«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳалок бўлган матбуот котиби, Украинага рухсат берган Байден ва Трампдан норози мусулмонлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроилнинг Ғазога ҳужумлари давом этмоқда. Ғазодаги Фаластин ҳукумати секторнинг шимолий ва марказий қисмларидаги 6 та йирик ҳужум натижасида 96 киши ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
Жумладан, Байт Лаҳиядаги Месру мавзесидаги бинолар ва турар жойларга қилинган ҳужум натижасида 72 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бу биноларда мажбуран кўчирилган фаластинликлар қўним топган бўлган.
Ғазодаги урушнинг 408-кунига келиб, қамал қилинган эксклавда Исроил ҳужумлари туфайли қурбон бўлганлар сони 43 минг 846 кишини ташкил этмоқда. Яна 103 минг 740 киши яраланган.
Исроилнинг Ливанга ҳужумлари туфайли қурбонлар сони 3841 нафар, 14 минг 786 киши яраланган. Сўнгги сутка ичида 29 киши қурбон бўлган, яна 122 киши жабр кўрган.
«Ҳизбуллоҳ» матбуот котиби ўлдирилди
Исроилнинг Ливан пойтахти Байрут шаҳридаги аҳоли зич яшовчи ҳудуддаги бинога берган зарбаси оқибатида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Муҳаммад Афиф ўлдирилган. Бу ҳақда Reuters Ливан давлат хавфсизлик хизматидаги иккита манбага таяниб хабар бермоқда.
Исроил армияси ҳозирча бу борада изоҳ бермаган, ҳаттоки зарба ёки эвакуация ҳақида ижтимоий тармоқда билдиришнома ҳам эълон қилмаган.
Зарба Байрутнинг жанубий қисмидаги Рас ул-Набаъ туманига тўғри келган, бу ерда Исроил ҳужумларида жабр чекканлар бошпана топишган. Манбаларга кўра, авиазарба Сурия социал-миллий партияси офиси жойлашган бинога берилган.
Al-Jadeed телеканали эфирида партиянинг Ливандаги етакчиси Али Ҳижозий Афиф ҳам шу бинода бўлганини тасдиқлаган. Кейинроқ унинг ҳалок бўлгани маълум қилинган.
Украинага ёпирилма зарба
Якшанба куни Россия 120 дан ортиқ ракета ва 90 та дрон билан Украина шаҳарларига кенг кўламли ёпирилма зарбалар сериясини уюштирган. Бу сўнгги уч ойдаги энг йирик зарба бўлди. Зарба натижасида Украина энергия тизими жиддий талафотлар кўрган.
Украина келаётган совуқ кунлар олдидан ўзининг энергетика инфратузилмасига янги зарбаларни анчадан буён кутаётганди.
Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Россиянинг бу зарбаси ракеталар ва дронлар сони бўйича энг йирикларидан бири бўлганини таъкидлади: «Россия тинч шаҳарлар, ухлаётган инсонлар ва критик инфратузилма устига ракета ёғдирди», — деган у.
Тунги зарбалар натижасида пойтахт Киев, шунингдек, Миколайив, Днепротептровск, Одесса, Лвив, Волин областларидаги энергетика объектлари зарар кўрган.
Украина билан чегарадош Полша ҳам ракеталар ўз ҳудудига яқинлашганда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини шай ҳолатга келтирган.
Украинага кўлами бўйича шундай зарба сўнгги марта 26 август куни берилган эди.
Россия-Украина уруши бошланганига яқин кунларда 1000 кун бўлади. Руслар Украинанинг жанубий шарқий қисмида бутун Донбассни эгаллаб олиш учун босқинни давом эттирмоқда. Украина қўшинлари эса Россиянинг Курск областининг бир қисмини келгусидаги музокаралар чоғида фойдаланиш учун эгаллаб турибди.
Байден Украинага рухсат берди
АҚШ президенти Жо Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россиянинг ичкари қисмига зарба беришга рухсат берган. Бу ҳақда The New York Times нашри америкалик мулозимларга таяниб хабар бермоқда.
Байден президентлик ваколати тугашига икки ой қолганда мазкур қарорга келган ва бу Россиянинг шимолий кореялик ҳарбийларни урушга жалб қилганига жавоб сифатида талқин қилинмоқда.
Нашрнинг манбаларига кўра, узоқ масофага зарба бериш мумкин бўлган қуроллардан дастлаб Курск областини эгаллаган украин аскарларини ҳимоялаш ва шимолий кореялик ҳарбийларни йўқ қилиш учун фойдаланилади.
Ҳозирча Оқ уй бу маълумотни тасдиқламаган ва тарқалаётган хабарларга изоҳ бермаяпти.
Reuters манбаларининг хабар қилишича, узоқ масофага зарба бера олувчи қуролларни Украина яқин кунларда Курск областидаги нишонларга қарши ишлатади.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин узоқ масофага уча олувчи юқори аниқликдаги ғарб қуролларидан фойдаланиш Россия томонидан НАТОнинг урушда тўғридан тўғри иштирок этиши сифатида талқин қилинишини айтган эди.
Украина президенти Володимир Зеленский эса бундай ракеталардан фойдаланишга рухсат теккани борасида шундай деган:
«Зарбалар сўзлар билан берилмайди. Бундай нарсалар анонс қилинмайди. Ракеталарнинг ўзи гапиради, албатта. Россияни тинчликка сўзлар билан эмас, қурол билан мажбурлаш керак», деган Зеленский.
АҚШнинг сайланган президентининг ўғли кичик Доналд Трамп Украинага ATACMS ракеталари билан Россиянинг ички қисмига зарба беришга рухсат берганларни ақлдан озганлар деб атаган.
Россия ва КХДР аскарлари
Гарчи Украинага ATACMS ракеталаридан Россиянинг ички ҳудудига зарба бериш учун фойдаланишга рухсат шимолий кореялик аскарларнинг урушга жалб қилинишига жавобан берилгани айтилаётган бўлса-да, КХДР аскарларни камайтириш ўрнига янада кўпроқ жўнатиши мумкин.
Агар Россия билан Шимолий Корея муносабатлари янада жипс бўлса, КХДР Россиянинг Украинага қарши урушида ёрдам бериш учун 100 минг аскар жўнатишга тайёр. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар қилмоқда.
Нашрнинг инсайдерлари маълумотларига кўра, бунча миқдордаги кучларни жўнатиш бирданига эмас, босқичма-босқич ва ротация орқали амалга оширади. Манбаларнинг таъкидлашича, Шимолий Корея бўлинмалари аллақачон Курск областида назарга тушган, бу эса КХДРнинг Шарқий Европадаги урушга жалб қилинганини англатади.
КХДРнинг Украина урушида иштироки масаласи бугун Бразилияда старт оладиган G20 саммитида ҳам муҳокама қилинади. Германия канцлари Олаф Шолц эскалациянинг олдини олиш учун Хитой раиси Си Жинпингни Москва ва Пхенянга таъсир ўтказишга чақиришни мўлжалламоқда. Пекин ҳозирча бу вазиятга очиқ муносабат билдиргани йўқ.
Аввалроқ АҚШ ва Жанубий Корея разведкаси КХДРнинг 12 мингга яқин аскари Россияда бўлиб турганини тасдиқлаган эди. The New York Times КХДР аскарлари билан бирга Украина билан чегара олдида 50 минглик қўшин тургани ҳақида хабар қилганди. Бу гуруҳ бир қисмини август ойидан буён Украина қуролли кучлари эгаллаб турган Курск областида қарши ҳужум бошлашга тайёргарлик кўраётгани айтилади.
Мусулмонлар Трампдан хафа
Президентлик сайловларида Доналд Трампни қўллаган америкалик мусуломонлар ва ислом жамоат арбоблари Трамп вазирлар девонини Исроил оккупациясини очиқдан очиқ қўллайдиган инсонлардан тузаётгани туфайли «чуқур таассуфда» эканини маълум қилишган.
«Трамп бизнинг шарофатимиз туфайли ғалаба қозонди ва биз унинг давлат котиблигига ва бошқа лавозимларга танлаётган одамларидан норозимиз», — деган филаделфиялик инвестор, Пенсилванияда Abandon Harris кампаниясини бошқарган ва «Мусулмонлар Трамп учун» ҳаракати ҳаммуассиси Рабиул Чоудҳури.
Доналд Трамп Исроилнинг ашаддий тарафдори республикачи сенатор Марко Рубиони давлат котиби этиб тайинлаган. Fox News телеканали бошловчиси, Исроилнинг оккупацион урушини XI асрдаги салиб юришларига қиёслаган Пит Ҳегсетга эса мудофаа вазири лавозимини берган. АҚШнинг Исроилдаги элчиси лавозими эса Ғарбий соҳилни бутунлай босиб олиб, Исроилга қўшиб юборишни қўллаб-қувватловчи Майк Ҳакабига берилган.
Ғазодаги қурбонларни мухокама қилган БМТни «антисемитизм уруғини сочувчи» деб атаган республикачи вакил Элиз Стефаник эса АҚШнинг БМТдаги элчиси этиб тайинланган.
«Биз ниҳоятда норозимиз. Афтидан, бу маъмурият ўта исроилпараст, урушни истовчи кишилардан йиғилаётганга ўхшайди. Бу эса президент Трампнинг тинчлик йўлидаги ва урушга қарши ҳаракатлари барбод бўлганини англатади», — демоқда америкалик мусулмонлар.
Мавзуга оид
13:34 / 16.11.2024
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
13:57 / 15.11.2024
Таълимсиз қолган Ғазо болалари, соқолини олган Пашинян ва ўзидан кетаётган Илон Маск — кун дайжести
14:12 / 14.11.2024
Ливанга қўйилган талаб, сионист элчини танлаган Трамп ва Севастополда портлатилган флот қўмондони — кун дайжести
14:20 / 13.11.2024