Жаҳон | 01:00 / 19.11.2024
7927
2 дақиқада ўқилади

Боррел АҚШ Киевга 300 километргача бўлган масофада Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берганини тасдиқлади

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакилининг сўзларига кўра, ЕИга аъзо давлатларнинг ТИВ раҳбарлари учрашувида ушбу масала муҳокама қилинган.

Фото: ТАСС

АҚШнинг Россия ичкарисидаги нишонларга 300 километргача бўлган масофага учишга қодир ракеталар орқали зарба бериш бўйича қарори ЕИга аъзо давлатларнинг ТИВ раҳбарлари учрашувида муҳокама қилинган. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди.

Матбуот анжуманида Боррелдан Доналд Трамп сайловда ғалаба қозонганидан сўнг, Жо Байден Киевга Россиядаги нишонларга узоқ масофали ракеталарни учиришга рухсат беришга қарор қилганини қандай изоҳлаши сўралди.

Боррел бунга жавобан Байден администрацияси Украинага ракеталарни Россия ҳудуди бўйлаб 300 километр ичкарига ва 300 километр радиусда қўллашга рухсат берганини билдирди. «Бу унчалик кўп эмас, аммо бу Байден администрациясининг қарори», — дейди Европа дипломатияси раҳбари. Шунингдек, Боррел мазкур қарор нима учун ҳозир қабул қилинганини билмаслигини, аммо у олдинроқ муҳокама қилиганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Боррелнинг сўзларига кўра, ТИВ раҳбарлари йиғилишида Россиядаги нишонларга зарба бериш бўйича чекловларни бекор қилиш борасида умумий қарор қабул қилинмаган. Ушбу масалани ҳар бир давлат мустақил ҳал қилади.

Жо Байден Украинага ўз ихтиёридаги ATACMS узоқ масофали ракеталардан Россиянинг Курск областидаги ҳарбийлари ҳимояси учун фойдаланишга рухсат бергани тўғрисида АҚШдаги қатор оммавий ахборот воситалари ёзди. Бироқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Жон Файнер президент Жо Байден украиналик ҳарбийларга Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун ATACMS ракеталаридан фойдаланишга рухсат бергани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид