Абхазия раҳбари истеъфога чиқмаслигини маълум қилди
Аслан Бжаниянинг матбуот хизмати унинг Россия ҳарбий базасига кўчирилгани ҳақидаги даъволарни рад этди. Абхазия раҳбари истеъфога чиқишдан бош тортди.
Ўзини мустақил деб эълон қилган Абхазия республикаси раҳбари Аслан Бжания мухолифат талабларига зид равишда истеъфога чиқмаслигини айтди. Бу ҳақда 15 ноябр, жума куни Telegramʼдаги «Апсны Иахьа» ахборот канали хабар берди.
«Абхазия президенти, Абхазия вице-президенти, бош вазир, ҳукумат аъзолари Абхазияда ва шу ерда бўладилар ва ишлашда давом этадилар», — деди Бжания ва ўзини мустақил деб эълон қилган республика ҳудудини тарк этмаганини қўшимча қилди.
Бжания матбуот хизмати унинг мурожаатидан кейин у Россия ҳарбий базаси ҳудудига кўчирилгани ҳақидаги даъволарни рад этди. Бжания ўзи туғилиб ўсган Тамиш қишлоғида, дея ишонтирмоқда матбуот хизмати.
«Апсны Иахьа» канали сиёсатчи Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказмагани ҳақида хабар берди.
Мухолифат: «Аслан Бжаниянинг истеъфога чиқишига бир соат вақт бор»
Ўз навбатида, мухолифат вакили Леван Микаа ултиматум қўйди: «Аслан Бжаниянинг истеъфога чиқишига бир соат вақт бор, акс ҳолда у яширинган жойга келамиз!» Мухолифатчининг сўзларини «D News Абхазия» Telegram-канали келтирди.
Минтақадаги оммавий норозиликларга Россия Федерацияси билан имзоланган инвестиция келишуви сабаб бўлган.
15 ноябр куни келишувни ратификация қилиш ниятида бўлган парламент биноси олдида юзлаб намойишчилар йиғилган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан, полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Намойишчилар парламент мажлислар залига бостириб киришди. Россия билан инвестиция шартномасини ратификация қилишдан бош тортишдан ташқари, улар Бжаниянинг истеъфосини талаб қилишди. Абхазия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида тўққиз киши жароҳатланган.
Абхазияда қўлга олинган мухолифатчилар озод қилинди
Ўзини мустақил деб эълон қилган Абхазия республикасида аввал қўлга олинган барча намойишчилар қўйиб юборилди, деб хабар қилди матбуот 12 ноябр куни. Фаоллар Умар Смир, Гарри Кокаю, Алмасхан Ардзинба, Рамаз Жопуа ва Аслан Гварамия бир кун аввал Сухуми шаҳри яқинида ушланган эди. «Абхазия миллий бирлиги форуми» мухолифат партияси раиси Аслан Барцицнинг айтишича, уларнинг барчаси «яқинда имзоланган Россия-Абхазия инвестиция фаолияти тўғрисидаги келишувга бағишланган Гудаута районидаги оммавий йиғилишдан» қайтаётган бўлган.
Барциц воқеани сиёсий сабабларга кўра таъқиб деб атади, гарчи ўзини мустақил деб эълон қилган республика расмийлари мухолифатчилар «ноқонуний ҳаракатлар» учун қўлга олинганини даъво қилди.
Мавзуга оид
18:46 / 15.11.2024
Абхазия парламенти олдида юзлаб намойишчилар йиғилди
10:19 / 13.11.2024
Абхазияда қўлга олинган мухолифатчилар озод қилинди
17:37 / 12.11.2024
Абхазияда Россия билан инвестиция келишувига қарши чиққан фаоллар қўлга олинди. Сухумида намойишлар бошланди
07:40 / 07.08.2024