Ўзбекистон | 10:40
3618
4 дақиқада ўқилади

Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда

Ҳайкални Андижон шаҳридаги “Регистон” майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер майдонига турли бинолар, жумладан, савдо мажмуаси барпо этиш кўзда тутилган. Бу фаолларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Андижон вилояти ҳокимлиги ҳайкалнинг кўчирилиши майдон яқинидаги чорраҳада қурилаётган кўприк билан боғлиқлигини билдирди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали кўчирилиши мумкин. Бу вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган “Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида келтирилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг маълум қилишича, қарорнинг 16-бандида шундай таклиф акс этган:

“Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини Андижон шаҳридаги “Регистон” майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли турар жой мажмуаси барпо этилишини ҳамда 90 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари киритилишини таъминлаш”.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги таклифи билан Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида Andijon city ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ҳамда 7 та 28 қаватдан юқори турар жой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган.

Бакиров Бобур ҳайкалининг кўчирилишини Тошкент шаҳридаги Амир Темур ҳайкали кўчирилишига қиёслади.

“Ўзингизга тасаввур қилишингиз учун бу худди пойтахт қоқ марказидаги Амир Темур ҳайкалини кўчириб, хиёбонда дом қуриш билан баравар қадам бўлади. Яна солиштириш ўринли бўлса, Андижондаги Алишер Навоий боғи бу Тошкентнинг юраги Миллий боғи сингари.

Тўғриси, менда бу ғаройиб таклифларга изоҳ ва шарҳ беришга заррача кучим қолмади. Биз қаерда ва нима учун тескари оғиб кетдик, буни ўнглашнинг қандайдир иложи борми, билмайман”, деб ёзди иқтисодчи.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам ушбу масалага муносабат билдириб, шаҳарлардаги истироҳат боғлари, парклар ва майдонларни асраб қолиш учун қонун кераклигини маълум қилди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ҳолатга расмий муносабатида ҳайкалнинг кўчирилиши “Бобур” шоҳкўчасида жойлашган чорраҳада қурилаётган кўприк билан боғлиқлигини билдирди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

“Ушбу кўприк қурилиши ўн минглаб аҳолининг кундалик турмуш тарзида катта қулайлик яратиб, инсонларнинг узоғини яқин қилади ва кун давомида соатлаб вақтини тежашига хизмат қилади.

Ўз вақтида мазкур қурилиш якунига етказилиб, фойдаланишга топширилади. Бунинг ортидан мутасаддилар олдида ҳал этилиши керак бўлган яна бир муҳим масала кузатилди.

Бобомиз, Андижон фарзанди, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига атаб, барпо этилган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида жойлашган бўлиб, лойиҳа қурилиши якунлангач, ушбу майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади.

Илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулоса ясалди.

Унга кўра, улуғ бобокалонимиз ва буюк шоир хотирасини эъзозлаш мақсадида унга атаб ўрнатилган маҳобатли ҳайкал, шоҳ Бобурнинг ўзи туғилиб-ўсган “Эски шаҳар” ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган “Регистон” майдонига кўчирилиб, майдонни ўзига хос қўшимчалар билан бойитиш ва янги, кўркам майдон барпо этишга келишилган. Ҳозирда бу режани амалга ошириш учун катта тайёргарликлар кўрилмоқда.

Аввалги майдон ўрнида эса аҳолимиз учун “Savdo Mall” мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва аҳолимизга хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар барпо этиш лойиҳаси таклиф этилган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, ушбу майдон ўрнида турар жойлар қуриш режаси мавжуд эмас.

Олдинроқ Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг қарори билан Фарғона шаҳри марказидаги 2 гектарлик кўл “дом”, меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаси қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 24 кунлик фирмага бериб юборилганди. Жамоатчилик эътирозидан сўнг ҳокимнинг ғайриқонуний қарори кўл Спорт вазирлиги ихтиёрига ўтказилиши ортидан бекор бўлганди

Мавзуга оид