Иқтисодиёт | 11:36
913
7 дақиқада ўқилади

1 дона Bitcoin 1 кило олтиндан қиммат. Нархлар нега кескин ошди?

Жорий йил бошидан бери Bitcoin нархи икки баробардан кўпроққа қимматлашди. BTC кумушни ортда, қолдириб дунёдаги энг йирик саккизинчи активга ҳам айланиб олди. Илк марта биржага чиқарилган пайтда 5 центга баҳоланган мазкур криптовалюта нархининг кескин ошишига нималар таъсир қиляпти?

13 ноябр кунги савдоларда Bitcoin нархи тарихда биринчи марта 90 минг доллардан ошди. Айни пайтда биржада 1 BTC 89 минг 330 долларга баҳоланяпти. Бу 1 кило олтин нархидан (82 минг 624 доллар) ҳам қиммат.

Йил бошидан бери Bitcoin баҳоси 2 баробардан кўпроққа ўсди. Натижада BTC кумушни ортда қолдириб дунёдаги энг йирик саккизинчи активга айланиб олди. Хўш, нима учун мазкур криптовалюта кескин қимматлашяпти?

Биринчидан, охирги кунлардаги нархларнинг кескин ошиши Доналд Трампнинг президентлик сайловидаги ғалабаси фонида юз берди. У ҳукумат тепасига келганидан кейин “рақамли олтин” нархи 30 фоиздан зиёдга ошган. Бунга Трамп ўзининг сайловолди нутқида криптобизнесни қўллаб-қувватлагани сезиларли таъсир кўрсатди. Масалан, май ойида Трамп жамоаси расман криптовалюта орқали сайловолди кампанияси учун хайрияларни қабул қила бошлади.

Bitcoin ҳам Трампнинг реклама кампаниясининг бир қисмига айланди. Сентябр ойида сиёсатчи Ню Йоркдаги барда тарафдорларига Bitcoin’да бургерлар сотиб олди. У Ню Йорк дунёнинг “крипто пойтахти”га айланиши кераклигини бир неча бор таъкидлаб ўтди. Шунингдек, криптовалюта бозорини янада юмшоқроқ тартибга солишга ваъда берди, бу компаниялар ва инвесторлар учун муҳим афзалликларни тақдим этиши мумкин. Ушбу баёнотлар крипто бозорида ижобий муҳит яратяпти.

Иккинчидан, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва инфляция сабабли кўплаб инвесторлар Bitcoin’ни ҳам олтин каби анъанавий активларга муқобил капитални ҳимоя қилиш воситаси сифатида кўришни бошлашди. Айниқса, Трампнинг ғалабаси молия бозорларида ноаниқлик юзага келтирди. Унинг иқтисодий сиёсати, хусусан солиқни пасайтириш ва давлат харажатларини кўпайтириш режаси, давлат қарзини ошириши мумкин. Бу эса инфляцияга олиб келиши прогноз қилиняпти ва Bitcoin инфляцияга қарши ҳимоя воситаси сифатида қараляпти.

Учинчидан, АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) томонидан Bitcoin ETF’ларининг тасдиқланиши институционал инвестициялар оқимини оширди. Натижада йирик фондлар ва компаниялар криптовалюта бозорига фаол киришди, бу эса курсни мустаҳкамлашга ёрдам берди. Бундан ташқари, 2024 йилда Bitcoin Halving жараёни амалга ошди ва майнерларга бериладиган рағбат миқдори икки баробар – 6,25 BTC’дан 3,125 BTC’га туширилди. Таклифнинг камайиши ва талабнинг сақланиши ёки ортиши билан нарх юқори даражада сақланиб қоляпти.

Маълумот учун, бошқа активлардан фарқли равишда Bitcoin сони чекланган – 21 млн дона. Ҳар 4 йилда блокни қазиб олганлик учун рағбат миқдори икки баробар камайиб боради. Шу жиҳатдан криптовалютани қазиб олиш вақт ўтган сари мураккаблашиб бораверади. Масалан, 2012 йилда битта блокни қазиб олган майнер 50 та Bitcoin олган бўлса, ҳозирда 3,12 та Bitcoin олиши мумкин холос.

Криптовалюта ва одатий валюта ўртасидаги фарқ нимада?

Валютанинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унда эмиссия қилувчи (пул чиқарувчи) муассаса мавжуд ва тегишли қонунга мувофиқ тўловларнинг белгиланган ҳудудларда ўз қийматида қабул қилиниши қатъий белгиланади. Ярим аср олдин пулларнинг қиймати олтин билан таъминланган бўлса, бугунги кунга келиб, улар мамлакатда яратилган маҳсулот ва хизматлар умумий йиғиндиси билан таъминланиши кўзда тутилган. Бироқ криптовалюта виртуал пул бўлиб, биз амалда фойдаланаётган пуллардан фарқли ўлароқ, жисмоний ифодага эга эмас. Уларнинг асосий хусусияти марказлашмаганида. Бунда ҳар бир иштирокчи тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлади. Шунинг учун банклар, солиқ, суд ва давлат органлари криптоактивлар фойдаланувчиларининг транзакцияларига таъсир қила олмайди. Криптовалюта ҳамёнлари ва транзакциялари билан боғлиқ барча маълумотлар блокчейнда сақланади.

Илк криптовалюталардан бири ҳисобланган Bitcoin жаҳон молиявий инқирозидан кейин вужудга келган. У 2009 йил 3 январда ўзини Сатоши Накамото деб номлаган бир ёки бир неча шахслар томонидан яратилган.

Сатоши Накамото исми ортида турган киши ёки бир гуруҳ инсонларнинг ким эканлигини аниқлаш учун олиб борилган барча ҳаракатлар зое кетгани боис, бугунги кунга Bitcoinʼнинг ҳақиқий яратувчиси ким экани номаълум.

Bitcoin криптовалютаси бу – ишончга эмас, балки криптографик кодлаш тизимига асосланган, ўзаро ҳеч қандай воситачиларсиз (банк ёки бошқа молиявий инструментлар) тўловларнинг бевосита иштирокчилар ўртасида амалга оширилишини таъминловчи тўлов тизимидир.

Bitcoin'нинг ўзига хос жиҳатлари:

  • марказлашмаган тизим – бунда ҳар бир иштирокчи тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга;
  • ҳисоб-китобларнинг тўлиқ шаффофлиги – ҳар бир иштирокчи барча транзакцияни кўриши мумкин;
  • назоратнинг йўқлиги – ҳеч бир давлат ёки ташкилот тизим ичидаги операцияларни назорат қила олмайди;
  • сирлилик – тизим иштирокчилар ҳақидаги маълумотлар тасдиқланишини сўрамайди;
  • тангаларни эмиссия қилиш чекланган – жами бўлиб 21 000 000 BTC чиқарилади;
  • баланс иккиёқлама ёзув асосида бўлмайди, балки барча транзакциялар хронологик тартибда барча иштирокчиларда кўринади;
  • инфляцияга учрамайди, қиймати талаб ва таклифга қараб ўзгаради.

Bitcoin ва шунга ўхшаш криптовалюталардан фойдаланиб пул ювиш, чет элга маблағларни ноқонуний олиб чиқиб кетиш, жиноий мақсадлар ва ноқонуний товарлар учун тўловларни амалга ошириш, фирибгарлик операцияларини амалга ошириш мумкин. Молиявий регуляторлар эса бу операцияларни назорат қила олмайди. Мазкур омиллар криптовалюталарга нисбатан салбий муносабат пайдо қилади.

Кўпгина иқтисодчилар ҳали ҳам криптовалюталарни спекулятив актив ҳамда молиявий пуфак сифатида кўради ва тан олмайди.

Bitcoin'нинг бозор қиймати қандай шаклланган?

Bitcoin тармоғи илк бор ишга туширилганда расмий биржада сотилмас эди, шунинг учун унинг бозор баҳоси бўлмаган. 2010 йил май ойида Bitcoin илк бор ҳақиқий товар сотиб олишда ишлатилди. Дастурчи Ласзло Ҳанесз 10 000 BTC эвазига иккита пицца сотиб олади. Ўша пайтда 10 000 БТС 25 долларга тенг бўлган, яъни 1 BTC тахминан 0,0025 доллар (ярим центдан кам) қийматга эга бўлган.

2010 йилнинг июл ойида Bitcoin илк бор расмий биржада савдога чиқди. Нарх тахминан 0,05 долларни (беш цент) ташкил қилган.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид