“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
Бошланғич 20 фоизлик тўлов, йиллик 7 фоиз устама ва завод билан “прямой” алоқа – Тошкентда 16 кун олдин давлат рўйхатидан ўтган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ одамларни шу шартлар асосида машина олиб беришга ишонтирмоқда. “Ислом молия талаблари асосида” фаолият юритишини айтаётган фирма ҳатто UzAuto Motors’да ҳам йўқ бўлган бир пайтда янгиланган Cobalt машинасини етказиб бериш бўйича мижозлар билан шартнома тузмоқда. Мижозлар хатто “Хитойдаги автомобил компаниялари билан алоқамиз бор” дея ишонтирилмоқда. Бу “тўплайман-у, қочаман” сценарийсидаги навбатдаги фирибгарлик бўлиши мумкин.
Тошкент шаҳрида очилган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ одамларни осон шартларда автомашина олиб беришга ишонтирмоқда. Фирманинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган рекламаларида мижозларга бир неча турдаги автомобиллар йиллик 7 фоизлик устама ва 1 йилдан 5 йилгача бўлиб тўлаш шарти билан олиб берилиши ваъда қилиняпти.
Автолизинг фирмаси айтаётган шартлар Ўзбекистон шароитидаги иқтисодий қоидаларга мутлақо мос келмайди. Бу эса мазкур фирма одамларни чув туширишга уринаётган навбатдаги “қопқон” экани ҳақида шубҳаларни уйғотади. Бундай дейишимизга бир нечта асослар бор.
Йўқ фирма билан бошланган фаолият
Очиқ манбаларга кўра, “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ 2024 йил 31 октябр куни давлат рўйхатидан ўтган. Унинг таъсисчиси Йўлдошев Ихтиёржон Обиджон ўғли.
Бироқ автолизинг фирмасининг Telegram’даги каналида 25 октябр куни “илк мижози” қўлига машина калитини олгани, шунингдек, 27 октябр куни мижозлардан бири Damas машинаси харид қилгани ҳақида постлар эълон қилинган.
Фирма мижозларига тақдим этаётган шартномага кўра, машина 20 кундан 105 иш кунигача етказиб берилади. Демак, 25 октябрда машина калитини қўлга киритган мижоз камида 1 октябр куни МЧЖ билан шартнома тузган бўлиши керак. МЧЖ 31 октябр куни давлат рўйхатидан ўтган бўлса, унда “илк мижоз”га Damas қандай олиб берилди?
Заводда йўқ Cobalt’га шартнома фирмада “бор”
Cobalt сотиб олиш учун UzАuto Motors билан шартнома тузишнинг ўзи бир муаммо. Охирги марта 2024 йилнинг 17 июл куни Cobalt учун бир кунга онлайн шартнома тузиш имконияти очилганди. Қолаверса, UzAuto Motors Cobalt'нинг янгиланган версияси 2025 йилдан бошлаб сотувга чиқарилишини, шартнома ҳам 2025 йилдан берилишини маълум қилган.
Аммо “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ ҳеч иккиланмасдан одамлар билан уларга янгиланган версиядаги Cobalt етказиб бериш бўйича шартнома тузмоқда. Етказиб бериш муддати 105 иш кунигача. Дастлабки тўлов эса 29,5 млн сўм.
Бундан ташқари, шартномада мижоздан автомобил олиш учун ҳужжатларни йиғиш (рекламада эса фақат фуқаролик паспорти кераклиги кўрсатилган), тайёрлаш ва расмийлаштириш учун хизмат сифатида 995 минг сўм ундириш белгиланган. Шунингдек, мижоз ҳали мавжуд бўлмаган (ва бўлиши ҳам катта шубҳа остидаги) машина учун:
- рўйхатдан ўтказишга (!) 2 млн 325 минг сўм;
- техник паспортга 238 минг сўм;
- давлат рақам белгисига 1 млн 190 минг сўм;
- ҳисоб маълумотномасига 40 минг сўм;
- банк комиссияларига 360 минг сўм;
- ЙҲХБга ариза учун 34 минг сўм тўлаши керак бўлади.
Ўзини “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ менежери деб таништирган Иброҳим исмли ходимнинг тушунтиришича, автолизинг фирмаси машинани UzAuto Motors билан ўзаро шартнома қилган ҳолда олади ва нотариус орқали тақиқ қўйиб, мижоз номига ўтказиб беради.
UzAuto Motors’нинг муносабат билдиришича, “Halol Avtolizing”, яъни “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ “UzAuto Motors” AJ расмий дилери эмас ҳамда унга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Platforma.uz каналида айни шу мазмунда эълон қилинган постга автолизинг фирмаси шундай муносабат билдирган:
“Биз UzAuto Motors компанияси машиналарини сизга расмий дилер сифатида эмас, “Halol Avtolizing” (алоҳида лизинг компания) компанияси сифатида бўлиб тўлашга беришимизни билдирамиз. Биз шуни таъкидлашни истаймизки, “Halol Avtolizing” ҳеч қандай фирибгарликка алоқадор эмас ва ўз мижозларига қонуний ҳамда шаффоф хизмат кўрсатади.
“Halol Avtolizing” мустақил лизинг компанияси бўлиб, барча жараёнларимиз қонунчиликка мос тарзда амалга оширилади”.
UzAuto Motors машиналарига шартномани фақатгина фуқаронинг шахсий кабинети орқали онлайн тузиш мумкин. “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ қандай қилиб расмий дилер бўлмаган ҳолда UzAuto Motors’дан Cobalt олиб, мижозга расмийлаштириб бериши тушунарсиз.
“Биз прямой заводдан олиб берамиз”
Бу “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖнинг мижозларга айтаётган ваъдаси. Фирма рекламаларига эътибор қаратилса, маҳаллий ишлаб чиқарувчи компания машиналаридан ташқари чет эл машиналари ҳам бор.
Kun.uz мухбири фирманинг бир неча ходимлари билан боғланиб, шубҳали бўлиб қолаётган жиҳатларга аниқлик киритишга уриниб кўрди. Афсуски, “барчаси қонуний, тегишли ҳужжатлар асосида иш юритамиз, бизда алдов йўқ” каби умумий жавоблардан нарига ўтилмади.
Яна бир муҳим жиҳат – фирма фақат маҳаллий ҳамда хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобилларни олиб бериш хизматини таклиф қилади. Муқаддам фойдаланилган, яъни ҳайдалган автомобилни мижоз учун пулини тўлаб олиб бермайди.
Kun.uz вакили мижоз сифатида автолизинг фирмаси офисига бориб, менежерлар билан суҳбатлашди.
Уларнинг суҳбати қуйидагича кечди:
Kun.uz вакили: “Машина олмоқчи эдим, шартларингиз қанақа? BYD ҳам олиб бера оласизларми?”.
Фирма менежери: “Олиб берамиз, ака. Фақатгина бизда тайёр машиналар йўқ. Заводдан 20 иш кунидан 105 иш кунигача чиқиши мумкин машинангиз. Озгина кутасиз”.
Kun.uz вакили: “Тайёр машина олиб келсам, ўшани олиб бера қолинглар менга”.
Фирма менежери: “Тайёр машина олсангиз қимматга тушиб кетасизда. Қиммат-да у”.
Kun.uz вакили: “Нега? Тайёр машина топаман, шунинг 20 фоизини тўлайман, қолганини сизлар тўлаб, олиб берасизлар”.
Фирма менежери: “Йўқ, биз унақа нарса билан шуғулланмаймиз”.
Kun.uz вакили: “Сизларнинг заводлар билан алоқаларингиз йўқ-ку. Ёки Хитой заводлари билан ҳам алоқаларингиз борми?”
Фирма менежери: “Бор. Ҳамма машинадан бемалол чиқариб бера оламиз. Фақатгина сиздан талаб қилинадиган нарса сабр қилишингиз керак бўлади”.
Kun.uz вакили: “BYD заводи билан сизларнинг қандай алоқаларингиз бор?”.
Фирма менежери: “Вой, ака, ҳаммаси билан алоқамиз бор”.
Kun.uz вакили: “Ўзларингиз ўша завод билан тўғридан тўғри шартнома қиласизларми?”
Фирма менежери: “Ҳа. Автосалонга чиқса ҳам устига қўшилади. Биз эса прямой заводдан буюртма асосида олиб чиқиб берамиз”.
Kun.uz вакили: “Машина кимнинг номида туради?”
Фирма менежери: “Сизнинг номингизда бўлади. Олди-сотди қилмаслигингиз учун тақиқ қўйилади фақат”.
Kun.uz вакили: “Хўп, мен тайёр машина олиб келсам, шунга ўтказиб беринг”.
Фирма менежери: “Йўқ. Биз заводга ўзимиз тўлов қиламиз. Сиздан олдин навбатда қанча навбат бор”.
Kun.uz вакили: “Сиз барибир ўзингизнинг 7 фоиз фойдангизни қўясиз, нима фарқи бор?”.
Фирма менежери: “Унақа нарса бўлмайди, ака. Сиздан олдинги одамлар-чи? Биз узоғи 10-15 кунда қайси машинани олмоқчи бўлсангиз, ўшанинг заводига тўлов қиламиз”.
Мақсади йиллик 7 фоизлик устама ҳисобидан даромад олиш бўлган компания нега тайёр автомобилни олиб бера қолмаслиги ҳам ғалати.
Йиллик 7 фоизлик устама
Фирманинг айни шу ваъдаси одамлар учун ташланган “хўрак” вазифасини ўтаётган бўлса, ажаб эмас. Негаки, Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан автомобил хариди учун ўртача йиллик 23 фоиздан юқори бўлган кредитлар таклиф этилмоқда.
Автолизинг фирмаси менежери “Иброҳим” буни компанияга чет элдан 1 фоизлик инвестиция киритилгани, шунинг ҳисобига фирма машинани заводдан ўзи тўлиқ пулини тўлаган ҳолда сотиб олиб, мижозларга йиллик 7 фоизлик устама асосида бериши билан изоҳлади. МЧЖ кам фоизлик устама ва шартномада пеня (жарима) мавжуд эмаслигини “Ислом молия талаблари асосида” деган ниқобга ўраб, одамларга тақдим қилмоқда.
Йиллик арзон устама одамларни жалб қилиш ролини бажарса, дастлабки тўловнинг банкка топширилиши гўёки қонунийлик тусини беришга хизмат қилган. Аслида эса, тўлов банк орқали амалга оширилса ҳам “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖнинг ҳисоб рақамига бориб тушади. Бунда банкда бирор бир масъулият ёки мажбурият бўлмайди. Ҳисобрақамда тўпланган пулни исталган вақтда биргина тугмани босиш орқали “қўлтиққа уриш” қийин иш эмас.
Қолаверса, “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖнинг даромади 7 фоизлик устамада экани ҳам бизнес қоидаларига тўғри келмайди. Бу фоизлар Ўзбекистон шароитида солиқларни қоплашга етмайди, хатто. Фирманинг айланмаси 1 млрд сўмдан ошса, у ҚҚС тўловчига айланади. Мижозлар билан тузилаётган шартномада эса бу нарса назарда тутилмаган.
Фирма менежери “Иброҳим”нинг таъкидлашича, ҳозиргача 105 нафар мижоз машина харид қилиш мақсадида “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ билан шартнома тузган. Улар камида Damas учун бошланғич тўловни амалга оширган бўлсалар ҳам фирма ҳисобрақамида тўпланган пул миқдори аллақачон 1 млрд сўмдан ошиб кетган. ҚҚС тўловчисига айланиш эса фирманинг йиллик 7 фоизлик устама билан даромад кўриш эҳтимолини йўққа чиқаради.
Бурун остидаги фирибгарлик
Бугунги кунгача Ўзбекистонда одамлар энг кўп алданган фирибгарлик турларидан бири айнан автомобил олди-сотдиси ҳисобланади. 3 ой ичида 19 мингдан ортиқ одам 57 млрд сўмга чув тушган “Авто 60 ой” иши, “Mega Auto Leasin” ҳамда “Mega Car Leasin” МЧЖлар иши бунга мисол.
Яқинда Рақобат қўмитаси фуқароларни автолизинг фирмалар билан шартнома тузишда огоҳ бўлишга, алданиб қолмасликка чақирди. Унга кўра, ўтган йиллар давомида автомобиллар учун олдиндан тўловларни амалга оширган, бироқ белгиланган муддатда машина етказиб берилмаган ёки тўланган пуллар қайтариб берилмаётгани ҳолати бўйича 2000 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг асосий қисми «Umid avto companies» МЧЖ, «Orient avto lizing» МЧЖ va «Imkon avto» МЧЖ, «Mega auto lizing» МЧЖ, «AVTO 60-OY» МЧЖ, «Avtohamkor 0 foiz» МЧЖ ва бошқа корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Бу корхоналар қисқа муддатда янги автомобил олиб бериш ваъдаси билан истеъмолчиларнинг пул маблағларини жалб қилиб, ўз мажбуриятларини бошқа истеъмолчилардан жалб қилинган маблағлар эвазига қоплаш ва истеъмолчилардан олинган пулларни қайтаришни бир йилдан ортиқ муддатга кечиктириш (ушлаб туриш) каби ҳолатларга йўл қўйган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан «Umid auto leasing», «Umid lizing Tashkent», «Umid auto», «Umid avto Tashkent», «Umid avto lizing», «Mega Avto Leasin-Hamkor», «Mega Avto Leasin», «Samo Rimmax Avto», «Rimmax Auto Leasin», «Ishonch Auto Leasin», «Asr Auto Leasin», «Baraka Avto Baraka Business» МЧЖлар мансабдор шахсларига нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Аммо бурун остидаги фирибгарлик қачонки юзлаб, минглаб одамлар унинг тўрига тушиб, зарар кўргачгина маълум бўлмоқда ва жиноят иши қўзғатилмоқда.
“Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ ҳам давлат рўйхатидан ўтиб, 15 кунда одамлар “тилига тушди”. Айни шу йўналишдаги олдинги кейслар такрорланмаслиги ва кўплаб одамлар алданиб қолмаслиги учун мазкур автолизинг фирмаси таклиф қилаётган шартлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан текширилиши керак.
Kun.uz юртдошларимизни яна бирор бор огоҳ бўлишга, алданиб қолмасликка чақиради.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
07:31 / 12.11.2024
Октябрда айрим автомобиллар нархи бироз пасайди
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
15:11 / 05.11.2024