Фан-техника | 16:59 / 18.11.2024
3860
3 дақиқада ўқилади

АҚШдан Хитойгача 40 дақиқада: Илон Маск самолётларни ракеталарга алмаштирмоқчи

Маскнинг компанияси бу лойиҳани дастлаб 2017 йилда тақдим этганди. Энди Трамп қайта сайланганидан кейин уни амалга оширишга рухсат берилиши мумкин.

Фото: SpaceX

Миллиардер Илон Маск самолётларни Starship космик ракеталари билан алмаштирмоқчи. Бунда АҚШдан Хитойга парвозлар 40 дақиқадан камроқ вақт олади.

Маск раҳбарлик қилаётган SpaceX компанияси бу йирик лойиҳани дастлаб 2017 йилда тақдим этганди. Starship ракетаси соатига 27 минг километр тезликка эришиши тахмин қилинган. Бунинг натижасида Ню Йоркдан Шанҳайга парвоз атиги 39 дақиқа давом этиши мумкин бўларди. Ҳозир бунинг учун самолётда 15 соатга яқин вақт кетади.

Бундан ташқари, SpaceX лойиҳасига кўра, йўловчилар Лондондан Қўшма Штатларга ярим соатда, Цюрихдан Сиднейга эса 50 дақиқада етиб бориши мумкин.

Ракетага 1000 нафаргача йўловчи сиғиши режалаштирилган. Космик аппарат учирилгандан сўнг орбитага чиқиши ва ерга параллел равишда белгиланган жойга етиб бориши керак. Бироқ Starship’даги одамлар босим туфайли жиддий зўриқишларни бошдан кечиришига тўғри келади, қолаверса, уларга хавфсизлик камарларини ечиш тақиқланади. Бошқа муаммолар орасида чипта нархи ҳам бор. Уларнинг тахминий нархи ошкор қилинмаган, аммо ҳозирги кунда ракеталарнинг парвози катта маблағ талаб қилади. Бир марталик парвоз камида 50 миллион долларга баҳоланмоқда.

Лойиҳа узоқ вақт давомида шунчаки ғоя бўлиб келди, бироқ яқин келажакда вазият ўзгариши мумкин. 2024 йил ноябр ойида X ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ҳокимиятга келиши билан Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси тез орада тегишли рухсатномани бериши мумкинлигини айтди. Унинг тахминини Илон Маскнинг ўзи тасдиқлади. “Энди шундай эҳтимол бор”, — деб ёзди миллиардер, бироқ у ҳеч қандай янги тафсилотларни ошкор қилмади.

Аввалроқ Маск янги турдаги парвозлар пайтида йўловчиларга ҳожатхона ёки борт ошхонаси керак бўлмаслигини, чунки йўловчилар йўлда жуда кам вақт ўтказишини маълум қилганди.

Ҳозирда SpaceX компанияси ўта оғир Starship ракетасининг навбатдаги парвозига тайёргарлик кўрмоқда. Уни 18 ноябр куни коинотга жўнатиш режалаштирилган. Бу ракета учун олтинчи парвоз бўлади. Олдинги синов 13 октябрда ўтказилганди. У муваффақиятли якунланди — кўп марталик Super Heavy ракета тезлатгичи ҳатто Ерга қайтиб, ўзи учирилган жойга қўнишга муваффақ бўлди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид