Жаҳон | 11:54
993
2 дақиқада ўқилади

Британия РФга қурол етказиб бергани учун Эронга қарши санкциялар киритди

Эрондан Россияга баллистик ракеталар ва бошқа қуролларни олиб ўтгани учун давлатга қарашли Iran Air авиакомпанияси ва IRISL юк ташиш компаниясига нисбатан жазо чоралари қўлланди.

Фото: Getty Images

Буюк Британия Европа Иттифоқидан кейин Эроннинг Украинага қарши урушда Россияга ҳарбий ёрдами учун санкциялар киритди. Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигининг 18 ноябр, душанба куни берган баёнотида айтилишича, жазо чоралари давлатга қарашли Iran Air авиакомпанияси ва The Islamic Republic of Iran Shipping Lines (IRISL) юк ташиш компаниясига қарши қаратилган.

Иккала компания ҳам Эрондан Россияга баллистик ракеталар ва бошқа қуролларни олиб ўтишда айбланмоқда. Ушбу компанияларнинг активлари музлатилган. Бундан ташқари, Россиянинг «Порт Оля-3» кемасига учинчи давлатлардан Россияга ҳарбий юкларни олиб ўтгани учун санкциялар киритилди. Унга Британия портларига кириш тақиқланган.

Британия ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, янги санкциялар Германия, Франция ва Буюк Британия ўртасида сентябр ойида эришилган уч томонлама келишувга мувофиқ жорий қилинган. Ўшанда уч мамлакат ҳукуматлари Эрондан Россияга ракета етказиб берилиши фонида Теҳронга қарши жазо чоралари кучайтирилишини эълон қилди.

ЕИ Россия учун баллистика туфайли Эронга қарши санкциялар тайёрлади

Европа Иттифоқи давлатлари Теҳроннинг Москвага баллистик ракеталарни топширгани учун Эронга қарши санкцияларнинг иккинчи пакети юзасидан сиёсий келишувга эришди. Бу ҳақда 15 ноябр, жума куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда ЕИнинг юқори мартабали амалдори маълум қилди. Янги пакет 18 ноябр куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши йиғилишида қабул қилиниши кутилмоқда.

DW томонидан янги санкциялар нималарни ўз ичига олиши мумкинлиги ҳақида сўраганида, расмий ушбу пакет октябр ойида киритилган биринчи пакетга ўхшашлигини, бироқ санкциялар рўйхати бошқа соҳалардаги янги жисмоний ва юридик шахслар билан тўлдирилишини тушунтирди. Шундай қилиб, ЕИ Эронга Россия билан ҳарбий ҳамкорлик ва унинг Украинага қарши қуролли тажовузини қўллаб-қувватлашини тўхтатиш учун босим ўтказишда давом этиш ниятида.

Мавзуга оид