Жаҳон | 14:23 / 21.11.2024
1501
3 дақиқада ўқилади

Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади

Тбилисидаги қўлга олишлардан сўнг Гуржистондаги мухолифат намойишлари ташкилотчилари вақтинча ўз тарафдорларини уйларига жўнатиб, янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади.

Фото: Zurab Tsertsvadze / AP

Гуржистон парламентига қайта сайланиш талаби билан ўтказилаётган норозилик намойишлари ташкилотчилари уларни вақтинча тарқатиб юборади ва янги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади. «Ўзгариш учун» коалицияси етакчиларидан бири Зураб Жапаридзенинг 20 ноябр, чоршанба куни қабул қилган қарори «Эхо Кавказа» томонидан келтирилди.

«Биз қандайдир тарзда қайта режалаштиришимиз ва бу ерда қилган ишимиздан бошқа нарса ҳақида ўйлашимиз керак», деди Жапаридзе.

«Драйв телевизор кўриш ва «режа йўқ» деб бақиришдан пайдо бўлмайди, драйв - тирик, эркин ва жасур одамларда», деб ёзган сиёсатчи аввалроқ Facebookʼда.

Тбилиси марказида намойишчиларнинг тарқатилиши

Аввалроқ, 19 ноябр куни Тбилиси марказида Гуржистон Ички ишлар вазирлиги махсус кучлари ходимлари давлат университети биноси яқинидаги хиёбон бўйлаб чодирлар билан ҳаракатни тўсиб қўйган намойишчиларни тарқатиб юборган ва бу қўлга олишларга сабаб бўлган эди. Махсус кучлар баррикадаларни бузиб ташлади ва намойишчилар йўлларни тўсишда фойдаланаётган машиналарни эвакуация қилишни мувофиқлаштирди. Натижада хавфсизлик кучлари Чавчавадзе хиёбонини тўлиқ бўшатиб, намойишчиларни яқин атрофдаги Меликишвили проспектига сиқиб чиқарди.

Гуржистон парламентига сайловлар 26 октябр куни бўлиб ўтди. Расмий натижаларга кўра, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 89 мандат (53,93 фоиз), «Ўзгариш учун коалиция» – 19 мандат (11,03 фоиз), «Бирлашган миллий ҳаракат» – 16 (10,17 фоиз), «Кучли Гуржистон» – 14 (8,81 фоиз) ва «Гуржистон учун» — 12 мандат (7,78 фоиз) олган.

Зурабишвили сайловлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили мамлакат Конституциявий судига 26 октябр куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини тан олмаслик талаби билан мурожаат қилди. Бу ҳақда 19 ноябр куни унинг маъмурияти сайтида эълон қилинган хабарда айтилади.

Хабардан маълум бўлишича, президентнинг даъвоси овоз беришнинг универсаллиги ва махфийлиги тамойилларининг бузилиши билан боғлиқ. Шу муносабат билан унинг фикрича, Марказий сайлов комиссияси эълон қилган сайлов натижалари бекор қилиниши керак.

Бир кун аввал Зурабишвили судга мурожаат қилиш нияти ҳақида шундай деган эди: «Мен буни Конституциявий судга ишонганим учун эмас, балки танлов олдида турган судяларнинг виждонини тўлиқ синовдан ўтказмоқчи бўлганим учун қиляпман».

Президентнинг сўзларига кўра, парламент сайловлари ўтган деб тан олинмайди, чунки уларни мухолиф партиялар тан олмаяпти. «Мавжуд вазиятдан чиқишнинг ягона барқарор, тинч йўли – бу янги сайловлардир», — деди давлат раҳбари уларни имкон қадар тезроқ ўтказиш зарурлигини билдириб. Бундан ташқари, Зурабишвили сайловлардаги қонунбузарликлар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид