Жаҳон | 20:44
1491
13 дақиқада ўқилади

Марко Рубио — бўлажак давлат котиби. У Трампга ёқиш учун қарашларини кескин ўзгартирган сенатор

У 2016 йилги сайловларда Трампга жиддий рақобат кўрсатган, пойгадан чиққанидан кейин эса унинг тарафдорларини қаттиқ танқид қилганди.

Joe Raedle / Getty Images

АҚШнинг сайланган президентлари одатда ҳукумат таркибидан ўрин оладигна вазир ва маслаҳатчиларини декабр арафасида эълон қилади. 2016 йилда Доналд Трамп ҳам шундай йўл тутганди. Трампнинг кутилмаган ғалабасидан кейинги ҳафталарда консерватив сиёсатчилар ва тадбиркорлар бирин-кетин унинг Ню Йоркдаги офисига ташриф буюришганди. Улар билан суҳбатлардан кейин республикачи президент кимларни қайси лавозимга танлаганини эълон қилади.

Энди, иккинчи сайловдаги ғалабасидан кейин эса, Трамп ўз қарорларини ортга суриб ўтирмади. У аллақачон мудофаа ва ички хавфсизлик вазирларини танлаб бўлди, чегара «ҳукмдори» ким бўлишини ўзи учун ҳал қилди, Россия пропагандасининг севимли сиёсатчилардан бўлган аёл миллий разведка директори, антиваксер — соғлиқни сақлаш вазири, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва қўшмачилар билан алоқада бўлишда гумонланган конгрессмен — бош прокурор бўладиган бўлди.

Президент кабинети аъзолари сенат томонидан тасдиқланиши керак бўлади; республикачиларда бу сафар 52 ёки 53 ўрин бўлади, аммо Трамп таклиф этган сиёсатчиларнинг айримлари керакли миқдорда овоз ололмаслиги эҳтимоли йўқ эмас. Сайланган президент ўз партиясини конгресс сессиялари оралиғида танаффус қилишга кўндиришга ҳаракат қилиши ва бундан кабинет аъзоларини ўз фармонлари билан тасдиқлашда фойдаланиши мумкин.

Бироқ, парламент Давлат департаменти раҳбари сифатида АҚШ ташқи сиёсатини бошқарадиган янги давлат котиби номзодини тасдиқлаши деярли аниқ. Бу лавозимни флоридалик сенатор Марко Рубио эгаллайди. Сайланган президент ўз қарорини пресс-релизда эълон қилган (муаллифнинг айрим сўзлар бош ҳарфларда ёзилган имлоси сақлаб қолинган):

Флоридадан бўлган сенатор Марко Рубиони Давлат котиби лавозимига номзод сифатида кўрсатиш мен учун улкан шараф. Марко — Катта Ҳурматга сазовор Етакчи ва Эркинлик учун жуда катта Овооз. У бизнинг Миллатга кучли Ҳимоячи ва бизнинг Иттифоқчиларимизга содиқ дўст, шунингдек ҳеч қачон душманларимиз қаршисида чекинмайдиган қўрқув билмас Жангчи бўлади».

Марко Рубио ким ўзи?

Рубио 1971 йилда Майамида, Кубадан келган муҳожирлар оиласида туғилган. Оила бир неча йил Лас-Вегасда яшаган: ота бармен, она эса уй хизматкори бўлиб ишлаган. Кейинроқ оила Флоридага қайтиб келган. Мактабни тамомлагач, Марко коллежанинг америкача футбол жамоаси учун ўйнаган ва сиёсатшунослик ҳамда ҳуқуқшуносликка ўқиган. Коллежни тамомлаши билан Рубио консерватив сиёсатга шўнғиган.

Кубадан келган муҳожирлар кўпинча республикачиларни қўллайди — бу партия совуқ уруш бошланганидан буён демократик партияга қараганда антикоммунистроқ ҳисобланади. Рубио маҳаллий конгрессвуменга ёрдамчи бўлган ва 1996 йилги президентлик сайловида Билл Клинтонга ютқазган республикачи Боб Доулнинг штабида ишлаган. 2000 йилда, 29 ёшида Рубио Флорида парламенти қуйи палатасига сайланган ва беш йил ўтиб унинг спикерига айланган.

Ёш сиёсатчи ўнглар кун тартибини фаоллик билан тарғиб қилган, шу билан бирга демократлар билан муросага эришиш имкониятларидан воз кечмаган. Масалан, у штат парламенти «қуллик бўйича пушаймонлик билдирилган» резолюцияга қўшилган, шунингдек, таълимдаги тенгсизликни тузатишга ёрдам берадиган дастурни жорий этишда ёрдам қилган.

Рубио тезда республикачиларнинг ёш юлдузи ва умидига айланади. 2010 йилда у сенатга сайланади, икки йилдан кейин эса Митт Ромни штаби уни вице-президентликка эҳтимолий номзод сифатида кўриб чиқади. 2013 йилда президент Обаманинг конгресс қаршисидаги ҳар йиллик нутқига мухолиф партия жавобини билдириш учун айнан Рубио танланади. Аммо унинг чиқиши фақат шармандали ҳолат билан эсда қолади: ёш сенатор ўз сўзларини талаффуз қилишда қийналади ва сув ичиб олиш учун кадрдан чиқиб кетади.

Сенатда ишлаганида, Рубио Ливиядаги ҳарбий амалиётни маъқуллаган, 2013 йилда эса яна уч партиядоши ва тўрт нафар демократ билан биргаликда миграция тизимини тўлиқ ислоҳ қилишни таклиф этган «саккизлик тўдаси» уюшмасига қўшилган. Уларнинг режаси ноқонуний мигрантлар учун фуқаролик олиш имкониятини ҳам ўз ичига оларди. Лойиҳа сенатдагиларнинг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланган бўлса-да, у Вакиллар палатасида овоз беришга қўйилмайди.

Айнан шундай, нисбатан мўътадил позицияда туриб Рубио 2016 йилда президентликка номзодини илгари суради. Республикачиларнинг ўшандаги праймеризи ўта шиддатли бўлади: Обаманинг саккиз йиллик бошқарувидан кейин консерваторлар орасида турли қарашлар урф бўлган ва партиядан президентликка номзод бўлиш учун йигирма номзод курашганди. Трамп эса бу пойгада ҳаммадан баландроқ овозда гапиради: у дебатларда рақибларига лақаб қўяди ва ҳатто митингда «Кичик Рубио»нинг Обамага ўша жавоб нутқини пародия қилиб беради.

Лекин праймериз бошида ёш сенаторда президентлик учун курашиш имконияти бордек кўринганди: биринчи бўлиб овоз берилган Айовада у 23 фоиз овоз олиб, учинчи ўринни эгаллайди ва Трамп билан орадаги фарқ катта эмасди. Рубио рақиби билан курашга жиддий киришади: дебатларда унга ҳужум қилиб, Хитойдан келадиган барча маҳсулотларга бож жорий этиш ғояси қанчалик бемаънилигини тушунтиради, матбуот анжуманларида президентлар нафрат қўзғамаслиги лозимлигини таъкидлайди, митингларда эса ўз тарафдорларига «ушбу фирибгар партия устидан назорат ўрнатмаслиги учун барча ишни қилиш»га ваъда беради.

Рубио республикачиларнинг Миннесота, Пуэрто-Рико ва Вашингтондаги праймеризларида ғолиб чиқади, аммо февралдаги дебатларда муваффақиятсизликка учрайди: Ню Жерси губернатори Крис Кристи уни ёдланган ибораларни такрорлаши вақтида қийин аҳволга солиб қўяди. Мартда сенатор ўзи мансуб бўлган Флоридадаги праймеризда ҳам ютқазгач, пойгадан чиқишини эълон қилади. Бундан бир кун олдинги интервюсида Рубио Трампни қўллаётган республикачиларни танқид қилганди:

«Бу сайлов натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, ўнг қанотдаги кўплаб сиёсатчилар ва журналистлар узоқ йиллар давомида Трампни қўллаб-қувватлаш тузоғига қандай тушиб қолганини тушунтириши керак бўлади. Чунки, бу яхшиликка олиб бормайди».

Икки ой ўтиб, май ойи охирида у Трампнинг президентликка номзод бўлишини қўллаб-қувватлашини айтади.

Шу гаплардан кейин ҳам Трамп нега Рубиони давлат котиби этиб тайинлашга қарор қилди?

Праймериздаги мағлубиятдан кейин Рубио сенатдан ҳам кетиш ҳақида ўйлайди, аммо ҳужжатларни топшириш бўйича дедлайнга бир неча кун қолганида қарорини ўзгартиради ва яна ўз номзодини илгари суради. Рубио янги президентнинг таклифларини қизғин қўллаб-қувватлай бошлайди — у эса уни Оқ уйга кечки овқатни бирга қилишга таклиф этиб, Лотин Америкаси мамлакатлари билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш бўйича маслаҳат сўрайди.

Сенатдаги ҳамкасблари айтишича, Рубио президентлик сайловларидаги муваффақиятсизликдан кейин анча ўзгарган: у камтарроқ бўлиб қолган, ўзини пиар қилишни тўхтатган ва асосий эътиборини муаммоларга қаратган. 2022 йилда санкция рўйхати ҳақида гаплашиш учун Рубио билан учрашган Леонид Волков «Медуза»га сенатор яхши тайёрлангани ҳамда «барчасидан — «Ақлли овоз бериш»дан тортиб карточкаларгача (Visa ва Mastercard Россиядан кетиши назарда тутилган) барчасидан хабардор бўлгани»ни айтган. Волков Рубиони «жуда малакали ва яхши ташкил этилган» жамоага эга «тезкор, ўткир, кучга тўла ва ишчан» сиёсатчи сифатида таърифлайди.

Марко Рубио сенат йиғилишидан кейин. 2023 йил 10 май
Chip Somodevilla / Getty Images

Рубио Путинни танқид қилишда давом этади, аммо бошқа кўплаб позицияларидан воз кечади. У ноқонуний мигрантларга фуқаролик берилиши учун курашишни тўхтатади ҳамда Хитой билан савдо урушини қўллади. Рубио Трампни G7 саммитини ўз мулкида ўтказиш қарори учун мақтайди ва Жо Байденнинг 2020 йилги сайловлардаги ғалабаси ҳалол бўлганига шубҳа билдиради. Қарашларидаги бундай ўзгаришни сенатор 2016 йилги сайловлар унга «сабоқ» бўлгани билан тушунтиради:

«Мен ўзим олдин ҳеч қачон бўлмаган жойда бўлиб қолдим ва аввал ҳеч қачон йўлларим кесишмаган одамлар билан учрашдим. Мен миллионлаб америкаликлар мен ишонган Америка орзусидан узоқлашиб бораётганини англадим. Вақт ўтиб мен Трамп бу одамларга овоз берганини тушундим».

Баҳорда Трамп Рубиони вице-президентликка номзодлардан бири сифатида кўраётганди, 13 ноябр куни эса, сайловдан бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтиб, унинг номзодини давлат котиблиги учун илгари сурди.

Трамп ва Рубио энди нима қилмоқчи?

Илгари Рубио «қирғий» саналган, аммо Трамп изоляциялангани сари ўз позицияларидан чекинган — ва катта эҳтимол билан ташқи сиёсатда президентнинг ғояларига амал қилади. Улардан кўпчилиги жуда аниқ эмас.

