Жаҳон | 14:03 / 19.11.2024
4582
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Яқин Шарқдаги вазият

Исроил Ливан жанубидаги Набатия вилоятида жойлашган аҳоли пунктларига ҳаводан кенг кўламли зарбалар уюштирди.

Шунингдек, Исроил томонидан мамлакат пойтахти Байрут нишонга олингач, минтақадаги вайронгарчиликлар мониторинг қилинган. Зарба натижасида 2 киши ўлгани, 22 киши яралангани хабар қилинмоқда. Зарбага дучор бўлган туманда кўплаб автомобиллар ва биноларга зарар етган.

Исроил армиясининг 2023 йил 8 октябридан буён Ливанга уюштириб келаётган ҳужумлари натижасида қурбонлар сони 35 тага кўпайиб, 3516 кишига етган. Уларнинг орасида 902 нафар аёллар ва болалар, 212 нафар тиббиёт ходимлари бор.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарларига кўра, сўнгги сутка ичида 35 киши ўлдирилган, 143 киши яраланган. Умумий ярадорлар сони 14 минг 929 нафарга етган.

Эрдўғаннинг G20даги чиқиши

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Бразилияда ўтаётган G20 саммитида чиқиш қилиб, Ғазо секторидаги вазиятга алоҳида эътибор қаратди.

«Ғазодаги очарчилик хавфи халқаро таснифлаш бўйича «фалокат» даражасига етди», — деди Туркия етакчиси.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Ғазо аҳолисининг 96 фоизи — ёки 2 миллиондан ортиқ инсон сифатли озиқ-овқат ва ичимлик сув истеъмолидан мосуво.

«Туркия минтақага 86 минг тоннадан ортиқ ёрдам жўнатди, Ливанга ёрдамимиз 1300 тоннадан ошди», — деди Эрдўған.

Туркия президенти бугунги кунда жаҳонда ҳар ўн нафар инсондан бири оч қолаётганини ҳам эслатиб ўтди.

Эрдўған Туркия «қўшнинг оч бўлганда тўқ ухлама» принципига амал қилиб, 2015 йилдан бошлаб миллий даромадининг бир қисмини инсонпарварлик ёрдамларига йўналтираётгани, бу борада Туркия дунёдаги энг сахий давлатлардан бири ҳисобланишини айтди.

Нетаняҳу тан олди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу октябр ойининг охирларида Эронга ҳаводан ҳужум натижасида Теҳроннинг ядровий дастури унсурларидан бири йўқ қилинганини таъкидлади.

«Бу сир эмас. Ўша ҳужум натижасида уларнинг ядровий дастурининг муайян таркибий қисми нишонга олинган эди», — деди у парламентдаги чиқишида.

Аввалроқ Axios портали америкалик ва исроиллик расмий шахсларга таяниб, ядровий қурилмалар учун пластик портловчи моддалар ишланмалари устида иш олиб борилаётган Парчиндаги махфий тадқиқот маркази йўқ қилинганини хабар қилган эди.

Нетаняҳу шунингдек, Теҳронни ҳимоя қилаётган Россияда ишлаб чиқарилган учта С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекси йўқ қилингани, баллистик ракеталар ва улар учун қаттиқ ёнилғи ишлаб чиқаришга жиддий талафот етказилганини ҳам маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, аввалроқ, апрел ойида ҳам битта С-300 батареяси йўқ қилинган.

Исроилнинг октябр ойидаги зарбалари Теҳрон ва Тел-Авив ўртасидаги эскалациянинг янги босқичи бўлди. Исроил Эроннинг 200 га яқин баллистик ракеталар билан берган зарбасига жавобан Эронга ҳужум уюштирган. Зарбагача Нетаняҳу кенг кўламли уруш келиб чиқмаслиги учун Байден маъмуриятини Эронга зарбалар нефт ва ядровий объектларга эмас, фақат ҳарбий объектларга берилишига ишонтирган.

Қайд этиш лозимки, Эрон ядровий қурол ишлаб чиқараётганини рад этиб келади. «Эрон ядровий қуролга эга бўлишга интилмаяпти. Нуқта», — деган эди шу ой ичида мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий.

Сенатдан халқаро судга таҳдид

АҚШ сенатида кўпчилик овозга эга бўлган республикачилар етакчиси этиб сайланган Жон Тюн Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Исроилнинг бошқа мулозимларини ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноят судига таҳдид қилди.

«Агар халқаро жиноят суди Фаластиндаги ҳарбий жиноятлари учун исроиллик мансабдор шахсларга нисбатан берилган ордерларни қайтариб олмаса, Сенат зудлик билан Халқаро жиноят судига нисбатан санкциялар қўллаш ҳақида қонун қабул қилиши керак», — деган Жон Тюн.

Тюнга кўра, Сенатда кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар АҚШнинг энг муҳим иттифоқчиси Исроилни ҳар доим қўллаб-қувватлайди ва бу ишни Конгрессда ҳам амалга оширади.

НАТО раҳбари Қора денгиз ҳақида

НАТО бош котиби Марк Рютте Қора денгиз хавфсизлигига катта эътибор қаратишини маълум қилди. У НАТО ҳаво кенгликлари Россиянинг пилотсиз парвоз қурилмалари ва ракеталари томонидан бир неча бор бузиб ўтилгани борасида ташвиш билдирди.

Рютте НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида Руминия ташқи ишлар вазири Марсел Чолак билан учрашувдан сўнг шундай баёнот билан чиқди.

Қора денгиз хавфсизлигига катта эътибор беришини таъкидлар экан, Рютте шундай деди: «Россиянинг пилотсиз парвоз қурилмалари ва ракеталарининг НАТО ҳаво кенгликларига такроран кириб келиши ўйловсиз, хавфли ва тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат», деган.

«НАТО ўзининг шарқий қанотида ҳаво ҳужумидан мудофаани мустаҳкамлайди ва ҳозир иттифоқчиларимиз юзлаб бешинчи авлодга мансуб қирувчи учоқлар харид қилмоқда», — деган Рютте.

Россиянинг Украинада бошлаган уруши НАТОга кучли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими кераклигини кўрсатиб қўйганини ва бу устувор вазифа эканини таъкидлаган Рютте, “НАТО Қора денгиздаги хавфсизлик масаласига жуда жиддий эътибор беради. Биз чегараларни қўриқлаш ва ҳар бир иттифоқчимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз”, деди.

Руминия бош вазири Марсел Чолак ҳам Россиянинг ҳаво кенгликларини бузиб ўтиш ҳолатлари кўпайгани, шунингдек, рус кемалари Қора денгизда эканини инобатга олиб, Рюттени НАТОнинг Руминиядаги иштирокини кучайтиришга чақирди.

Трампнинг мигрантлар бўйича режаси

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп мамлакатда ноқонуний бўлиб турган мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади.

Янги сайланган АҚШ президенти Доналд Трамп ноқонуний мигрантларни депортация қилиш учун федерал даражада фавқулодда ҳолат жорий этишга тайёрлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Аввалроқ Judicial Watch консерватив фаоллар гуруҳи раҳбари Том Фиттон ҳам Трампнинг бу нияти ҳақида ёзган эди.

«Хушхабар! Доналд Трампнинг янги маъмурияти мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилишга ва президент Жо Байден сиёсатини ўзгартириш ва оммавий депортацияларни амалга ошириш учун ҳарбий куч ишлатишга тайёр», деб ёзганди Том Фиттон.

Доналд Трамп ўзига тегишли Truth Social тармоғидаги саҳифасида Том Фиттон хабарини репост қилди ва унга «Бу рост!» деб изоҳ қолдирди.

Доналд Трамп 2016 йилги президентлик кампанияси бошидан буён ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш ниятида эканини айтиб келади.

2024 йил май ойида TIME журнали билан суҳбатда у Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантлар сонини 15-20 миллион киши деб ҳисоблади. Шу билан бирга, Wall Street Journal Трампнинг маслаҳатчилари ва тарафдорлари иммиграцияни бостириш режаларини тузаётганини ёзди. Нашр манбалари чора-тадбирлар орасида ҳозирда амалдаги президент Жо Байден маъмурияти томонидан амалга оширилаётган, юз минглаб мигрантлар учун депортациядан ҳимояланишнинг бекор қилинишини тилга олган.

Абхазия раҳбари истеъфога чиқди

Ўзини мустақил деб эълон қилган Абхазия республикаси раҳбари Аслан Бжания ўз истеъфосини минтақа «парламенти спикери»га топширди. Ҳужжат 19 ноябр, сешанбага ўтар кечаси Бжания матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Бжания бу қадамни «барқарорлик ва тартибни сақлаш» мақсади билан изоҳлади. Аслан Бжания икки кун олдин истеъфога чиқишга тайёрлигини эълон қилди, бунинг учун оммавий намойишлар иштирокчилари ҳукумат биноларини тарк этишлари шарт эди.

Бжания матбуот хизмати агар бу талаб 19 ноябр куни бажарилмаса, у истеъфога чиқиш ҳақидаги аризасини қайтариб олишини таъкидлади. Бу Абхазия «парламенти» томонидан шу куни кўриб чиқилиши керак.

Ҳудуд раҳбари истеъфога чиққанидан кейин уни «вице-президент» Бадра Гунба бошқаради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид