22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ватандошлар учун «Ватандош» картаси, спорт кунига айлантирилаётган пайшанба, меҳнат миграциясида янги қадамлар ва Тошкент метрополитени учун келтирилаётган янги поездлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
«Ватандош» картаси жорий этилди
Ўзбекистон президентининг қарорига мувофиқ, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга «Ватандош» картаси ва гувоҳномаси тақдим этилади.
Ташаббус юрт манфаатларига ҳисса қўшган ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида жорий қилинди.
«Ватандош» картаси 5 йил муддатга берилиб, қатор ҳуқуқ ва имтиёзларни тақдим этади. Хусусан, карта эгаларига Ўзбекистонга визасиз кириш-чиқиш, кўчмас мулк сотиб олиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш имконини беради.
Шунингдек, карта эгасининг оила аъзоларига ҳам тегишли имтиёзлар берилади. Улар виза муддатини узайтириш ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда енгилликлардан фойдаланиши мумкин.
Бу ташаббус хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва мамлакат имижини юксалтиришга қаратилган. Ҳужжат махсус комиссия томонидан расмийлаштирилади.
Меҳнат миграциясида янги қадамлар
Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилда 200 мингдан ортиқ фуқарони иқтисодий ривожланган мамлакатларда иш билан таъминлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов парламентдаги чиқиши чоғида маълум қилди.
Унга кўра, меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш ва мигрантларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Германия, Япония, Корея, Канада, Буюк Британия каби 21 мамлакатда иш ҳақи юқори бўлган 200 минг янги иш ўрни яратиш режаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун касбий тайёргарлик ва хорижий тил ўргатиш бўйича барча шароитлар яратилади. Ушбу чора-тадбирлар «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.
Ҳар пайшанба… спорт куни
Президент Шавкат Мирзиёев ёшларни спортга жалб этиш бўйича янги ташаббуслар тақдимоти билан танишди. Маълум қилинишича, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида 10 млндан зиёд аҳоли оммавий спорт билан шуғулланмоқда.
Жойларда «Маҳалла лигаси» ва «Мактаб лигаси» мусобақаларини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда, олий таълим муассасаларида «Талабалар лигаси», «Ректор кубоги» каби мусобақалар йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Ҳар пайшанба куни «Жисмоний тарбия ва спорт куни» деб белгиланиши таклиф қилинди. Жалб қилинган ёшлар сони ҳамда эришилган натижаларга қараб, спорт мактаблари ходимларига устама берилади. Шунингдек, инфратузилмадан келиб чиқиб, муассасалар муайян спорт турларига ихтисослаштириб борилади.
Метро учун 26 та янги поезд
Сўнгги 7 йилда Тошкент метрополитенида бекатлар сони 29 тадан 50 тага етди. Метро линияларнинг умумий узунлиги эса 38 километрдан 71 километргача ошди.
2017 йилдан 2019 йилгача 36 та поезд эксплуатация қилинган. Транспорт вазирлиги маълум қилишича, 2024 йилга келиб уларнинг сони 65 тага етказилди.
2025 йил якунига қадар Тошкент метрополитени учун яна 26 та замонавий таркиб харид қилиниши режалаштирилган.
Бу поездлар қатнов оралиқ вақтларини сезиларли даражада қисқартиради ва йўловчилар учун шароитларни янада қулайлаштиради.
14 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида табиий газ тармоғига ноқонуний уланган иссиқхона ИИВ Тезкор қидирув департаменти томонидан аниқланди.
1987 йилда туғилган фуқаро ўз томорқасида қулупнай етиштириш учун иссиқхона ташкил этиб, тегишли рухсатларсиз газ қувурига уланган ва уч йил давомида ушбу ноқонуний фаолият орқали давлатга 14 млрд сўмдан зиёд зарар етказилган.
Иссиқхона эгаси қилмишларини яшириш мақсадида турли усуллардан фойдаланган. Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Иссиқхоналарга газ етказиш бўйича чекловлар йўқ
Ижтимоий тармоқларда иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш бўйича чекловлар ўрнатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Энергетика вазирлиги эса бундай чекловлар йўқлигини маълум қилди.
Президентнинг 2024 йил 26 сентябрдаги «Иссиқхона хўжаликларини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, иссиқхоналар табиий газ учун тўловларни амалга оширган ҳолда фойдаланишлари мумкин бўлиб, уларга табиий газ етказиб бериш бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.
Иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга ошириб, табиий газдан фойдаланишлари мумкин.
Қайд этиб ўтиш жоизки, белгиланган тартибга кўра, иссиқхона хўжаликларига октябр, ноябр ва декабр ойларида етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эса ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади.
Мавзуга оид
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024
19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:10 / 18.11.2024