Ўзбекистон | 11:25 / 21.11.2024
2380
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди

10 ой давомида 2,4 минг киши туҳмат қилгани учун айбланган бўлса, 27,9 минг киши бошқаларни ҳақорат қилгани учун судланган. Олий суд маълумотларига кўра, уларнинг барчасига жарима солинган. Бундан ташқари, яна 572 киши айни шу ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2024 йилнинг 10 ойи давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик – туҳмат қилишда айбланиб 2 минг 423 нафар фуқаро жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик – ҳақорат қилишда айбланиб 27 минг 928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Олий суд вакили уларнинг барчасига жарима солинганини билдирди.

Шунингдек, 2024 йилнинг 10 ойида 572 нафар шахс Жиноят кодексида назарда тутилган туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳуқуқбузарлигини содир қилиб, судланган.

Хусусан, Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) билан 121 нафар шахс судланиб, уларнинг 11 нафарига жарима, 14 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда 92 нафарига озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 4 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.

Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) билан 451 нафар шахс судланиб, уларнинг 92 нафарига жарима, 242 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 4 нафарига мажбурий жамоат ишлари ҳамда 110 нафарига озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 3 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам, Жиноят кодексида ҳам туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳуқуқбузарлик сифатида келтирилган ва жазо белгиланган. Агар, ушбу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса ёки ўта оғир жиноят қилишда айбланса, ёки Интернет тармоғида содир этилса, ёхуд жабрланувчи хизмат вазифасини бажараётган бўлса, шу каби ҳолатларда жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Мавзуга оид