Жаҳон | 18:15 / 21.11.2024
1489
2 дақиқада ўқилади

Австралияда 16 ёшдан кичкиналар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланади. Технологик компанияларга катта жарималар таҳдид солмоқда

Янги қоидалар Snapchat, TikTok, Instagram ва Х каби ижтимоий тармоқларга тааллуқли. Ёшлар олдингидек Google Classroom ва YouTubeʼдан фойдаланишлари мумкин.

Фото: Getty Images

Австралия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекловчи қонунни қабул қилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Энтони Албанезе маълум қилди.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, Австралия «16 ёшдан кичиклар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекловчи дунёдаги муҳим қонунни» қабул қилади. «У интернетдаги хавфсизликни назорат қилувчи амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритади, бу эса австралиялик ёшларнинг ривожланишнинг муҳим босқичида янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, Албанезенинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати технологик компаниялар ва ижтимоий тармоқлар администрацияларидан 16 ёшдан кичиклар аккуант ҳамда саҳифалар оча олмаслигини таъминлаш учун оқилона чоралар кўришини талаб қилади.

«Ҳукумат янги қонунни бузганларни қаттиқ жазолайди ва рақамли платформалар бунинг эвазига 32,5 миллион долларгача жаримага тортилади», — дейди бош вазир.

Австралия ҳукумати раҳбарининг қайд этишича, янги қоидалар Snapchat, TikTok, Instagram ва Х каби ижтимоий тармоқларга тааллуқли. Ёшлар олдингидек Google Classroom ва YouTubeʼдан, шунингдек, хабар алмашиш ва онлайн ўйин воситаларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Аввалроқ Норвегия бош вазир Йонас Гар Стёре мамлакат ҳукумати 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш ниятида эканини маълум қилганди. Ҳукумат раҳбарининг айтишича, бу «осон кураш» бўлмайди, аммо «болалар ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентлардан ҳимояланиши керак».

Куни кеча эса Британияда 16 ёшгача бўлган болаларни ижтимоий тармоқлардан чеклаш масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида хабар берилганди. Ўз навбатида Freeths юридик фирмаси вакили Ион Силверман ижтимоий тармоқларнинг тақиқланишини «муаммолар денгизидан томчи» деб атаб, ўсмирлар интернет материалларига киришнинг бошқа усулларини топишини маълум қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид