Жаҳон | 21:54 / 18.11.2024
3799
2 дақиқада ўқилади

Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади

2024 йил май ойида TIME журнали билан суҳбатда у Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантлар сонини 15-20 миллион киши деб ҳисоблаган эди.

Фото: AFP

Янги сайланган АҚШ президенти Доналд Трамп ноқонуний мигрантларни депортация қилиш учун федерал даражада фавқулодда ҳолат жорий этишга тайёрлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Аввалроқ Judicial Watch консерватив фаоллар гуруҳи раҳбари Том Фиттон Трампнинг нияти ҳақида ёзган эди.

«Хушхабар: Доналд Трампнинг янги маъмурияти мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилишга ва президент Жо Байден сиёсатини ўзгартириш ва оммавий депортацияларни амалга ошириш учун ҳарбий куч ишлатишга тайёр», деб ёзди Том Фиттон Truth Social тармоғида.

Доналд Трамп Truth Social тармоғидаги саҳифасида Том Фиттон хабарини репост қилди ва унга «Рост!» деб изоҳ қолдирди.

Доналд Трамп 2016 йилги президентлик кампанияси бошидан буён ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш ниятида эканини айтиб келади.

2024 йил май ойида TIME журнали билан суҳбатда у Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантлар сонини 15-20 миллион киши деб ҳисоблади. Шу билан бирга, Wall Street Journal Трампнинг маслаҳатчилари ва тарафдорлари иммиграцияни бостириш режаларини тузаётганини ёзди. Нашр манбалари чора-тадбирлар орасида ҳозирда амалдаги президент Жо Байден маъмурияти томонидан амалга оширилаётган юз минглаб мигрантлар учун депортациядан ҳимояланишнинг бекор қилинишини тилга олган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид