Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
HRW Исроилни Ғазо секторидаги фаластинликларни мажбуран кўчирганликда айблади
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хулосасига кўра, Исроилнинг фаластинликларни кўчириш бўйича кўплаб ҳаракатлари қасддан амалга оширилган, бу уруш жиноятларига тенг.
Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботи эълон қилинди, унда Исроил Ғазо секторидаги фаластинликларнинг оммавий кўчирилиши, шунингдек, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун масъул экани таъкидланади.
Ҳисобот Исроил 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумга жавобан Ғазодаги Фаластин қуролли гуруҳларига қарши ҳарбий ҳужум бошлаган даврни қамраб олади. Ҳуқуқ ҳимоячилари БМТ маълумотларига таяниб, 2024 йил октябр ҳолатига кўра, Ғазо секторида 2,2 миллион аҳолидан 1,9 миллион киши уй-жойини ташлаб кетганини таъкидламоқда. HRW тадқиқот учун 39 нафар фаластинлик билан суҳбат ўтказди, шунингдек, Исроилнинг эвакуация бўйича буйруқлари ва Ғазо секторидаги вайронагарчиликни ҳужжатлаштирган сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб чиқди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хулосасига кўра, кўчирилиш бўйича кўплаб ҳаракатлар қасддан амалга оширилган, бу уруш жиноятларига тенг. Ҳисоботда, шунингдек, Исроил ҳукумати томонидан мажбурий кўчириш ҳаракатлари кенг тарқалган ва тизимли эканлиги ҳақида хулоса қилинган. Қўмондонлик масъулияти бўлган юқори мартабали амалдорларнинг баёнотлари шуни кўрсатадики, мажбурий кўчириш Исроил давлат сиёсатининг бир қисмидир ва шунинг учун инсониятга қарши жиноят ҳисобланади.
Human Rights Watch ташкилотига кўра, Исроил аҳолини кўчириш учун етарли ҳарбий сабабларга эга эмас эди. Эвакуация бўйича буйруқлар номувофиқ ва ноаниқ бўлиб, кўпинча етарли вақт берилмас ёки тинч аҳолига умуман етиб бормасди. Эвакуация Ғазо аҳолисига янги жойга кўчиб ўтганидан кейин хавфсизликни кафолат бермаган, кўпинча қўрқув ва саросимага сабаб бўлган, дейилади ҳисоботда.
Белгиланган эвакуация йўллари ва хавфсиз ҳудудлар Исроил ҳарбийлари томонидан бир неча бор ҳужумга учраган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, Исроил озиқ-овқат, сув, санитария ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишни таъминлаш учун асосий кафолатларни амалга ошириш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш ўрнига, уларни тўхтатиш ёки гуманитар ёрдамни кескин чеклаш чораларини кўрди.
Ҳисоботда айтилишича, Исроил Ғазо секторидаги уй-жой ва фуқаролик инфратузилмасига катта зарар етказган, бу кўплаб одамларни доимий равишда бошқа жойга кўчириш ниятидан далолат беради. HRW бошқа давлатларни Исроилнинг ҳаракатларини қоралашга, жиноятларга алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар қўллашга ва Исроил армиясига қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирди.
Исроил бу айбловларни рад этди. Исроил армияси ушбу ҳисобот «баъзи ҳайратланарли нотўғри маълумотларни» акс эттирганини таъкидлади ва HRW «узоқ вақтдан бери аксилисроил сиёсатни қўллаётганини» таъкидлади.
Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:33 / 27.05.2025
Уиткофф: Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича келишувни рад этди
20:40 / 26.05.2025
Уиткофф ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга тайёр деган даъволарни рад этди
19:43 / 26.05.2025