Ўзбекистон | 17:36 / 18.11.2024
2586
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мобил интернет тезлиги рейтингида пастлади

Сентябр ойига нисбатан мамлакат тўрт поғонага тушиб кетди, мобил интернет тезлиги 38,97 Мбит/с деб баҳоланмоқда.

Фото: Getty Images 

2024 йил октябр ойида Ўзбекистон мобил интернет тезлиги рейтингида 72-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Speedtest Global Index маълумотларидан ойдинлашмоқда.

Рейтингга кўра, сентябр ойига нисбатан мамлакат тўрт поғонага тушиб кетди, мобил интернет тезлиги 38,97 Мбит/с деб баҳоланмоқда.

Ўз навбатида Ўзбекистон симли интернет тезлиги бўйича 74-ўринни эгаллади (позиция ўзгармади). Ўртача тезлик: 76,12 Мбит/с.

Энг тез мобил интернет Бирлашган Араб Амирликларида қайд этилди – 428,53 Мбит/с. Симли интернет тезлиги бўйича Сингапур етакчилик қилмоқда – 316,99 Мбит/с.

Октябр ойига қадар Ўзбекистон мобил интернет тезлиги рейтингида кетма-кет тўрт ой юқорига кўтарилган эди: июнь ойида - 89-ўриндан 77-ўринга, июл ойида - 77-ўриндан 74-ўринга, август ойида - 74-ўриндан 71-ўринга, сентябр ойида - 71-ўриндан 68-ўринга.

Мавзуга оид