Иқтисодиёт | 13:07
3260
4 дақиқада ўқилади

Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди

Ҳаммага кўриниб турган ва танқидларга сабаб бўлаётган бу навбатларни кўздан панадаги божхона омборларига кўчиришга қарор қилинган. Мажбурий тўловларни фақатгина қонунда белгилаш ҳақидаги фармон талаби бажарилмаяпти.

Интернетда тарқалган видеодан кадрлар

Давлат хизматлари порталида автомобилларнинг мувофиқлигини баҳолашга навбат олиш хизмати пайдо бўлди.

“autodeklarant” каналининг хабар беришича, хизматдан фойдаланиш учун дастлаб singlewindow.uz сайти орқали мувофиқлик сертификати учун ариза юборилган бўлиши керак.

Шундан кейин my.gov.uz сайти ёки мобил иловасида электрон хизмат орқали Пискент автополигонига автотранспорт воситасини олиб бориш санаси ва вақти белгиланади.

“Тайёргарлик кўриб туриш учун лабораторияга белгиланган вақтдан вақтлироқ келиш лозим. Белгиланган вақтга 20 дақиқа қолганида операторга мурожаат қилиб, my.gov.uz тизимидан олинган QR-кодни тақдим этасиз”, дея ёзади “autodeklarant”.

Telegram'даги расмий манбалар, хусусан Адлия вазирлиги, Техрегуляция агентлиги, UzTest, ЯИДХП ва “Давлат хизматлари” каналларида юқоридаги хизмат ишга туширилгани ҳақида хабар берилмади.

Ўзбекистонда импорт қилинган автотранспорт воситаларига мувофиқлик сертификати бериш учун синовлар жорий ноябр ойидан бошлаб божхона ҳудудида эмас, Тошкент вилояти Пискент туманида автополигонда ўтказила бошланди.

Шундан сўнг импорт автомобилларни полигонга олиб келганлар узун навбатларга рўбаро келди, навбат узоқлигидан шу ерда тунаб қолишига ҳам тўғри келди.

UzTest давлат муассасаси вакилларининг Kun.uz мухбирига айтишича, битта машинани синовдан ўтказишга 30-35 дақиқа вақт кетади. Бу дегани, 24 соат ишлаётган марказ кунига 50 тагача, йилига эса 18 мингта автомобилни синовдан ўтказа олади. Бу – ўтган йили берилган сертификатлар сони, яъни мавжуд талабдан 3,5 баробарга кам.

Синовлар Пискентга кўчирилиши билан, электромобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинди ва сертификатлаш нархи оширилди.

2024 йилги давлат дастури тўғрисидаги президент фармонига асосан, 2024 йил 1 майдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий тўловлар ва йиғимларни фақатгина қонунда белгилаш амалиёти киритилиши керак эди.

Аммо электромагнит мослашувчанлик текшируви қўшилгани асносида оширилган синовлар нархини ҳозирга қадар UzTest давлат муассасаси белгилашда давом этмоқда.

Аввалроқ иқтисодчи Отабек Бакиров UzTest'ни монополистлар рўйхатига киритиш керак ва монополистлардан талаб қилинадиган тартибларни UzTest'дан ҳам сўрашга чақирганди.

“UzTest” ДМ деган мисоли аждарҳо – автомобиллар ва электромобиллар мувофиқлигини текшириш (аслида электромагнит мослашувчанлиги бўйича текширув баҳонасида импортни чеклаш) Ўзбекистонда ягона синовчи. Қорақалпоғистонлик, сурхондарёлик, андижонлик истеъмолчи ва тадбиркорлар ҳам 1 ноябрдан бошлаб ҳеч бир олдиндан огоҳлантиришсиз шу аждарҳонинг Пискентдаги уясига келиб синовидан ўтмаса бўлмайдиган қилиб қўйилган. Синов тўловини истаса 6 млн сўм, истаса 9 млн сўм қилиб белгилайди. На калкуляция, на таннарх деган ўлчовлар бор. Истаса 2 соат, истаса 2 кун, ёқмасангиз 2 ҳафта куттиради. Ҳеч қандай процедуравий чекловлар ҳам йўқ бу ўзбилармонларга”, – дея ёзганди Бакиров.

Мавзуга оид