Ўзбекистон | 11:05
2556
2 дақиқада ўқилади

Қиммат сотилган дорилар туфайли истеъмолчиларга 7 млрд сўм қайтарилди

Рақобат қўмитаси мамлакатдаги 878 та дорихонада дори воситаларининг нархи оширилганини аниқлади. 

Фото: Getty Images

Йил бошидан буён 878 та дорихона (295 та улгуржи ва 583 та чакана) томонидан 107 773 та ҳолатда истеъмолчилардан 7 млрд сўмдан зиёд ортиқча тўловлар ундирилган. 

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар беришича, текширувлар натижаларига кўра ортиқча тўланган маблағлар истеъмолчиларга қайтарилди.

Жумладан, 405 та дорихонада (162 та улгуржи ва 243 та чакана) дори воситалари нархлари оширилгани сабабли асоссиз равишда олинган 2 млрд сўмга яқин маблағ 58 318 та ҳолатда истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоблаб чиқилиб, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилди.

Дори воситалари нархларининг оширилиши юзасидан тўғридан тўғри фуқаролардан 800 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижасида 100 млн сўмга яқин пул маблағ истеъмолчиларга қайтарилган.

2023 йил май ойида Рақобат қўмитаси FAIR Tech ахборот тизимида алоҳида модулни жорий қилганди. «Солиқ» мобил иловаси орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш билан боғлиқ квитанцияларнинг QR кодларини рўйхатдан ўтказишда белгиланган устамалардан ортиқ миқдор аниқланса, тизим автоматик равишда қўмитага билдиришнома юборади. Кейин ортиқча миқдор истеъмолчига қайтарилади.

Мавзуга оид