Жаҳон | 14:38 / 23.11.2024
3458
9 дақиқада ўқилади

АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Яқин Шарқдаги вазият

Исроил армиясининг Ғазо секторида амалга оширган ҳужумлари натижасида камида 17 киши ҳалок бўлди, кўплаб одамлар яраланди. Ғазо шаҳридаги «Ал-Аҳлий» баптистлар шифохонаси раҳбарияти маълумотига кўра, Шужайе маҳалласини бомбардимон қилиш ортидан, шифохонага саккизта жасад ва бир қанча жароҳатланганлар олиб келинган.

Исроил армияси Байт Лаҳиядаги Камол Адван шифохонасига ҳам яна бир бор ҳужум уюштирган.

Исроил армияси Ливан пойтахти Байрутнинг жанубий Даҳия ҳудудига бир қатор кучли авиаҳужумлар амалга оширди.

Ливаннинг расмий NNA ахборот агентлиги хабарига кўра, 22 ноябр, жума куни Ҳадис маҳалласи бомбардимон қилинган.

Аввалроқ, Исроил армияси матбуот котиби Авиҳай Адраи Ливандаги Ҳадес ва Ҳурайк маҳаллаларига қаратилган эвакуация талаблари ва ҳавфли бинолар харитасини эълон қилган эди.

Бундай тиним билмас ҳужумлар Ғазо ва Ливандаги вазиятни янада кескинлаштириб, инсонпарварлик инқирози хавфини кучайтирмоқда.

Ҳамас АҚШ ветосидан норози

Ҳамас АҚШнинг БМТ Хавфсизлик кенгашида Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, маҳбусларни озод қилиш ва очарчиликнинг олдини олиш тўғрисидаги резолюцияга тўртинчи марта вето қўйишини «геноцидни қўллаб-қувватлашга қаратилган тажовузкор қарор», дея баҳолади.

«Бу қарор АҚШ Исроилнинг фақат Ғазо секторидаги ҳужумлари, болалар ва аёлларнинг қирилиши, тинч аҳоли ҳаётининг вайрон бўлишини қўллаётганини эмас, балки геноцид ва этник тозалаш жиноятларида ҳам бевосита жавобгар эканини тасдиқлайди», — дейилади ҳаракат баёнотида.

Ҳамас АҚШнинг резолюцияга ветоси Ғазо секторидан Исроил қўшинларини олиб чиқиш ва фаластинликларни ҳуманитар инқироздан қутқаришга қаратилган уринишларга тўсқинлик қилишини кескин қоралади. Баёнотда таъкидланишича, Ғазо, айниқса унинг шимолий қисмида бир неча ойдан бери давом этаётган ҳужумлар АҚШ қўлловида амалга оширилмоқда.

Ҳамасга кўра, АҚШ бу қарори билан Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини янада авж олдиради ҳамда Ғазода давом этаётган ҳуманитар фалокатга шароит яратади.

Исроилда конституциявий инқироз хавфи

Исроилда бир қатор нодавлат ташкилотлар миллий хавфсизлик вазири, ултраўнг миллатчи Итамар Бен-Гвирни истеъфога чиқаришни талаб қилиб, Олий судга мурожаат қилган.

Бош прокурор Гали Баҳарав-Миара бош вазир Биньямин Нетаняҳуга хат йўллаб, Бен-Гвирни лавозимидан бўшатишни таклиф қилди. Бош прокурор вазирни полиция ишларига сиёсий аралашувда, кадр масалаларини сиёсийлаштиришда ва ҳуқуқ-тартибот идоралари нейтраллигини бузувчи кўрсатмалар берганликда айблади.

Бен-Гвир бу айбловларни рад этди ва бош прокурорни сиёсий манфаатларга хизмат қилишда айблаб, унинг истеъфосини талаб қилди. Агар унинг партияси «Оцма Йеҳудит» ҳукуматдан чиқиб кетса, Нетаняҳу Кнессетдаги кўпчиликни йўқотиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, агар Олий суд Бен-Гвирни лавозимидан бўшатишни талаб қилса ва Нетаняҳу бу қарорни рад этса, Исроил конституциявий инқироз остонасида қолиши мумкин.

Нетаняҳуни ушлашга рози давлатлар

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан Ҳаагадаги Халқаро жиноят судининг ордери чиқарилгани эълон қилингач, кўплаб давлатлар уни ушлаб судга топширишга тайёрлигини маълум қилди.

Халқаро жиноят суди ордерини қўллаб-қувватлаган давлатлар қаторида қуйидагилар бор:

Испания, Белгия, Нидерландия, Франция, Италия, Буюк Британия, Норвегия, Швеция, Ирландия, Австрия ва Швейцария.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррел Ҳаага судининг қарорини бажариш Рим статутини ратификация қилган давлатлар учун мажбурий эканини таъкидлади.

Албатта, ордерга қарши чиққан давлатлар ҳам бор. ХЖС қарорини қоралаган давлатлар ҳозирча иккита: АҚШ ва Венгрия.

Доналд Трампнинг бўлажак маъмурияти учун миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи этиб танланган Майк Уолц Ҳаага судига қарши «АҚШнинг кескин муносабати»ни ваъда қилди.

Россия банкларига қарши санкциялар

АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириб, Газпромбанк дохил яна 50 дан ортиқ банкларни, шунингдек, бир қатор юқори мартабали молиявий амалдорларни санкциялар рўйхатига киритди.

АҚШ Молия вазирлиги қошидаги Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси Россияга қарши санкцияларнинг кенгайтирилганини эълон қилди. Янги рўйхатга 50 дан ортиқ Россия банклари, 40 қимматли қоғозлар реестратори ва молия соҳасидаги 15 шахс киритилди.

Жумладан, Газпромбанк ва унинг олти хорижий филиали санкцияларга тушган. АҚШ Молия вазирлиги маълумотига кўра, бу банк Россиянинг ҳарбий жиҳозларни харид қилиш ва ҳарбийларга тўловлар амалга ошириладиган асосий молиявий канал ҳисобланади. Аввалроқ Газпромбанк Буюк Британия, Австралия, Канада ва Янги Зеландия санкцияларига ҳам тушган эди.

Шу билан бирга, АҚШ Молия вазирлиги АҚШ фуқароларига Газпромбанк орқали Россиянинг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари билан боғлиқ транзакцияларни амалга оширишга рухсат берди.

Санкциялар рўйхатига бир неча бошқа банклардан ташқари Россия Марказий банкининг юқори мартабали ходимлари, жумладан, биринчи ўринбосарлар Владимир Чистюхин ва Дмитрий Тулин, раис ўринбосари Ольга Полякова ҳам санкцияларга тушган. Шунингдек, ВТБ банкининг Хитойдаги бир нечта ходимлари ҳам рўйхатга киритилган.

Газпромбанк 2014 йилдан бери АҚШ ва Европа Иттифоқининг секторли санкциялари остида бўлиб, унга узоқ муддатли молиявий ресурсларга кириш тақиқланган. 2022 йилда эса Газпромбанк раҳбарларига АҚШга кириш тақиқланган.

Аскар эвазига технология

Шимолий Корея ўз аскарларини Украинадаги урушга юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва зенит ракеталари олган. Бу ҳақда Жанубий Корея миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Шин Вон Сик маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Пхенян яқин орада Москвадан сунъий йўлдош дастурларини ривожлантириш учун ҳарбий технологиялар ҳам қўлга киритади.

BBC хабарига кўра, Россия бугунги кунгача КХДРга 1 миллион баррелдан ортиқ нефт етказиб берган. Экспертларнинг фикрича, бу нефт Украинадаги шимолий кореялик аскарларга хизмат ҳақи сифатида қўлланмоқда.

Зеленскийга кўра, Россияга юборилаётган Шимолий Корея қўшинларининг сони келгусида 100 минг нафарга етиши мумкин.

АҚШ ядро стратегиясини ўзгартирди

Қўшма Штатлар «ядровий душманларнинг кўпайиши» фонида ўз ядровий тийиб туриш стратегиясини қайта кўриб чиқишга қарор қилди.

Пентагон маълумотларига кўра, Хитой ва Россия ядровий салоҳиятини ошираётгани, шунингдек, ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича келишувларнинг йўқлиги янги стратегия зарурлигини кун тартибига қўйган.

Мудофаа вазирининг ёрдамчиси ўринбосари Ричард Жонсоннинг сўзларига кўра, «2030 йилларга тайёр бўлиш учун» АҚШ ўз ядровий кучлари ва инфратузилмасини модернизация қилиши керак. Стратегик ўзгаришлар доирасида ядровий сувости кемаларининг тайёргарлиги кучайтирилган.

19 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатга қилинган ҳужумга ядровий жавоб бериш ҳуқуқини кучайтирувчи янги ядровий доктрина тасдиқлаган эди. Унга кўра, ядровий бўлмаган оммавий ҳужум ҳолатида ҳам Россия ядровий зарба бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Россияга мигрантлар зарур

Россия мигрантларга муҳтож. Демографик вазиятнинг ёмонлашуви фонида Россия меҳнат бозорида ишчи кучи етишмовчилиги юзага келмоқда. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков 22 ноябр куни меҳнат миграциясининг аҳамияти ҳақида шундай баёнот берди:

«Мигрантлар — бу зарурат. Мамлакатимиз жуда катта, аммо аҳоли сони оз. Бизга ишчи қўллар керак», — деган Песков.

Шу билан бирга, у меҳнат миграциясига оид жиноятларнинг олдини олиш мақсадида, бу борада қатъий тартиб ўрнатилиши лозимлигини қўшимча қилди.

Россияда меҳнат бозоридаги танқислик кескин кучайган. Hh платформасининг июль ойидаги ҳисоботига кўра, мамлакатда вакансияларнинг учдан икки қисмида етарли номзодлар топилмаган. Ҳар иккинчи лавозим бўйича ишчи кучи етишмаётгани кўзга ташланмоқда.

Шунга қарамай, мамлакатнинг 20 га яқин ҳудудида губернаторлар мигрантлар фаолиятини чеклаш бўйича чораларни кучайтирмоқда. Масалан, Новосибирск областида хорижликларга болалар боғчасида ишлаш тақиқланган, Сахалинда мигрантларга таксичи бўлиш ва умумий овқатланиш ҳамда савдо соҳаларида ишлаш ман қилинган.

Аввалроқ Россия компанияларининг 53 фоизи ишчи кучи етишмовчилигидан шикоят қилаётгани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид