Ўзбекистон | 09:31
7592
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда вояга етмаган икки қиз машина уриб кетиши оқибатида вафот этди

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Cobalt катта тезликда вояга етмаган икки қизни уриб юборди. 

Фото: Видеодан кадр

Вилоят ЙҲХБ маълум қилишича, воқеа 18 ноябр куни соат 19:30 ларда Бахмал тумани ҳудудидан ўтган Ғаллаорол—Бахмал—Супа-Зомин 4Р-41 йўлининг 29 километрида содир бўлган.

1991 йилда туғилган А.О Cobalt автомобилини Ўсмат йўналиши бўйича бошқариб келаётиб, йўлнинг белгиланган жойидан кесиб ўтаётган вояга етмаган икки пиёда: 2011 йилда туғилган И.М. ва унинг синглиси, 2020 йилда туғилган И.К.ни уриб юборган.

Оқибатда опа-сингил турли тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан гумонланувчи О.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди ва 117-модда (хавф остида қолдириш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб ушланган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонага жойлаштирилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид