«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
Россия Днипрога зарба бериш учун қўллаган янги ракета ҳақида нималар маълум? «Орешник» қандай талафот етказиши мумкин? АҚШ бунга қандай жавоб қайтаради? Бу саволларга ядровий сиёсат бўйича эксперт Максим Старчак жавоб берди.
Россия президенти Владимир Путин 21 ноябр куни Украинанинг Ғарбда ишлаб чиқарилган узоқ масофага мўлжалланган ракеталар билан Россия ҳудудига берилган зарбаларига жавобан Россия нима қилгани ҳақида кутилмаганда батафсил маълумот берди. Хусусан, у Днипродаги «Южмаш» корхонасига «Орешник» экспериментал баллистик тизими орқали уюштирилган ҳужум ҳақида гапирди.
Бу қурол ҳақида Путиннинг сўзларидан ташқари жуда кам маълумот бор. Meduza «Орешник» қайси ракетанинг «боласи» экани, бундай ракета билан берилган зарбаси нечоғлик кучли бўлиши мумкинлиги, АҚШ Россия президентининг бу баёнотига қандай жавоб қайтариши ҳамда Путин нега Ғарб томон таҳдидларини ошкора билдиришда давом этаётгани ҳақида Россия ядровий сиёсати бўйича эксперт, Куинс университети Халқаро ва мудофаа сиёсати марказининг илмий ходими, Defense News нашри мухбири Максим Старчак билан суҳбат ўтказди.
— Путин Россия Днипродаги «Южмаш» заводига «Орешник» комплекси ракеталари билан зарба берилганини айтди. Агар бу янги қурол бўлса, у ҳақда ниман дейиш мумкин? «Орешник»нинг Киев томонидан дастлаб зарба берилган, дея эътироф этилган «Рубеж» ракетасидан фарқи нимада?
— Пентагон ва бошқа экспертларнинг фикрича, «Орешник» ракета тизими РС-26 «Рубеж» ракетаcи модификациясининг айни ўзи. «Рубеж» — 2010-йилларда яратилган ракета бўлиб, серияли ишлаб чиқаришга олинмаган. Россия уни қитъалараро ракета сифатида тақдим қилган. Ғарб таҳлилчилари уни РСД-10 «Пионер» ўрта масофага учадиган ракета ўрнини босувчи қурол сифатида кўрмоқда. Бу эса 1987 йилда тузилган Ўрта ва қисқа масофали ракеталар бўйича шартнома бузилганини англатади, чунки бу ракета ишлаб чиқилган пайтда шартнома амалда бўлган.
Энди эса Путиндан бу ўша ўрта масофаларга мўлжалланган «Орешник» ракета тизими эканини эшитдик. Аммо [ҳозирча унинг бу сўзларига] ҳеч қандай далил йўқ. Агар у «Рубеж»нинг модификацияси бўлса, демак, ракета қитъалараро учиш масофасига ҳам эга бўлиши мумкин. У ҳолда Россия амалдаги ДСНВ-3 (Ядровий қуролларни қисқартириш шартномаси) шартларини ҳам бузгани англашилади.
— Чиндан ҳам, Путин айтиб ўтганидек, 10 Мах (2,5-3 км/с) тезликка эга бу ракеталарга қарши ракета ёки ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими даражасида чора йўқми?
— Биринчидан, бу ракета ростдан ҳам бундай тезликка эриша олиши мумкинлигини аниқ билмаймиз — Кремлнинг бу каби масалаларда бўрттиришга мойиллиги бор. Иккинчидан, Москванинг ўзи ҳам ракета ёки ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бундай ракетани уриб тушира олиш-олмаслигини аниқ билмаслиги ҳам мумкин. Бундай ракетани синаб кўрмасдан ёки ҳақиқий жанговар шароитларда уни уриб туширишга ҳаракат қилмасдан туриб, бундай даъволар шунчаки қуруқ гапдир.
— Путиннинг сўзларига кўра, ракета «ядросиз» бўлган. Демак, ундан ядровий қурол сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Агар шундай бўлса, бу қандай миқёсдаги хавфни келтириб чиқаради? Назарий жиҳатдан бундай қурол ёрдамида қандай кучдаги зарба бериш мумкин?
— Ракета, албатта, ядровий каллак билан ҳам жиҳозланиши мумкин. Агар «Рубеж»ни ёдга олсак, унинг парвоз масофаси 6 минг километр, ҳар бири 0,3 мегатонна қувватга эга тўртта ядровий каллакни ташиш қобилиятига эга бўлиши тахмин қилинган эди. Днипрога берилган зарба видеосида еттита каллак алоҳида портлагани кўринган, аммо уларнинг сони 8 та бўлиши эҳтимоли катта. Агар масса тахминан ўшанча бўлган десак, уларнинг ҳар бири 0,15 мегатоннани ташкил қилади. Агар қўполроқ ҳисоб-китоб қилинса, бу Ҳирошимага ташланган бомба қувватидан ўн баробар кучли бўлиши мумкин.
— Путиннинг айтишича, ҳозирги кескинликнинг асосий сабаби АҚШнинг Ўрта ва қисқа масофали ракеталарни чеклаш шартномасидан чиқиши бўлган. Сиз АҚШ шартномани тарк этган 2019 йилдаги воқеаларни қисқача эслаб ўта оласизми? Бу қадамни чиндан ҳам ўшанда кескинлик томон элтувчи қадам сифатида баҳолаш мумкинмиди?
— АҚШнинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа шартномасидан чиқиши ва бир қатор давлатларда, хусусан Хитойда ракеталар дастурининг ривожланиши оқибатида Россия учун Ўрта ва яқин масофали ракеталар тўғрисидаги шартноманинг аҳамияти йўқолган эди. АҚШ 2008 йилдан бери Россияни шартномани бузганликда ва 500 километрдан ортиқ масофага ердан учириладиган қанотли ракеталарни синаганликда гумон қилиб келган. Аввалига Барак Обама маъмурияти Москва билан дипломатик йўллар орқали муаммони ҳал қилишга уринган, кейин эса Доналд Трамп ва унинг жамоаси шартномани бажаришни талаб қилган, акс ҳолда АҚШ шартномани тарк этишини айтган.
Бунга жавобан Москва АҚШни Aegis Ashore ерлашган тизими ўрта масофали ракеталарни учира олиш қобилиятига эга эканликда айблади. Ҳеч қандай натижага эришилмаганидан сўнг, 2019 йилда аввал АҚШ Ўрта ва яқин масофали ракеталар тўғрисидаги шартномани тарк этди, кейин эса Россия ушбу шартномани бажаришни тўхтатди.
Фикримча, Россия мазкур шартномани тарк этишни анчадан буён хоҳлаб келган ва бунга турли баҳоналар излаган. Анъанавий ҳарбий кучлари заиф ва катта армиялар билан қуршаб олинган мамлакат учун бу шартнома манфаатли эмасди, аслида. Путиннинг ҳозирги баёнотлари эса жавобгарликни бошқаларга юклашга уринишдир.
— Сизнингча, Ўрта ва яқин масофали ракеталар тўғрисидаги шартномани тарк этиш чоғида АҚШ президенти Трамп бўлгани факти нечоғлик муҳим? Путиннинг кечаги танқидини Байденнинг кетаётган маъмурияти эмас, Трамп маъмуриятига қарата қилган, дея талқин қилиш мумкинми?
— Ҳа, агар ўшанда маъмурият демократик бўлганида эҳтимол АҚШ шартномани тарк этмаган бўлармиди. Бироқ бу ҳол Россияга ракеталар дастурини ривожлантиришга тўсқинлик қилолмасди ва ҳозирда биз Путиндан Днипрога ўрта масофали ракета эмас, балки қитъалараро ракета билан зарба берилганини эшитган бўлардик.
Бунақа эмаслигини исботлаб кўринг-чи кейин. Албатта, Трамп бу баёнотни эшитиб, келишувга эришиш кераклигини тушуниб етди деб ўйламайман. Аксинча, у Россиянинг шартномаларни чиндан ҳам бузганига ишонч ҳосил қилган ва АҚШ ҳам шундай ракета яратиб, уни намойиш қилиш керак, деб хулоса қилган бўлиши мумкин.
— Сизнингча, энди воқеалар ривожи қандай бўлади? Путиннинг таҳдидлари жиддий қабул қилиниши ва масалан, АҚШнинг Киевга ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарбага берилган изн бекор қилиниши мумкинми? Ёки янада кескинлашувнинг давом этиши реалроқ вариант бўлиб кўринмоқдами?
— Мен бир нарсани унчалик тушунмаяпман, баллистик ракета билан зарбадан сўнг ўзи нима ўзгарди? Россия Украинага олдин ҳам эҳтимолий ядровий каллакларни таший олувчи ракеталар билан зарба берган. Булар — «Кинжал», «Циркон», Х-55, Х-101. Энди эса баллистик ракета билан. Ҳа, бу бир қараганда қўрқинчли эшитилади, аммо ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Бундай ракеталарнинг таъсир кучи катта бўлиши учун уларнинг сони камида юздан ошиши керак. Ҳозир эса улар бармоқ билан санарли, энг яхши ҳолатда ўндан сал ошади. Баллистик (Путин айтганидек гипертовушли ва ядровий каллаксиз) ракета ва унинг учирилиши жуда қимматбаҳо «ҳашамат». У етказадиган талафот эса қилинган харажатларга нисбатан бир неча баробар кичик. Бундай ҳужумларнинг самарадорлиги жуда паст, аммо шов-шуви катта. Путин айнан информацион шов-шув келтириб чиқаришга уринмоқда.
— СССР/Россия ва Ғарб ўртасидаги «совуқ» уруш тарихида Путиннинг мурожаатига ўхшаш ҳолатлар бўлганми? Ёки бундай ошкора зиддият ядровий мубоҳасада янги жанрми?
— Уруш бормоқда ва Путин ўз режасини амалга ошириш ҳамда Ғарбнинг иштирокини камайтириш учун мавжуд ҳар қандай чорани ишга солмоқда. Ҳарбий машқлар, шартномалардан чиқиш, Беларусда тактик ядровий қуролларни жойлаштириш, янги доктрина, «Орешник» — буларнинг барчаси фақат қўрқув уйғотиш ва жорий сиёсатга таъсир кўрсатиш учун. Бу тактик қадамлар ОАВ ва жамоатчиликни хавотирга солади, шубҳа ва қўрқув пайдо қилади. Жамоатчилик эса ўз навбатида Ғарб давлатларидаги сайланадиган сиёсатчиларга таъсир кўрсатади. Москва бундай стратегия иш беришига умид қилмоқда.
Мавзуга оид
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024