Жаҳон | 23:12 / 19.11.2024
4069
4 дақиқада ўқилади

Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?

Эрдўған Исроилнинг Фаластин ва Ливандан кейинги нишони Туркия бўлишини айтмоқда. Исроил ташқи ишлар вазири эса курдлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш кераклигини айтиб чиқди. Туркияда илмий фаолият билан шуғулланган сиёсатшунос Фазлиддин Мадиевнинг сўзларига кўра, ушбу фонда курдлар мавзуси Туркияда бош сиёсий масалалардан бирига айланган.

“Шуни аниқ айта оламанки, Ливандан кейин уларнинг нигоҳи бизнинг ерларимизга қаратилади. Нетаняҳунинг орзулари Анатолияни ҳам ўз ичига олади”, деганди бир неча ҳафта олдин Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Кўп ўтмай, Туркия президенти Исроил билан сиёсий алоқалар тўхтатилганини айтди. Буни Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси вакили ҳам Kun.uz'га тасдиқлади. Икки мамлакатдаги элчихоналар ёпилмаган бўлса-да, элчилар чақириб олинган. Эрдўған аввалроқ Исроил билан савдо алоқалари тўхтатилганини эълон қилганди.

Ушбу фонда Исроилнинг янги тайинланган ташқи ишлар вазири Гидеон Саар курдларни “Исроилнинг табиий иттифоқчилари” деб атади. Унинг фикрича, Исроил қўшни давлатлардаги курдлар, друзлар ва бошқа минтақавий озчиликларни қўллаб-қувватлаши керак.

“Курд халқи – буюк халқ, сиёсий мустақилликка эга бўлмаган буюк халқлардан бири”, – деди Саар ТИВ раҳбари лавозимга киришиш маросимида сўзлаган нутқида. У курдлар Эрон ва Туркияда “жабр-ситам ва агрессия қурбонлари бўлаётгани”ни айтиб, Исроил улар билан алоқаларни мустаҳкамлаши зарурлигини таъкидлади.

Kun.uz ўтган ҳафта халқаро майдондаги воқеаларга бағишланган “Геосиёсат” таҳлилий дастурида қатнашган сиёсатшунос Фазлиддин Мадиевнинг сўзларига кўра, ҳозирда курдлар масаласи Туркия сиёсатидаги бош мавзулардан бири бўлиб турибди. Аммо Эрдўған айтганидек ҳарбий тўқнашув ҳақида гапиришга, экспертнинг фикрича, ҳали эрта, чунки Туркия ҳам, Исроил ҳам демократик мамлакатлар ҳисобланади.

Мадиевга кўра, Эрдўған ва бошқа расмийлар Исроилнинг кейинги нишони Туркия экани ҳақида бир эмас, бир неча бор баёнотлар бергани Туркия сиёсий тизими ичида қарама-қаршиликларни юзага келтирган. Бундан ташқари, 10 ноябр куни Эрдўғаннинг Курд ишчилар партиясини тамоман тугатишга тайёрлиги ҳақидаги баёнотидан кейин, Исроил ташқи ишлар вазирининг курдлар ҳақида айтган сўзлари Анқарадаги вазиятни анча чигаллаштирган.

“Ҳозир курдлар можароси расмийлар олдидаги ҳал қилиниши керак бўлган энг асосий масала бўлиб қолди. Шунингдек, икки ҳафтадан бери Абдуллоҳ Ўжалан (Курдистон ишчилар партияси асосчиларидан бири, Туркияда ҳибсда – таҳр.) масаласи жиддий муҳокама қилиняпти. Масалан, уни қамоқдан чиқариш ва унинг Курд ишчилар партияси буткул тугатилгани ва партиядагилар қуролларини ташлаши ҳақида баёнот беришига эришиш таклиф қилинган”, – дейди сиёсатшунос.

Унинг сўзларига кўра, Исроил Ливандаги ҳарбий ҳаракатлари билан Туркия чегарасига деярли 200 км яқинлашиб қолган, бу эса Туркияни хавотирга солмоқда.

“Туркия ва Исроил ўртасида ўзаро муносабатларнинг тўхтатилгани бир эмас, бир неча марта бўлган. Лекин улар ўртасида уруш бўлиши хавфи кам, лекин можаронинг чуқурлашиши иқтисодий тарафдан катта муаммолар яратади, чунки Туркия ва Исроил ўртасида жуда катта иқтисодий муносабатлар бор. Туркия Исроил билан савдосини тўхтатганини эълон қилганидан кейин ҳам, Исроил томонига кўра, 1,6 млрд долларлик ўзаро савдо айланмаси бўлган. Чунки хусусий бизнесга давлат аралаша олмайди”, – дейди Фазлиддин Мадиев.

Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, Исроил томонидан Туркияга таҳдид борлиги ҳақидаги баёнотлар 20-25 йилдан буён ҳокимиятда бўлиб турган Эрдўғаннинг популистик чиқишларими ёки реал таҳдид ҳақиқатан мавжудми, бу масаладаги баҳслар давом этади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид