Жаҳон | 14:17 / 22.11.2024
4305
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида

Венгрия мудофаа вазирининг таъкидлашича, Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг эскалация хавфи ҳар қачонгидан ҳам катта. Будапешт барча вариантларга тайёрланиш ниятида.

Фото: Javier Cebollada/epa/picture alliance

Венгрия мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида, Украина билан чегарага яқин ҳудудда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўрнатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 20 ноябр, чоршанба куни кечки пайт мамлакат мудофаа вазири Кристоф Салай-Бобровницкий маълум қилди. «Биз тинчликка ҳарбий йўл билан эмас, балки имкон қадар тезроқ дипломатия йўли билан эришилишига ишонишда давом этамиз», деди мудофаа идораси бошлиғи ўзининг Facebookʼдаги саҳифасида Украинадаги воқеаларни муҳокама қилиш учун бош вазир Виктор Орбан томонидан чақирилган Мудофаа кенгаши йиғилишидан сўнг эълон қилинган видеода. «Бироқ, барча сценарийларга тайёргарлик кўриш учун мен шимоли-шарқда яқинда сотиб олинган ҳаво ҳаракатини бошқариш ва ҳаво мудофаа тизимларини ўрнатишни буюрдим», деди вазир.

Вазир: Уруш эскалацияси хавфи ҳар қачонгидан ҳам жиддий

У бу қарорини Украинанинг Россияга чуқур зарба бериш учун ATACМS Америка ракеталаридан фойдаланиши фонида можаронинг кучайиши таҳдиди билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг авж олиш хавфи ҳар қачонгидан ҳам катта.

Вазир Венгрия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг қайси қисмлари мамлакат шимоли-шарқида ўрнатилишига аниқлик киритмади. 2023 йилда Венгрия Франциянинг «Мистрал» ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олди. 2020 йилда Будапешт Норвегиянинг Kongsberg компанияси ва Американинг қурол ишлаб чиқарувчи Raytheon Technologies компаниясидан NASAMS ҳаво мудофаа тизимларини харид қилган.

Отабек Матназаров
Муаллиф Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид