Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди
Ҳаагадаги суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаяҳу ва 5 ноябрда истеъфога чиқарилган Йоав Галантни Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда.
Халқаро жиноий суд (ХЖС) Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва 5 ноябр куни истеъфога чиқарилган мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда суд пресс-релизида сўз боради.
Суд Нетаҳяҳу ва Галантни 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майга қадар Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда.
Халқаро жиноий судга кўра, одатда ҳибсга олиш ордерлари «махфий» тамғаси остида таснифланади, аммо бу ҳолатда ушбу маълумотни эълон қилишга қарор қилинган, чунки ордерда кўрсатилган ҳолатлар ҳамон давом этмоқда.
ХЖС, шунингдек, ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти раҳбари бўлган Муҳаммад Дейфни ҳам ҳибсга олишга ордер берган. Аммо Исроил ҳарбийлари Дейф июл ойида Ғазога қилинган ҳужум оқибатида ўлдирилганини билдирган.
Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олишга ордер берилишини 2024 йил май ойида ХЖС прокурори Карим Хон сўраган эди. Шунингдек, у ҲАМАСнинг уч нафар етакчиси — Яҳё Синвар, Муҳаммад Дейф ва Исмоил Ҳаниянинг ҳибсга олинишига ҳам ордер берилишини сўраган, ўтган вақт давомида уларнинг барчаси ўлдирилди.
Нетаняҳу ХЖС прокурорининг сўровини «можароли» деб атаб, бу на уни ва на Исроилни тўхтата олишини таъкидлаганди. Июн ойида Халқаро жиноий суд Нетаняҳу ва Галантнинг ҳибсга олинишига ордерлар берилиши бўйича қарорни кечиктиргани маълум бўлди. Бунга Буюк Британия 10 июн куни ХЖСнинг Исроил борасидаги юрисдикциясига нисбатан танбеҳ бериш юзасидан ариза киритгани сабаб бўлган. Аммо Британияда ҳукумат алмашганидан кейин ушбу ариза қайтариб олинган.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ҳам ордер берганди. Путин Украинанинг босиб олинган ҳудудларида болаларни Россияга ноқонуний депортация қилганликда гумонланмоқда.
Мавзуга оид
10:31
АҚШ Сенати Исроилга қурол етказиб беришни блоклашни рад этди
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
19:01 / 19.11.2024
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС етакчилари Доҳада эмаслигини маълум қилди
10:20 / 18.11.2024