Жамият | 20:55
1002
5 дақиқада ўқилади

“Эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз” – Бухорода қурилиши битмаган мактаб-интернат ўқувчилари сарсон бўляпти

Бухоро шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг реконструкцияси охирига етказилмаётгани ортидан ўқувчилар қийналаётгани айтилмоқда. Ҳозирда болалар шаҳардаги 34-мактабга кўчирилган, бироқ бу муассасада ҳам етарлича шароит йўқ, дейилади Kun.uzʼга юборилган мурожаатда. “Болалар пол, парталари синиб кетган, қўшимча дарс ўтиш имкони мавжуд бўлмаган мактабда ўқияпти”, – дейди ота-оналардан бири. Вилоят ҳокимлиги эса таълим биноси кейинги йил баҳорда фойдаланишга топширилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Бухоро шаҳрининг 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари ва уларнинг ота-оналаридан Kun.uzʼга мурожаат келиб тушди. Унга кўра, авария ҳолатига келиб қолган ушбу мактаб-интернат 2022 йилда реконструкция лойиҳасига киритилган ва шу важ билан унинг ўқувчилари шаҳарнинг 34-мактабига кўчирилган.

Ҳозирда болалар у ерда 2-сменада таҳсил олаётгани, аммо мактабнинг шароити қониқарли эмаслиги айтилмоқда.

Бу мактаб [34-мактаб]га Ромитан туманидан 3 нафар ўртоғим билан қатнаймиз. Бизга ўтган йили “мактаб биноси қуриб битказилади” дейишганди, аммо мана, иккинчи йил кетяпти ҳамки, қурилмаган.

Биз бир эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз, вақтинча ўқиётган мактабимиздаги болалар бизни қабул қилмаяпти, уришяпти, сўкишяпти. Устозларга айтсак, “на илож, ўзи уларнинг мактабида ўқияпмиз, мажбурмиз”, – дейишяпти. Хуллас, бизнинг қурилаётган бинога давлат томонидан пул ажратилмаяпти экан, биз қийналяпмиз”, – дея ёзган бир ўқувчи.

Айни мактаб-интернатда таҳсил олувчилардан бирининг онасига кўра, кўплаб ота-оналар шароит сабаб фарзандини бошқа мактабга олиб кетмоқда.

Бухоро шаҳридаги 2-сон ихтисослаштирилган мактабига қизим шу йил юқори балл билан қабул қилинди. Аммо биз расмини кўриб ҳавас қилган мактаб эмас, балки жуда эски ва хароб ҳолдаги мактабнинг 2-сменасида ўқияпмиз.

Ваҳоланки, мактаб шу ўқув йилига тайёр ҳолатга топширилиши керак эди. Аммо ишнинг бу кетишида кейинги ўқув йилига ҳам топширилмаса керак. Энг билимли ва зукко болаларни имтиҳон асосида саралаб олиб, шунақа мактабда ўқитиш уларнинг руҳиятига, келажакка бўлган умидига таъсир қиляпти. Уларга фақатгина яхши шароит яратиб бериш лозим. Илтимос, шу юзасидан суриштирув ишларини олиб бориб Kun.uz’га чиқарсангизлар. Зора мутасаддиларга оддий халқнинг, ота-оналарнинг ноласи етиб борса. Чунки қанча ота-оналар мажбур [бўлиб] боласини олиб кетди”, – дейди она.

Ёлғондан [эски мактабда] 1 ёки 2 кишининг ишлаётганини кўриш мумкин. У ҳам ҳар доим эмас. Болалар мактаб-интернати, яъни ётоқхона, ошхона, спорт заллари, замонавий синфхоналари, компютер хоналари бўлган жойда эмас, умуман шароити йўқ, поллари, парталари синиб кетган, қўшимча дарслар ўтиш имкони мавжуд бўлмаган мактабда ўқишяпти. Буларга IT, инглиз тили, математика чуқурлаштирилган ҳолда ўтилиши керак. Аммо бу учун шароит керак.

Илтимос, шу масалани атрофлича ўрганиб ёрдам берсангизлар, болажонларимиз келажаги учун. Чунки қурилишни молиялаштириш вилоятга топширилган. Муддат ўтиб кетган”, – дейди мурожаат қилган фуқаролардан бири.

Тезлаштириб битиришингизни сўраймиз – деган маънода бир неча маротаба хат юборилган”

Kun.uz ҳолат юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги матбуот хизмати билан боғланди. Агентлик мактаб қурилиши бўйича Бухоро шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба хатлар юборилганини, ўқувчилар таълим биноси йўқлиги ортидан сарсон бўлишганини маълум қилди.

Тезлаштириб, битиришингизни сўраймиз, қурилиш-таъмирлаш ишларини якунига етказишингизни илтимос қиламиз”, деган маънода бир неча маротаба хат юборилган”, – дейди ташкилот матбуот котиби Жўрабек Жангиров.

Унинг қўшимча қилишича, президентнинг тегишли фармони билан агентликка қарашли мактабларни таъмирлаш, замонавий ўқув қуроллари билан таъминлаш, ўқувчиларга яшаш ва ўқиш учун керакли шарт-шароитларни яратиш ҳудудий ҳокимликлар зиммасига юклатилган.

Мактаб-интернат 2025 йил март ойида фойдаланишга топширилади” – ҳокимият

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Олим Жўраевга кўра, ҳақиқатан ҳам Бухоро шаҳридаги 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари икки йилдан бери 34-мактабда таҳсил олиб келади.

“Бухоро [шаҳри]да 32-сонли меҳрибонлик уйи бор эди. Меҳрибонлик уйидаги болалар президент имзолаган ҳужжат билан оталиққа берилди ва болалар уйи ёпилди. Шунинг ўрнида 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернат қурилиши бошланган, реконструкция-да бу, бино мослаштириляпти.

Маҳаллий бюджетдан 14 млрд сўм миқдорида молиялаштирилган, ҳозир ҳам қурилиш ишлари кетяпти, мактаб-интернат 2025 йил март ойида фойдаланишга топширилади”, – дейди у.

Унинг қўшимча қилишича, қурилишга вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” ДУК буюртмачи, “Bobir Buxoro Qurilish Cluster” МЧЖ эса пудратчи сифатида белгиланган.

2023 йил 3 июлда улар ўртасида 13 млрд 580,44 млн сўмлик 17-сонли шартнома имзолангани, йиллар кесимида объект қурилиши учун қанча сумма молиялаштирилгани маълум қилинди. Қайд этилишича, 2023 йилда маҳаллий бюджетдан 2 млрд 290 млн сўм, 2024 йилда 2 млрд 036,2 млн сўм – қурилиш бошлангандан бери жами 4 млрд 326,16 млн сўм маблағ молиялаштирилган.

Мавзуга оид