Масалан, Трамп анча олдинроқ Украинадаги урушни «24 соат ичида» якунлашни ваъда қилганди. Катта эҳтимол билан, у Владимир Путин ва Володимир Зеленскийни музокараларга мажбурлашдан умид қилмоқда — аммо унда Россия ҳукумати босим кўрсатиш учун ричаглар деярли йўқ. Рубио уруш бошида Украинага ҳарбий ёрдамнинг илк пакетлари учун овоз берган, аммо 2024 йил баҳорида 61 миллиард долларлик ёрдам ажратилишига қарши чиққан. Ҳолбуки 2015 йилда Рубио Путинни «гангстер» деб атаб, Россияни дипломатик жиҳатдан иҳоталаб ташлашни талаб қилганди, қарийб ўн йил ўтиб у уруш «турғун» ҳолатга келиб қолганини айтиб, томонларни музокараларни бошлашга чақирмоқда.

Янги маъмурият диққат марказида бўладиган яна бир масала Эрон билан муносабатлар бўлади. 2017 йилда Трамп ядро қуролини ишлаб чиқишдан воз кечиш ҳақидаги келишувни бузди — 2024 йилги сайловлардан олдин журналистларга уни қайтадан имзолашга тайёрлигини айтди. Рубио эса Эрон Трампга суиқасд уюштирмоқчи бўлгани ҳақидаги хабарлар туфайли ҳам бундай келишувнинг деярли имкони йўқ деб ҳисоблайди.

Трамп ҳокимиятга келиши билан иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро келишув ҳам хавф остида қолади. 2017 йилда, биринчи муддати бошида, Трамп АҚШни Париж келишувларидан олиб чиққанди. Мамлакатни ихтиёрий чекловларга қайтариш Байденнинг дастлабки қарорларидан бири бўлганди. Катта эҳтимол билан, республикачи номзод яна бир бор келишувнинг амал қилишини тўхтатади. У иқлим ўзгаришини «улкан уйдирма» деб атаган ва Рубио ҳам ўз сиёсий карьераси давомида шунга ўхшаш позицияда бўлиб келган.

Трампнинг Хитойга нисбатан сиёсати қандай бўлишини ҳам олдиндан айтиш мумкин: у янги савдо урушини бошлаши тайин. Республикачилар номзоди сифатида у митингларида олқишлар остида ушбу мамлакатдан келадиган барча маҳсулотларга гоҳ 60 фоиз, гоҳ 500 фоизлик божлар жорий этишини эълон қилганди. Рубио, ўтмишда божлар киритиш ғоясига қарши бўлганига қарамай, эндиликда бундай сиёсатни маъқулламоқда. Унинг сенатдаги қонун лойиҳалари кўп ҳолларда Хитой билан қарама-қаршиликка боғлиқ бўлади. Масалан, 2021 йилда у Шинжон-Уйғур мухтор ҳудудида ишловчи барча Америка компаниялари маҳбусларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланмаслигини талаб қилувчи қонун лойиҳаси қабул қилинишига эришганди.

Бироқ, йиллар давомида бир масала бўйича Трампнинг ҳам позицияси ўзгариб, Рубионинг қарашларига яқинлашган. 2016 йили сенатор дебатда мухолифига Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик келишуви имконсизлигини айтганди: Фаластин миллий маъмурияти «жиддий келишувдан манфаатдор эмас ва Ҳамас билан иттифоққа киришди», деганди Рубио. У «ҳар сафар Исроил Ғазода ёки Яҳудия ва Самариядаги ерлардан воз кечганида, ундан Исроилга янги ҳужумлар уюштириш учун фойдаланилиши»ни таъкидлаганди. Ўшанда Трамп у билан баҳслашишга уринганди, ҳозир эса АҚШ Исроилга «истаганини қилиш»га қўйиб бериши лозимлигини айтмоқда.

Мавзуга оид