директори Стивен Чунг «содир бўлган ёки бўлмаган шахсий учрашувларга оид хабарларга» изоҳ беришдан бош тортди. Маск ҳам ўзининг учрашувдаги иштирокига муносабат билдирмади. Трампнинг ўтиш администрацияси матбуот котиби Каролин Литвиттнинг таъкидлашича, Америка халқи Трампни «унга мамлакат раҳбарлигини ва куч ёрдамида бутун дунёда тинчликни қайта тиклашига ишонгани» учун танлаган.
БМТ ҳузуридаги Эрон миссияси ҳам учрашувга ҳеч қандай изоҳ бермасликларини билдирди.
Маск Трампнинг сайловолди кампаниясини фаол қўллаб-қувватлаб, унинг атрофидаги «муҳим фигура»га айланди. 13 ноябр куни Трамп Маск ва миллиардер Вивек Рамасвами АҚШ ҳукумати самарадорлиги департаментини бошқаришини маълум қилганди.
Илон Маск сайловдан кейинги бир ҳафта давомида Доналд Трампнинг Флоридадаги Мара-Лаго қароргоҳига деярли ҳар куни ташриф буюрган. Бу сиёсатчининг атрофидагиларни ғазаблантира бошлаган. Манбаларнинг сўзларига кўра, Маскнинг ташрифидан Трампга бизнесмендан кўра яқинроқ бўлган одамлар «чарчай бошлаган». Улар Маск ўз роли чегарасидан чиқиб кетаётганини айтмоқда.
Мавзуга оид
12:05
Трамп жамоасини шакллантирмоқда. Сўнгги тайинловлардан унинг иккинчи муддати қандай бўлишини билиш мумкинми?
20:38 / 14.11.2024
NBC: Илон Маскнинг хатти-ҳаракатлари Трампнинг атрофидагиларнинг ғашини келтира бошлади
20:37 / 13.11.2024
The Guardian Twitter’ни тарк этишини маълум қилди
11:58 / 12.11.2024