Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
Хитойнинг Хунан провинциясида йирик олтин кони топилди. Бу ҳақда провинциянинг Геология бошқармасига таяниб Xinhua агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, геологлар Пинцзян уездидаги Вангу конидан 2 минг метр чуқурликдан 300 тоннага етадиган олдин захирасини аниқлаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 3 минг метрдан ортиқ чуқурликда эса олтин захираси минг тоннадан ошади. Ушбу ҳудуддаги қимматбаҳо металл қиймати 600 миллиард юанни (83 миллиард долларга яқин) ташкил этмоқда.
Рудаларни қидириш бўйича эксперт Чэн Жулиннинг сўзларига кўра, бурғиланган кўплаб тоғ намуналаридан олтин излари топилган. 2 минг метр чуқурликдан қазилган бир тонна руда максимум 138 грамм олтин сақлаган.
Вангу конида 3D-геологик моделлаштириш каби рудаларни аниқлашнинг янги технологияларидан фойдаланилган.
Хитой дунёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Олтин бўйича жаҳон кенгаши маълумотларига кўра, 2023 йилда бутун дунёда ишлаб чиқарилган олтинларнинг салкам 10 фоизи Хитой ҳисобига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилар орасида ўнинчи ўринни эгаллаган. 12 ой давомида Ўзбекистонда 119,6 тонна қимматбаҳо металл ишлаб чиқарилган. Энг кўп олтин ишлаб чиқарган мамлакат Хитой бўлган — 378,2 тонна. Иккинчи ўринда — Россия (321,8 тонна), учинчи ўринда — Австралия (293,8 тонна).
Мавзуга оид
22:09
Дубайда дунёдаги энг катта олтин ёмби намойиш этилди
21:00
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024