Жаҳон | 11:37 / 15.11.2024
3123
2 дақиқада ўқилади

ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради

Европа Иттифоқи давлатлари биргаликда ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари, замонавий зирҳли техника ва ўқ-дориларни харид қилади.

Фото: AP

Европа Иттифоқи биринчи марта аъзо давлатлар томонидан Украинага қисман етказиб бериш учун қурол, шу жумладан ракеталар ва ўқ-дориларни биргаликда сотиб олишни молиялаштиришни маъқуллади. Танланган бешта лойиҳа «Европа мудофаа саноатини умумий харидлар орқали мустаҳкамлаш» (EDIRPA) механизми доирасида амалга оширилмоқда. Ҳар бир ташаббус учун 60 миллион евро ажратилган. Молиялаштиришнинг умумий миқдори 300 миллион еврони ташкил қилади, бу ҳақда 14 ноябр, пайшанба куни Брюсселда маълум қилинди.

«Биз Европа Иттифоқи бюджетидан аъзо давлатларни умумий мудофаа харидларини қўллаб-қувватлаш учун биринчи марта фойдаланмоқдамиз», деди Европа комиссияси раиси ўринбосари Маргрете Вестагер.

Гап ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари, замонавий зирҳли техника ва ўқ-дориларни харид қилиш ҳақида бормоқда.

AFP'нинг аниқлик киритишича, тўққизта иштирокчидан иборат мамлакатлар гуруҳлари жалб этилади. Лойиҳаларда жами 20 га яқин аъзо давлатлар иштирок этмоқда, уларнинг баъзилари EDIRPA'да биринчи марта қатнашади.

ЕИ мудофаа қобилиятидаги «танқидий бўшлиқларни» ҳал қилиш

«Умумий харидлар Европа Иттифоқига аъзо давлатларда мудофаа тайёргарлигини кучайтиради», дея маълум қилди Брюссел.

Қарорлар мудофаа қобилиятидаги, хусусан, мудофаа маҳсулотларини Украинага ўтказиш натижасида кучайган «танқидий бўшлиқларни» бартараф этишга қаратилган.

Танланган лойиҳаларнинг аксарияти Украина учун қурол, жумладан, ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари ва ўқ-дориларни сотиб олишни ўз ичига олади.

EDIRPA лойиҳаларини танлаш Европа комиссиясининг март ойида ўтказилган танлови натижаларига кўра амалга оширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид