Жаҳон | 21:25 / 22.11.2024
10686
2 дақиқада ўқилади

Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди

Пентагон «кўплаб ядровий душманлар Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари хавфсизлигига таҳдид қилаётгани» туфайли ядро стратегиясини ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.

Фото: AP

Қўшма Штатлар «ядровий душманларнинг кучайиши» фонида ядровий тийиб туриш стратегиясини ўзгартиришга қарор қилди.

Пентагон таъкидлаганидек, «кўплаб ядровий душманлар Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари хавфсизлигига таҳдид қилади», шу сабабли ядро стратегиясини «ўзгартириш» зарур эди, деб хабар берди «Америка Овози».

Мудофаа вазирининг ядро ва оммавий қирғин қуроллари сиёсати бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ричард Жонсон буни «Хитой ва Россиянинг ядровий салоҳияти ортиб бораётгани ҳамда ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича келишувлар йўқлиги нуқтаи назаридан» ядровий тийиб туриш воситаси эканини тушунтирди.

Унинг аниқлик киритишича, Мудофаа вазирлиги Ядро хавфсизлиги миллий бошқармаси билан ҳамкорликда ядровий тийиб туриш ва мослашувчанликни кучайтириш, шунингдек, хавфларни камайтириш бўйича чоралар кўрган.

«2030 йилларга тайёр бўлиш учун биз ядровий кучларимизни, қўмондонлик ва бошқарув тизимини ва инфратузилмани модернизация қилишимиз керак, бу бизга мослашувчан бўлиш ва янги чақириқлар, таҳдидлар ёки ўзгаришларга мослашиш имконини беради», деди Стратегик барқарорлик қўшма штаби директори ўринбосари Грант Шнайдер.

Шунингдек, ўзгаришлар доирасида қитъалараро баллистик ракеталар учирадиган ядровий сувости кемаларининг тайёргарлиги оширилган.

19 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг янги ядровий доктринасини тасдиқлади. Унга ядровий бўлмаган воситалар, шу жумладан дронлар билан Россияга оммавий ҳаво ҳужуми уюштирилса, ядровий жавоб зарбасини бериш ҳуқуқи ҳақидаги банд киритилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид