Жаҳон | 16:51
4784
7 дақиқада ўқилади

Бундан 50 йил олдин ўзга сайёраликларга биринчи хабар юборилганди. Унда нималар ёзилган?

Хат мазмуни кўпчилик олимларнинг танқидига учраган.

Фото: estadespr / Shutterstock / FOTODOM

1974 йил 16 ноябрда инсоният тарихида биринчи марта очиқ коинотга ўзга сайёраликлар учун мақсадли радио хабар — “Аресибо хати” юборилганди, деб эслайди History портали. Хатда нималар бўлгани, уни ким тузгани ва “матн” нима сабабдан мазмуни учун танқидга учрагани ҳақида “РБК” мақола чоп этди.

Хабарда нима шифрлаб ёзилганди?

Хабар тахминан уч дақиқа давомида 2380 МГц частотада узатилган, унда 1679 бит маълумот мавжуд бўлиб, улар 73 сатр ва 23 устундан иборат тўр шаклида жойлаштирилган, дейилади National Geographic мақоласида. Уни яратиш учун энг оддий компютер коди — иккилик саноқ тизимидан фойдаланилган. Мактубда Ернинг саноқ системаси, ДНК структураси, шунингдек, Қуёш системасида Ернинг қаерда жойлашгани кўрсатилган. Бундан ташқари, хабарда инсон қомати ва хат жўнатилган жой — Пуэрто-Рикодаги Аресибо расадхонасининг тасвирлари ҳам акс эттирилган. “Мактуб” Ердан 25 минг ёруғлик йили масофада жойлашган М13 шарсимон юлдузлар тўдаси томонга юборилган.

Қабул қилувчи хабарни декодлаши, яъни ўрнатилган визуал шаблонни шифрдан чиқариши керак эди.

Келгиндиларга юборилган хат муаллифи ким эди?

“Аресибо хати” астроном Фрэнк Дрейкнинг иши. У машҳур Дрейк тенгламасини яратган, бу эса ўзга сайёраларда ҳаёт мавжуд бўлиш эҳтимолини баҳолашга имкон беради. Келгиндилар учун хабарни яратишда фан тарғиботчиси Карл Саган ҳам иштирок этган.

Бундан ташқари, Дрейк лойиҳага Корнелл университети (АҚШ) аспирантларини жалб этган. “У менга ўзининг қоралама вариантини кўрсатди, бу якуний вариантга жуда яқин эди”, — дейди аспирантлардан бири Ричард Айзекман.

Nature журнали ёзишича, ушбу хабар қисман эътибор тортиш усули ҳам бўлган. Аресибо расадхонасида йирик модернизация ишлари эндигина якунланган, астрономлар телескопнинг қудратини намойиш этмоқчи эди. Дрейк ўша пайтда расадхонани бошқарар, унга моҳиятан янги илмий асбоб хотирасини абадийлаштириш топширилганди. Олимнинг сўзларига кўра, ғайризаминий онгга хабар юбориш ғояси унинг ёрдамчиси Жейн Аллендан чиққан.

Жавоб олиш эҳтимоли жуда кам бўлса-да, бу астрономларнинг юлдузлараро алоқа ҳақидаги тасаввурларини кенгайтирди. “Аресибо хабари” қарама-қарши алоқа учун эмас, балки инсониятнинг коинотга мурожаат қила олишини кўрсатиш учун юборилганди. Агар бошқа ақлли цивилизация мавжуд бўлса ва тегишли ускуналарга эга бўлса, у бизни эшитиши мумкинлигини намойиш этиш мақсад қилинган.

Шифр нима учун танқид қилинди?

Воқеадан сўнг астрономлар “ғайриоддий маданий алмашинув”га сабаб бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳақида ўйланиб қолган. National Geographic нашрига кўра, хабарни жўнатиб бўлгач, олимлар “матн” кенг доирадаги маслаҳатлашувларсиз тузилганидан ташвишга тушган.

Хавфли огоҳлантириш

Айрим танқидчиларнинг фикрича, коинотга жўнатилган хабарлар салбий кайфиятдаги ўзга сайёраликлар эътиборини жалб қилиши мумкин. Масалан, Лю Цисининг “Уч жисм муаммоси” номли илмий фантастик асарида коинотга хабар юбориш инсониятни бошқа цивилизация учун нишонга айлантириши мумкинлиги тўғрисида мулоҳаза юритилади. Романда “Қоронғу ўрмон” деб номланган назарий ғоя илгари сурилган бўлиб, унда ўзга сайёра цивилизациялари турли хил хавф-хатарларга тўла ўрмонда яшириниб юрган ўлжага қиёсланади.

“Баъзи мутахассислар мавжудлигимиз ҳақида ўзга сайёраликларга хабар юборишни чиндан ҳам ақлсизлик деб ҳисоблайди. Бироқ бундай сигналлар Ердан узлуксиз тарқалаётган теле ва радиосигналлар билан беллашишига тўғри келади”, — деб таъкидлади астробиолог Абел Мендес.

Сексистик код

Дрейк хабарномада инсон қиёфасини қандай тасвирлаш ҳақида узоқ ўйлаган — аввалига у жинссиз ниманидир тасаввур қилмоқчи бўлган. Аммо бундай тасвир одамни эмас, балки гориллани эслатарди. Шунинг учун якуний шакл эркак силуэтига ўхшатилди.

“Агар хабар бугун яратилганида, унинг муаллифи янада инклюзив ақлий ёндашувдан фойдаланган бўларди. Хатнинг 90 фоизини ёлғиз ишлайдиган 44 ёшли оқ танли эркак — Френк Дрейк яратганини ҳисобга олинг”, — дейди Айзекман.

Nature қўшимча қилишича, “Аресибо хати” ўзга сайёрадан ақл излаш билан шуғулланувчи олимларнинг демографик хусусиятлари улар жўнатаётган хабарларга қандай таъсир кўрсатишини намойиш этади. Санъатдаги каби бундай “матнлар” ҳам хурофотлар, қадриятлар ва ўз-ўзини англаш таъсирида яратилади — булар “тарих ва маданиятни акс эттирувчи кўзгулар”дир. 1970 йилларда астрономияда кичик демографик гуруҳ ҳукмронлик қиларди, бу эса ўзга цивилизацияларга юборилаётган хабарнинг дизайни ҳамда мазмунига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган.

Шу билан бирга, журнал бутун илмий ҳамжамиятни сексист деб ҳисоблаш шошма-шошарлик бўлишини таъкидлади. Масалан, Дрейк 1960 йиллардаёқ Озма номли ўзга сайёраликларни қидириш лойиҳасига қизларни ҳам қўшган.

Лойиҳа Миллий радиоастрономия обсерваториясида амалга оширилаётганди. Баъзи ходимлар Дрейкнинг аёлларни ишга жалб этиш қарорига қарши чиққан. Уларнинг фикрича, талаба қизларга маблағ сарфлаш ресурсларни беҳуда совуриш эди: қизлар турмушга чиқиб, бола кўриб, фанга ҳеч қандай ҳисса қўшмайди. Бироқ Дрейк бу фикр нотўғрилигини ўз тажрибасидан яхши биларди.

Унинг Ҳарварддаги докторлик диссертацияси бўйича илмий раҳбари аёл киши бўлган (Сесилия Хелен Пейн-Гапоскина). Унинг ишлари туфайли юлдузлар асосан водород ва гелийдан ташкил топганлиги аниқланди, бу эса астрофизика ва осмон жисмларининг таркиби ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирди. Озма лойиҳасининг илк талабаларидан бири Эллен Гундерманн Ҳарвардда астрономия бўйича докторлик даражасини олди, уни космик мазерни кашф этган биринчи астроном дейиш ҳам мумкин. Ушбу ҳодиса лазерга ўхшайди, аммо ёруғлик эмас, микротўлқинли нурланиш беради, бу одатда қора туйнуклар атрофида кузатилади. Гундерманннинг қизи эса геофизика соҳасида мукофот совриндори бўлган.

Яъни, Дрейк гендер бўйича нотўғри қарашлар билан курашган бўлса-да, унинг ўзи бу қарашларни бошқа сайёрадаги ақл эгаларига юборган. Nature эса хабардаги расмга санъат асари, ўзига хос автопортрет сифатида қарашни тавсия қилмоқда. Кейинчалик астроном онг ости даражасида инсоний шакл тасвири ўзига ўхшашини истаган бўлиши мумкинлигини тан олди: “Гўё ўзимни ‘Юлдузлар сари’ услубида телепортация қилаётгандек эдим”.

Мавзуга оид